Жаҳон | 20:21 / 13.04.2024
11922
2 дақиқада ўқилади

Эрон махсус кучлари исроиллик миллиардерга тегишли кемани қўлга олди

Кема исроиллик миллиардер Эял Офер компаниясига тегишли. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Эронни қароқчиликда айблади.

Фото: AP

Эрон Ҳурмуз бўғозида Португалия байроғи остидаги MSC Aries контейнер ташувчи кемани қўлга олди.

Кема Бирлашган Араб Амирликларидан Ҳиндистонга сузиб кетаётган эди. Қўлга олингандан сўнг, танкер Эрон ҳудудий сувларига йўл олган.

MSC Aries кемаси исроиллик миллиардер Эял Офернинг Zodiac Group компанияси таркибига кирувчи Лондоннинг Zodiac Maritime компаниясига тегишли.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Эронни қароқчиликда айблади ва жаҳон ҳамжамиятини Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (ИИҚК) террорчи ташкилот деб эълон қилишга чақирди.

Ҳужумдан кейин Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) вакили Эрон «вазиятни янада кескинлаштиришга қаратилган қарорлар учун жавобгар бўлишини» айтди. Бироқ ЦАҲАЛ вакили воқеани тўғридан-тўғри тилга олмади.

Исроил 1 апрел куни Эроннинг Суриядаги консуллигига ракета зарбасини берди, оқибатда бир неча юқори мартабали ИИҚК зобити ҳалок бўлди. Теҳрон бу ҳаракатларга жавоб қайтаришга ваъда берди.

Эрон мунтазам равишда ўз қирғоқларида кемаларни қўлга олади. 2024 йил январ ойида Американинг St.Nikolas нефт танкери Уммон кўрфазида қўлга олинди. Эрон ҳукумати танкер «суд қарорига асосан» ҳибсга олинганини маълум қилди.

Мавзуга оид