Жаҳон | 08:14 / 15.04.2024
4930
3 дақиқада ўқилади

Германия ташқи ишлар вазири Эронга қарши санкцияларни кенгайтиришга чақирди

Анналена Бербок Эроннинг Исроилга ҳужуми фонида Ислом Республикасига қарши жазо чораларини кенгайтириш зарур деб ҳисоблайди.

Фото: Matthias Schrader/AP/picture alliance

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ислом Республикасининг Исроилга ҳужуми муносабати билан Эронга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга чақирди. Бу ҳақда у 14 апрел, якшанба куни ARD ижтимоий-ҳуқуқий телеканалидаги Brennpunkt дастури эфирида айтди.

Германия дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, Европа Иттифоқи аллақачон Теҳронга Россияга учувчисиз учоқлар етказиб бергани учун санкциялар киритган, бироқ у жазо чораларини кенгайтириш учун «фаол кампания олиб бормоқда». «Биз унинг (Эрон) ҳаракатлари қанчалик хавфли эканини кўряпмиз», деди Бербок Эроннинг Исроилга ҳужумини изоҳлар экан. 

Жозеп Боррел ЕИ ташқи ишлар вазирлари фавқулодда йиғилишини чақирди 

Аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Эроннинг Исроилга ҳужуми муносабати билан Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларини фавқулодда йиғилишга чақирди. У 16 апрел куни бўлиб ўтиши керак. «Бизнинг мақсадимиз – вазиятни юмшатиш ва минтақа хавфсизлигига ҳисса қўшиш», деди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари. 

Европа Иттифоқи «Эроннинг учувчисиз учоқлар ва ракеталар ёрдамида Исроилга қилган ҳужумларини кескин қоралайди. Бу мисли кўрилмаган кескинлашув ва минтақавий хавфсизликка таҳдид», деб таъкидлади Боррел. У барча томонларни «максимал вазминлик»га чақирди. 

Германия Эрон ҳужумини қоралади

Эроннинг «Бажарилган ваъда» операцияси Сурияда икки юқори мартабали эронлик зобитнинг ўлдирилишига жавоб бўлди. 1 апрел куни Исроилнинг Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳужуми оқибатида 16 киши, жумладан, эронлик икки бригада генерали ҳалок бўлди. Халқаро ҳамжамият Яқин Шарқда кенг кўламли уруш хавфидан хавотирда.

Ғарб давлатлари Эроннинг ҳаракатларини кескин қоралади. «Бу масъулиятсиз ва асоссиз ҳужум билан Эрон минтақавий урушни қўзғатиш хавфини туғдиради», деди Германия канцлери Олаф Шолц ва Германия Исроил билан қатъий туришига ишонтирди. Ўз навбатида, Анналена Бербок «бутун минтақани тартибсизлик ҳолатига олиб келиши мумкин бўлган» Эрон ҳужумини кескин қоралади. 

Мавзуга оид