Жаҳон | 22:32 / 13.04.2024
13006
2 дақиқада ўқилади

Ғарбий Соҳилда исроилликлар ва фаластинликлар тўқнашди

Қуддуслик 14 ёшли яҳудий ўсмирнинг ўлдирилиши оқибатида тартибсизликлар юз берди. Ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар бор.

Фото: Jaafar ASHTIYEH / AFP

Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида 14 ёшли яҳудий ўсмирнинг ўлдирилиши оқибатида исроилликлар ва фаластинликлар тўқнашди. Ўнлаб одамлар жароҳат олди. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) минтақага қўшимча ҳарбий кучларни киритди, деб ёзди The Times of Israel.

«Ҳозир Яҳудия ва Самарияда (Ғарбий Соҳил) жойлашган ҳарбий кучларга қўшимча равишда ҳудуддаги тартибни кучайтириш учун ҳарбийлар ва полиция юборилди», дейилади хабарда.

Қуддуслик 14 ёшли яҳудий ўсмирнинг ўлдирилиши ҳақида бир кун олдин маълум бўлди. Исроил разведка хизмати маълумотларига кўра, у теракт оқибатида ҳалок бўлган. Ўсмирнинг ўлдирилиши ҳақидаги хабарлар ортидан исроиллик кўчкиндилар Рамаллоҳ шимоли-шарқидаги ал-Муғайир қишлоғига кириб, уйлар ва машиналарни ёқиб юборган. Камида бир фаластинлик ҳалок бўлган, уч киши яраланган. Фаластиннинг расмий Wafa ахборот агентлигига кўра, исроиллик кўчкиндилар яқин атрофдаги Дума қишлоғидаги бир неча фаластинликларнинг уйларига ўт қўйган.

Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант ижтимоий тармоқда исроилликларга қарата шундай ёзди: «Мен жамоатчиликка мурожаат қиламан: хавфсизлик кучларига террорчиларни овлашда тезкор ҳаракат қилиш имконини беринг. Қасос олиш ҳаракатларингиз аскарларимизга ўз миссиясини бажаришни қийинлаштиради. Сиз қонунни ўз қўлингизга ололмайсиз».

Ғарбий Соҳилдаги вазият 7 октябр куни Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери ёмонлашди. Фаластин жангарилари Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 га яқин одамни ўлдирган ва 253 кишини гаровга олганидан кейин Исроил ҲАМАС ҳаракатига қарши уруш эълон қилди. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шундан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Мавзуга оид