ЕИ Россиянинг аралашуви учун санкциялар режимини жорий этиши мумкин
Брюссел ва Прага Европарламентга бўлажак сайловларга аралашгани учун Россияга қарши ЕИнинг алоҳида санкцияларини жорий этиш тарафдори бўлиб турибди.
Белгия ва Чехия бош вазирлари Европа кенгаши, Еврокомиссия ва Европарламент раҳбарларига Россия Европа Иттифоқининг демократик жараёнларига аралашгани учун унга қарши алоҳида санкция режимини ўрнатишга чақириқ билан мурожаат қилди. 17 апрел, чоршанба куни Белгия ҳукумати раҳбари Александр Де Кро Х ижтимоий тармоғида ушбу мактуб матнини эълон қилди. «Энди Европа Иттифоқининг Россия зарарли фаолиятига қарши курашишга қаратилган чекловчи чоралари янги режимини ўрнатиш вақти келди», — дейилади мактубда.
Де Кронинг сўзларига кўра, Брюссел ва Прагада Москва бўлажак Европа сайловларига фаол таъсир ўтказиш ва янги Европа парламентида россияпараст позицияни мустаҳкамлашга уринаётганини даъво қилиш учун жиддий асослар бор. «Бундай уринишларни қабул қилиб бўлмайди ва биз демократиямизни ҳимоя этиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди Белгия бош вазири Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИнинг навбатдан ташқари саммити олдидан.
Белгияда россияпараст агентлар тармоғи аниқланди
Мактубда Белгия разведкаси мамлакатда россияпараст разведка тармоғини аниқлаганига ишора қилинади. «Ушбу тармоқ фаолияти, хусусан, Европарламентда россияпараст сиёсатчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Европарламентга кўпроқ россияпараст номзодларнинг сайланишига кўмаклашиш, шунингдек, ушбу тармоқ доирасида фаолият юритувчи шахсларни депутатлар этиб тайинлашга қаратилган», дейилади ҳужжатда. Шунингдек, ушбу хизматлар учун нақд пул ўтказиш асосан Чехияда амалга оширилгани хабар қилинган.
Бош вазирлар Европа прокуратураси ва фирибгарликка қарши Европа идорасининг Россия аралашувини жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли ваколатларга эгалигини текширишни таклиф қилди. Акс ҳолда, Брюссел ва Прага мандатларини кенгайтиришни талаб этмоқда. Шунингдек, улар маълумот алмашинувини фаоллаштириш учун Европа адлия органининг шошилинч йиғилишини ўтказишни сўради.
Бир неча кун олдин Белгияда Россия аралашувига уриниш бўйича жиноий тергов бошланди. Чехия Путинга яқин шахс ҳисобланувчи Виктор Медведчукка, Voice of Europe нашрига ва унинг ходимига қарши санкциялар киритди, энди Европа Иттифоқи даражасида ҳам шунга ўхшаш чораларни қўллашга ҳаракат қилмоқда.
Мавзуга оид
16:48
Россияда мигрантлар учун имтиҳонларнинг ягона нархлари белгиланади
22:10 / 03.11.2024
Google тасодифан Украинадаги ҳарбий объектларнинг хариталарини ошкор қилди
19:17 / 03.11.2024
Россияда туғилиш даражасини лотереялар ёрдамида ошириш таклиф этилди
00:30 / 03.11.2024