Ўзбекистон | 10:31 / 13.04.2024
4233
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи чоракда 318 киши шилқимлик учун жавобгарликка тортилди

Йилнинг дастлабки уч ойида 318 киши шаҳвоний шилқимлик қилиш айби жавобгарликка тортилган. Яна 40 киши шахс шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганликда айбдор деб топилди.

2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Олий суд хабарига кўра, ушбу шахсларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 344 нафарига жарима жазоси, 1 999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Мавзуга оид