Жаҳон | 19:36 / 15.04.2024
19420
2 дақиқада ўқилади

Гуржистон парламентида «чет эл агенти» тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш бошланди. Илк йиғилишдаёқ муштлашув рўй берди

Бу ҳужжатга қаршилар уни «рус қонуни» деб аташади.

Фото: Видеодан кадр

15 апрел куни Гуржистонда парламент «Чет эл таъсирининг шаффофлиги» тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади, бу Россиядаги «иноагентлар» тўғрисидаги қонуннинг муқобилидир.

Биринчи куни ҳужжат юридик масалалар бўйича қўмита йиғилишида кўриб чиқилди. Бу жараён муштлашув туфайли тўхтаб қолди: парламентдаги кўпчилик етакчиси Мамуки Мдинарадзе чиқиш қилаётган чоғда унга мухолифатдаги «Фуқаролар» партияси раҳбари Алеко Элисашвили ҳужум қилди. Кейин муштлашувга бошқа депутатлар ҳам қўшилди.

Қонун лойиҳаси кўриб чиқилиши бошланиши фонида Тбилисида оммавий норозилик акциялари бошланди.

Қонун лойиҳаси парламентга ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси томонидан киритилган. Ҳужжат муаллифларига кўра, у фақат чет элдан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган. Мухолифат ҳукумат ундан аввал Россияда кузатилгани каби мустақил ОАВга босим ўтказишда фойдаланмоқчи эканини тахмин қилмоқда. Бу ҳужжатга қаршилар уни «рус қонуни» деб аташмоқда.

Қонун лойиҳаси илк бор 2023 йил бошида парламентга киритилганди ва биринчи ўқишда қабул қилинганди. Аммо оммавий норозилик акцияларидан кейин у қайтарилганди.

Гуржистон президенти, ҳукуматга мухолиф бўлган сиёсатчи Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйишга ваъда берган. Шу билан бирга, ҳукмрон коалиция парламентда президент ветосини бекор қилиш учун етарли овозга эга.

АҚШ Давлат департаменти Гуржистон расмийларининг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни қабул қилишга бўлган янги уриниши мамлакатни евроинтеграциядан узоқлаштиришида хавотир билдирган.

Мавзуга оид