Жаҳон | 20:52 / 19.04.2024
25886
14 дақиқада ўқилади

Часив Яр ҳам хавф остида. Бу шаҳарни йўқотмаслик Украина учун нега бунчалик муҳим?

Қиш охирида Авдийивка эгалланганидан кейин Кремл, афтидан ўз учун Донбассда янги нишонни белгилаб олган. Бу – баҳор давомида асосий ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланган Часив Яр шаҳарчасидир.

2021 йил қиш. Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли урушгача ҳали бир йил бор. Аммо Часив Яр аллақачон ҳарбийлар билан тўлганди.

Бу ерда, советлар даврида қурилган беш қаватли уйлар ва саноат корхоналаридан иборат аҳоли зич яшайдиган ҳудуддан узоқроқда Бирлашган кучлар операцияси (аввал Аксилтеррор операциялар - АТО) штаби жойлашган.

Бу эса Донбассдаги оддий шаҳарчани кучли истеҳкомга, Украина армияси «қалъаси»га айлантиради.

Энди, 2024 йил баҳорида, Россия қўшинлари Часив Ярга жуда яқин келиб, уни авиазарбалар билан яксон этмоқда.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг маълумотига кўра, Россия раҳбарияти ушбу шаҳарни ўзи учун муқаддас сана ҳисобланган 9 май — Ғалаба кунига қадар эгаллаш вазифасини қўйган.

Тепаликдаги шаҳар

Часив Яр тепаликда жойлашган, бу мудофаада ҳам, ҳужум қилишда ҳам устунлик беради. Фото: Reuters

Агар ўтмишдаги қўмондонлардан кимдир Донбасс даштларида қалъа қуришни истаб қолганида бунинг учун Часив Ярдан яхшироқ жойни топа олмасди.

Бу атрофдаги юзлаб километрлик радиусдаги энг баланд нуқтадир. Шаҳар жойлашган тепаликлар уни жануб ва шарқдан ҳимоялаб турадиган мудофаа деворлари вазифасини бажаради.

Бу ердаги энг баланд нуқта - 247 метр. Масалан, қўшни Константиновка, Дружковка, Словянск ва Краматорск каби шаҳарларнинг энг баланд жойлари 100 метрдан 125 метргача боради.

Россия 2014 йилда Донецкни оккупация қилганидан кейин бу шаҳарлар агломерацияси амалда Донецк областининг Украина назоратида қолган қисми учун маъмурий марказга айланди. Бу ерда саноат корхоналари ривожланди, темирйўлларни ҳам ўз ичига оладиган транспорт тугуни барпо бўлди.

Часив Яр Константиновка (7 км ғарбда) ва Краматорскка (25 км шимоли-ғарбда) яқинлиги туфайли уни ушбу агломерациянинг «дарвозаси» дейиш мумкин.

Кенг кўламли уруш бошлангунича бу ерда 13 минг атрофида аҳоли яшаган, аммо 2024 йил апрел ойи ўрталарига келиб шаҳарда 700 нафарга яқин киши қолган, деб маълум қилган BBC Украина хизмати билан суҳбатда шаҳар раҳбари Сергей Чаус. Шундан 80-85 фоизи — кекса ёшли кишилар, улар эвакуациядан бош тортишган.

«Улар келтирадиган асосий аргумент — „бу менинг уйим, мен шу ерда туғилдим ва шу ерда ўламан, ўлдирса ўлдирсин“, — дея изоҳлайди шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари.

2023 йил февралидан буён Часив Ярда газ, ичимлик сув, электр таъминоти йўқ, мобил алоқа ҳам яхши ишламайди. Бу ерда қолган одамлар генераторлар ва қудуқлардан олинадиган сув эвазига кун кечирмоқда.

Часив Ярдаги кўп қаватли биноларнинг барчаси отишмалар оқибатида у ёки бу даражада шикастланган, шундан 80 фоиз қисми — оғир аҳволда, деган Чаус.

Тепаликда жойлашганидан ташқари Часив Яр табиий сув тўсиғи билан ҳам ҳимояланган — шаҳарнинг шарқий чеккасидан Шимолий Дон — Донбасс канали оқиб ўтади.

