Ўзбекистон | 10:29 / 18.04.2024
4021
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 34,3 млрд сўмлик электр энергияни талон-торож қилган майнинг ферма аниқланди

Сирдарё туманидаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ биносида қарийб икки йил давомида электр энергиядан ноқонуний фойдаланиб келинган майнинг ферма фош этилди. МЧЖ мансабдор шахслари бу даврда Боёвут, Сардоба, Оқолтин ва Гулистон туманлари аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжини қоплаш мумкин бўлган электр энергияни ўғирлашган.  

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, вилоят ички ишлар бошқармаси, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди.

Сирдарё туманидаги чорвачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият биносида хориждан келтирилган жами 107 дона “INNOSILICON T3”, “Whatsminer M21S” ва “ANTMINER S9 BITMAIN” қурилмаларидан фойдаланиб, криптовалюта ишлаб чиқариш билан шуғулланилган. Аниқланишича, ушбу мақсадда 2022 йилнинг апрел ойидан 2024 йилнинг март ойига қадар МЧЖга қарашли электр ҳисоблагичнинг иккиламчи занжирини вақти-вақти билан узиб, ҳақиқатда оқиб ўтаётган қувватни яшириш орқали ҳисоблагич кўрсаткичини сунъий камайтириш йўли билан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига 34 млрд 367 млн сўм миқдорида зарар етказилган.

Қайд этилишича, МЧЖ раҳбарлари томонидан талон-торож қилинган 39,3 млн kWh  электр энергияси вилоятнинг Боёвут, Сардоба, Оқолтин ва Гулистон туманлари аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжини қоплашга етади.

Ҳозирда МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Зангиотада майнинг ферма ташкил этган шахс давлатга деярли 800 млн сўм зарар етказгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид