ИИБ ходими ИИВ госпиталида вафот этди. Марҳумнинг яқинлари шифокорларни айбламоқда
Тошкент тумани ИИБ штаб бошлиғи лавозимида ишлаб келган 34 ёшли Шуҳрат Рустамов Ички ишлар вазирлиги госпиталида оёғини операция қилдирганидан 4 кун ўтиб вафот этди. Марҳумнинг яқинлари унинг ўлимида госпиталнинг тиббиёт ходимлари айбдор дея ҳисоблашмоқда. Улар ҳолат юзасидан тергов ишини олиб бораётган прокуратура терговчисининг ҳаракатсизлигидан ҳам норози.
Ички ишлар вазирлиги госпиталида ИИБ ходими вафот этди. Ҳолат 2023 йилнинг 25 декабр куни содир бўлган: оёғи операция қилинган капитан Шуҳрат Рустамов кутилмаганда соғлиги ёмонлашиб, жонлантириш бўлимида вафот этган. У Тошкент вилояти Тошкент тумани ИИБда штаб бошлиғи лавозимида ишлаётган эди.
Kun.uz’га мурожаат қилган марҳумнинг яқинларига кўра, у ўлимидан бир кун олдин госпитал томонидан гўёки ўзига қилинган, аммо аслида қилинмаган дори-дармонлар рўйхатига имзо қўйиш масаласида шифокор билан тортишиб қолган.
“Укам спортчи йигит эди, футбол бўйича турли мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келарди. Ютуқлари кўп эди.
2023 йилнинг куз ойларида ИИВ тизимидаги футбол мусобақасида иштирок этиб, оёғидан жароҳат олди. 18 декабр куни оёғини операция қилдириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги госпиталига бориб ётди. 20 декабр куни операция бўлди. Ҳолати, кайфияти яхши эди. Деярли ҳар куни гаплашиб турардик. Ўлимидан бир кун олдин ҳам гаплашганман, эртага келинг, госпиталдан чиқаман, шифокорлар яхши қарашмаяпти, деганди.
25 декабр куни эрталаб Бўстонлиқ тумани ИИБдан менга қўнғироқ қилиб, укам жонлантириш бўлимига тушиб қолганини, тезроқ боришим кераклигини айтишди. Дадамни олиб соат 9:30 ларда госпиталга етиб бордим. Аммо борганимда укамнинг жони узилиб бўлганди.
Хонадошининг айтиши бўйича, эрталаб укамнинг тоби бўлмай қолган, ҳамширалар томонидан биринчи тиббий ёрдам яхши кўрсатилмаган, навбатчи шифокорлар ҳам жойида бўлмаган. Тиббиёт ходимлари хизмат фаолиятига совуққонлик билан қарашган, ўз касбий вазифасини вақтида амалга оширмаган”, дейди марҳумнинг акаси Ахмаджон Рустамов.
Шуҳрат Рустамовнинг дадаси Равшан Рустамовнинг айтишича, шифокорлар ўғлига аслида қилинмаган дори-дармонлар рўйхатига имзо қўйдириб олишга ҳаракат қилишган.
“Вафотидан бир кун олдин кечқурун видеоалоқа орқали суҳбатлашдик. Ўғлим ҳамшира бир варақ дорилар рўйхатини олиб келиб, имзо қўйишни сўраганини, у имзо қўймаганлигини, сабаби мазкур дориларни ўз пулига кўчадан сотиб олиб келганини айтди. Кейин шу имзо масаласида шифокор билан ҳам тортишган. Яъни тиббиёт ходимлари аслида госпитал ҳисобидан қилинмаган дорилар рўйхатини ёзиб, гўёки муоалажа пайтида ушбу дорилар ишлатилганлиги ҳақида ўғлимга имзо қўйдириб олмоқчи бўлишган.
Бундан ташқари, ўғлимнинг тоби қочганида ҳамшира келиб, жойига ётқизиб, юзига сув сепган холос. Сув билан ҳам биринчи тиббий ёрдам кўрсатиладими? Шуҳрат боқувчи болам эди, икки фарзанди етим қолди”, дея таъкидлайди Равшан Рустамов.
Марҳумнинг яқинлари маълум қилишича, ўлим ҳолати юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Терговчидан госпиталдаги ўша кунги видеокамера ёзувларини бир ой ўтмасдан олдин олишни сўрадим. Сабаби, укамга жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига хонасидан ўриндиқли аравачага миндириб олиб чиқиб кетишган. Уни қаерга олиб боришгани, қандай тиббий ёрдам кўрсатишгани менга қоронғи. Агар кузатув камералари ёзувлари бўлса барчасига аниқлик киритиларди. Терговчи камера ёзувларини бир йилдан кейин ҳам ола олишини айтди. Аммо эндиликда ёзувлар ўчиб кетибди, шифокорлар ўз хизмат вазифасини бажаришган экан, демоқда. Неча кундан бери терговчини топа олмаймиз, на қўнғироқларимизга жавоб беради, на иш жойида бўлади. Терговчининг бу каби ҳаракатсизлигидан ҳам норозимиз”, дейди марҳумнинг акаси.
Олмазор тумани ФҲДЁ бўлимидан берилган маълумотномада Шуҳрат Рустамовнинг ўлимига ўпка эмболияси сабаб бўлгани қайд этилган.
Мавзуга оид
11:36 / 04.11.2024
Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига 8 та BYD ва 15 та Damas берилди
17:35 / 25.10.2024
Ўзбекистонда туғилиш камайди, ўлимлар сони эса ошди
17:40 / 23.09.2024
Ўзгартирилган ҳукм ва суд залидан озодлик – ясама жиноятда айбланган аёл очиққа чиқди
18:26 / 16.09.2024