Ўзбекистон | 20:00 / 13.04.2024
13185
9 дақиқада ўқилади

Мигрантларга компенсация, блогерлар кўтарган шов-шув ва тақиқланадиган вейплар — ҳафта дайжести

Юридик шахсларнинг автомобил импорт қилиши тартиби ўзгаргани айтилмоқда. Кадастри йўқ ҳовлиларни қонунийлаштиришга рухсат берилади. Қашқадарёда прокуратура терговчиси 5 минг доллар билан ушланди. Электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари сотуви тақиқланиши мумкин. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Президентнинг Жиззахга ташрифи

Ўзбекистонда автомобилсозлик соҳасига келгуси уч йилда 1 млрд доллар инвестиция жалб қилиш, бу орқали ишлаб чиқариш қувватларини қўшимча 100 мингтага ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини эса 50 фоизга етказиш режалаштириляпти. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи вақтида маълум қилинди.

Давлат раҳбари Roodell компанияси томонидан ташкил этилган “ADM Jizzakh” заводини бориб кўрди. Хабар қилинишича, бу ерда охирги уч йилда Kia, Chery ва Haval брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобил йиғилган. Биринчи босқичда ишлаб чиқариш йирик узелли йиғиш асосида ташкил этилган, шу йил март ойидан бошлаб янги технологик қувватлар ишга туширилган. Президент заводда ишлаб чиқариш бошланган янги Kia Sonet автомобили билан танишди, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ташриф давомида Фориш туманида 500 MW қувватга эга, қиймати 350 млн долларлик қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди. Шунингдек, Ғаллаоролда 500 млн долларлик металлургия комплекси қурилиши бошланди. Вилоятни ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда Айдар-Арнасой кўллар тизимида туризмни ривожлантириш, бунинг учун ҳукумат комиссияси тузиш бўйича топшириқ берилди. Сентябр ойидан бошлаб Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини Жиззах шаҳри билан боғловчи “Иржар – Дўстлик – Жиззах” йўналишида тепловоз қатнови йўлга қўйиладиган бўлди. Вилоятда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш учун 309 та маҳаллага етакчи тадбиркор-экспортчилар бириктирилиши белгиланди.

Чекловлар электромобиллар нархига таъсир қилди

Автомобилсозлик мавзуси ҳукумат йиғилишлари билан бирга, ижтимоий тармоқларда ҳам кўп ва хўп муҳокама қилиняпти. Ҳафта давомида икки нафар автоблогер маҳаллий автосаноатни ҳимоя қилиш, бунинг учун импортни бўғиш кераклигини айтиб чиқиши, бу фикрга қарши бўлганларни калтафаҳмликда айблаши тармоқда шов-шувни келтириб чиқарди. Бунинг ортидан жамоатчилик вакиллари бу блогерларнинг UzAuto Motors билан ҳамкорлик қиладиган пиар-компания билан шартномаси борлигига эътибор қаратди.

Kun.uz борган сари илдиз отаётган протекционизм ва унинг тарафдорлари томонидан тез-тез тилга олинадиган мифлар ҳақида АҚШда илмий фаолият олиб бораётган иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат ташкил этди. Мутахассислар суҳбат давомида “валюта четга чиқиб кетади” ёки “иш ўринлари йўқолади” деган хавотирлар нега асоссиз экани, давлат нима учун бизнес билан шуғулланмаслиги кераклиги, импортга чеклов қўйиш қандай қилиб экспортга ҳам тушов бўлиши, ўзи умуман нега импортнинг кўплиги ваҳима қиладиган нарса эмаслигини тушунтириб беришди. Суҳбатни YouTube саҳифамизда томоша қилинг.

Ҳафта давомида маълум бўлишича, 1 апрелдан деб режа қилинган, лекин ҳозирча расман эълон қилинмаган чекловлар амалда кучга кириб бўлган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда #erkinraqobat ва #erkinraqobattarafdorimiz ҳештеглари остида очиқ мурожаат билан чиққан ўнга яқин автосалонлар раҳбарлари маълум қилишди. Расман Техник тартибга солиш агентлигининг ташаббуси дейилаётган янги чеклов божхонадан ўтказиш тартиби ва мувофиқлик сертификати билан боғлиқ. Бу чекловлар айниқса электромобиллар бозорига энг кўп таъсир қилди. “Автострада” хабарига кўра, март ойида 17-18 минг долларга сотилган айрим моделлар нархи ҳозирда 19500 доллардан бошланади. Жамоатчилик фаоллари жорий этилаётган янги чекловнинг қанчалик қонуний эканини савол остига олмоқда.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига – “амнистия”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Қонун кейинги босқичлардан ўтиб кучга кирса, фуқароларга ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларини муайян шартлар асосида қонунийлаштиришга рухсат берилади. Бунда ер участкасининг ўзига нисбатан ижара ҳуқуқи, шу участкада жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан эса мулк ҳуқуқини олиш мумкин бўлади.

