Ўзбекистон | 17:34 / 16.04.2024
11627
4 дақиқада ўқилади

“Юнусобод тумани ҳокими билдирган таклифларни мутлақо қўллаб-қувватламаймиз” – Тошкент кимё-технология институти

Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиев Кимё-технология лицейи 30 фоиз қувватда ишлаётганини, 70 фоизи бўш бўлгани сабаб ҳудуддаги 3 та ер участкаси сотилишини маълум қилганди. Тошкент кимё-технология институти раддия билдирди. Қайд этилишича, ҳозирда лицейнинг бинолари қувватидан тўлиқ фойдаланилмоқда. Ҳоким “ўлик ва фойдаланилмаётган ҳовуз” деб атаган ҳудудда талабалар учун ётоқхона қурилиши белгиланган.

9 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг Юнусобод туманига ташрифи чоғида туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев ҳудудда жойлашган Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей негизида қайтадан мактаб ташкил этишни таклиф қилганди. У 2007 йилда 960 ўринли мактаб биноси академик лицейга берилгани, аммо шунга қарамай, у атиги 30 фоиз қувват билан ишлаётганини таъкидлаганди.

Тошкент кимё-технология институти бунга раддия билдирди. Институт матбуот котиби Эгамназар Абулбоқиевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, туман ҳокимининг бу академик лицейга ташриф буюргани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас, ҳозирда таълим муассасасининг биноси тўлиқ қувватда ишлаб келмоқда.

Қайд этилишича, Юнусобод тумани 3-мавзе 7-уй манзилида жойлашган Тошкент кимё-технология институтининг академик лицейи умумтаълим мактаблари нормативларига мувофиқ 1974 йилда барпо этилган. Унинг ҳар бир синф хонасида ўртача 35 нафар ўқувчи жойлашиши ҳисобга олинган ҳолда 960 ўринли мактаб сифатида ташкил этилган.

Мазкур бинонинг бир қисми (ўртадан тўсилган ва бошқа томондан дарвоза очилган ҳолда) Юнусобод тумани 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига берилган.

Академик лицей учун белгиланган нормативларга кўра, ҳар бир ўқув хонасида ўртача 26 нафар ўқувчи жойлашиши ҳисобига бинонинг академик лицей фаолият кўрсатаётган қисми бугунги кунда 400 ўринни ташкил этади. [Шунинг учун бинода] айни вақтда 268 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бундан ташқари, республика ҳудудларидан келган ўқувчилар учун 120 ўринли ётоқ жойи ҳам ташкил этилган ва ҳозирги вақтда мавжуд биноларнинг қувватидан тўлиқ фойдаланиб келинмоқда”, – дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, ҳоким Баҳодир Абдувалиев айтиб ўтган лицейнинг “ўлик ва фойдаланилмаётган ҳовуз” ҳудудида Тошкент кимё-технология институти талабалари учун ётоқхона қуриш белгиланган. Бу ташаббус 2023 йилда Тошкент шаҳар ҳокими ҳузурида муҳокама қилинган ва шаҳар ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланган.

Бу ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 июлдаги тегишли қарорига мувофиқ доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонлари рўйхатига киритилган ҳамда мазкур ер участкаси ҳудудида Тошкент кимё-технология институти учун талабалар турар жойини қуриш белгиланган.

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ушбу ҳудудда талабалар турар жойини қуриш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ваколатли идораларнинг тегишли хулосалари берилгандан сўнг лойиҳалаш ва қуриш ишлари белгиланган тартибда амалга оширилади. Шу боис, Тошкент кимё-технология институти Юнусобод тумани ҳокими томонидан билдирилган таклифларни мутлақо қўллаб-қувватламайди ва бу каби таклифларни оммага маълум қилишдан олдин ҳолатни ҳар томонлама пухта ўрганиб чиқишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди”, – дейилади институт берган муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Абдувалиев лицей ҳудудидаги 27,5 сотихли учта бўш ер участкасини “ўлик ва фойдаланилмаётган ҳовуз” деб атаб, унинг аукцион орқали сотилишини ҳамда шу йўл билан 22,5 млрд сўм (1 сотих учун 65 минг доллар) жалб қилиниши кутилаётганини маълум қилганди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров юқоридаги масалага эътибор қаратиб, сотиб юборилган мактаб ерларини қайтариш ўрнига қолганини ҳам сотиш тенденцияси янги тўлқин билан давом этишидан хавотир билдирганди.  

У таълим муассасаси ерлари фақатгина таълим учун фойдаланилиши кераклигини таъкидлаганди.

Мавзуга оид