Тошкентда икки автобус ҳайдовчиси ўртасида ўзаро жанжал юз берди
Ҳайдовчилардан бири белгиланган ҳаракат жадвалига риоя қилмасдан бошқа ҳайдовчининг автобусидан олдин ҳаракатни бошлаб юборган. Буюк Ипак Йўли кўчасидаги жанжал туфайли ҳайдовчи бошқа автобуснинг калитини олиб кетиб қолган.
Тошкент шаҳрида 1-автобус йўналишининг икки ҳайдовчиси ўртасида келишмовчилик содир бўлди. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
2024 йил 12 апрел куни соат 20:05 ларда «5-автобус саройи» филиали тасарруфида бўлган «MAN А22» русумли 1-йўналиш бўйлаб ҳаракатланадиган автобус ҳайдовчиси Р.Ў. ва 1-йўналишда ҳаракатланувчи «MAN А22» русумли автобус ҳайдовчиси М.Ф. ўртасида можаро келиб чиққан.
Хабарда айтилишича, М.Ф. белгиланган ҳаракат жадвалига риоя қилмасдан Р.Ў. бошқарувидаги автобусдан олдин «БИЙ» бекатидан «Югнакий мавзеси» бекати томон ҳаракатни олдин бошлаб юборгани сабабли Мирзо Улуғбек тумани Буюк Ипак Йўли кўчаси «Саёҳат» бекати қаршисида ўзаро жанжал юзага келган ва ҳайдовчи Р.Ў. ҳайдовчи М.Ф. бошқарувида бўлган «MAN А22» русумли автобуснинг калитини олиб кетиб қолган.
Мазкур ҳолатдан хабар топган «5-автобус саройи» мутасаддилари тезкорлик билан йўналишга чиқиб, автобуснинг калитини ҳайдовчига етказган ҳамда автобус ўз йўналишида ҳаракатланиб йўловчиларни белгиланган манзилга олиб борган.
Шундан сўнг, ушбу икки автобус «5-автобус саройи» филиали ҳудудига олиб келинган ва ҳайдовчилар билан бўлган воқеа юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. Шунингдек, йўналиш давомида автобусда йўловчилар бўлишига қарамасдан ушбу автобуснинг калитини олиб кетиб, йўловчиларнинг кутиб қолишига сабаб бўлгани ва корхона ички меҳнат тартибини бузгани учун ҳайдовчи Р.Ў.га нисбатан қатъий интизомий чора кўрилиши маълум қилинди.