Адлия вазирлиги изоҳига кўра, 2016 йилдан ҳозиргача 5 марта эълон қилинган “акциялар”да ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган. Янги қонун эса 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектарга тенг ер участкалари тақдирини белгилаб беради. Ноқонуний уй-жойларни қонунийлаштириш орқали прописка, моддий ёрдам, мактаб, боғча ва коммунал хизматлар соҳаларида юзага келаётган айрим муаммоларни ҳал этиш мақсад қилинган.

Меҳнат миграцияси бўйича фармон

Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси бўйича янги фармонни имзолади. Ҳужжат билан, 2024 йил 1 июндан бошлаб, “Хорижда иш” порталида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга имтиҳон, виза ва йўл чиптаси харажатларининг бир қисми қоплаб бериладиган бўлди: хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш учун қарийб 1 млн сўмгача, “ишчи виза” расмийлаштириш учун 1,7 млн сўмгача, йўл чиптаси учун эса 680 минг сўмгача компенсация тўланади.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 сентябрга қадар хорижда вақтинча ишлаётган юртдошларга ёрдам кўрсатиш учун тун-у кун ишлайдиган колл-марказ ташкил этилади. Колл-марказга чет элдан туриб бепул қўнғироқ қилиш имконияти яратилади. Шунингдек, мигрантлар учун мобил илова яратилиб, унда ўзбекистонликлар кўп борадиган давлатлар ва у ердаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар жойлаштирилади. Қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошлар илова орқали ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиши мумкин бўлади.

2024 йил 1 июлдан эътиборан, хусусий бандлик агентликларига фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат берилади. Бунда фуқаролар тўлаган маблағлар банклардаги махсус ҳисобварақда сақланади, агентлик ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганидан кейингина унинг ҳисобварағига ўтказилади. Бундан ташқари, 2024 йил 1 июндан бошлаб меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхоналарга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қарши тумани прокуратураси терговчиси пора билан қўлга тушди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, у жиноят иши бўйича айбдор шахсга енгиллик қилиб бериш эвазига 5 минг доллар олган. Ангрен шаҳрида эса ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходими наркотик савдосига аралашгани учун қамоққа олинди. Унинг Cobalt автомобилидан гашиш гиёҳвандлик моддаси топилган. Орган ходими ўз жиноий шериги билан бирга гашишни сотмоқчи бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимлари муомаласи тақиқланиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақдаги қонун лойиҳасини муҳокамага чиқарди. Унда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни маъмурий ва жиноят кодексларига киритиш таклиф этилган. Таҳлилларга кўра, электрон сигареталарни чекувчи ўсмирлар ва ёшлар сони катта ёшдагиларга нисбатан уч баробар кўп. 2023 йилдаги рейдлар вақтида мактаб ўқувчиларидан мингдан ортиқ электрон сигареталар олиб қўйилган.

Ўзбекистон аҳолиси ўртача неча ёшда экани маълум қилинди. Статистика агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёш 29 ёшни ташкил этган. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 74,7 ёшни ташкил этади. Маълум қилинишича, Ўзбекистонда аёллар ўртача 77 йил, эркаклар эса 73 йил умр кўряпти.

Россиянинг Самара вилоятида Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобус ҳалокатга учради. Чимкентдан йўлга чиққан, Нижний Новгородга қараб кетаётган автобус 8 апрелга ўтар кечаси Самара вилоятининг Кинел туманида йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетган. Scania русумли автобусда ҳодиса вақтида 66 нафар йўловчи бўлган, уларнинг 20 дан ортиғи жароҳатланган, 2 нафари ҳалок бўлган. Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси билан жиноят иши қўзғатди.

Тошкентда экстремистик гуруҳларга қўшилишда гумонланган бир қатор шахслар қўлга олинди. Уларнинг уйларида 45 та тергов-тинтув тадбирлари ўтказилган. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, 2024 йилнинг уч ойи давомида диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 50 та жиноят иши ва 188 та маъмурий иш қўзғатилиб, 264 киши жавобгарликка тортилган. Аввалроқ, Москвадаги терактдан кейин, президент Шавкат Мирзиёев жамоат тартибини сақлаш бўйича чораларни кучайтириш бўйича топшириқ берганди.

Мавзуга оид