Ўтган йили Бахмут учун жанглар вақтида бу шаҳар Украинанинг шу йўналишдаги гуруҳи учун фронт ортидаги асосий таъминот маркази вазифасини ўтаган. Аммо жорий йил бошидан буён вазият ўзгара бошлади.

Қишдаёқ Россия ушбу йўналишда асосан ҳаво-десант қўшинларидан иборат йирик гуруҳ тўплади ва қўшни Бахмутдан чиқиб Часив Яр томон юра бошлади. Украина бош штабининг бу ҳудудда «бир неча мудофаа чизиқлари ташкил этилгани» ҳақидаги баёнотларига қарамай, апрел ойи бошларига келиб Россия армияси Богдановка ва Ивановске қишлоқлари томондан шаҳарнинг шарқий чеккаларига максимал даражада яқинлашиб келди.

Бу икки қишлоқ ҳам тўлиқ эгалланмаган, аммо россияликлар уларнинг оралиғида бўшлиқ топа олди ва украин мудофаа ичкарисига ханжар суқди.

Россияликлар позицияларига яқин жойлашган «Канал» микрорайонининг дрондан кўриниши

Тепаликлар ва Часив Ярдаги биноларнинг аксар қисми каналнинг ғарбий соҳилида жойлашгани муҳим аҳамиятга эга. Ва фақат «Канал» деб номланадиган янги микрорайонгина шарқий соҳилда қолган.

Шаҳар расмийлари бу микрорайон мунтазам равишда ўққа тутилиши ва у ерда тинч аҳоли вакиллари йўқлигини билдирган.

«Оддий фуқаролар „Канал“да яшаб қолиши имконсиз. У ер мунтазам равишда ўққа тутилади. У ерда артиллерия тинмайди, қолаверса авиабомбалар ва FPV-дронлар учиб келади», — деган Сергей Чаус.

Россиялик ҳарбийлар апрел ойи бошида айнан шу микрорайоннинг энг чеккадаги Зеленая кўчасига кириб келишга муваффақ бўлганди. Украин қўмондонлиги эса улар аллақачон чекинтирилганини маълум қилган, Россиядаги манбалар эса бунинг аксини айтади.

Шаҳар мудофаасидаги украиналик ҳарбий хизматчиларга кўра, россияликлар кўпинча «банзай-ҳужумлар»дан фойдаланмоқда — зирҳли техникалар ёки бошқа транспортларнинг кичик колонналарида тезлик билан белгиланган маррага етиб келишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг катта қисми йўқ қилинмоқда, аммо омон қолганлар эгалланган позицияларида жойлашиб олмоқда.

Апрел ойи ўртасига келиб россияликлар Часив Яр ҳудудида қолаётганини тасдиқловчи тасвирлар йўқ.

Аммо бу ушбу йўналишдаги вазият Украина қуролли кучлари учун яхшиланиб қолганини англатмайди.

Нега бундай бўлди?

Фото: Reuters

Россия қўшини қандай қилиб ушбу стратегик муҳим шаҳарга бу қадар яқин кела олди?

Ўтган йил охиридаёқ Россия оккупация остидаги Бахмутдан ғарбга қараб юришни бошлаган ва Часив Ярга олиб борувчи йўл бўйида жойлашган Хромове посёлкасини эгаллаб олганди. Кейин эса икки томон ҳам Богдановка (Часив Ярдан 2 км шимоли-шарқда) ва Ивановске (3 км жануби-шарқда) қишлоқлари учун қонли жангларга киришди.

Россия расмийлари жорий йил март ойи охирида советча номи Красное бўлган Ивановске қишлоғи тўлиқ назорат остига ўтганини эълон қилганди. Аммо украин ҳарбийлари бу маълумотни рад этган.

Шунга қарамай, Россия армияси майдонлар ва ўрмонзорлар орқали бу икки қишлоқ ўртасидаги ҳудуддан ёриб ўтишга муваффақ бўлди.

BBC Украина хизматининг ҳарбийлар орасидаги манбасига кўра, бу ёриб ўтиш кўп жиҳатдан Украина қуролли кучларининг ушбу секторни ҳимоя қилиш учун ажратилган 67-алоҳида механизациялашган бригадасининг муваффақиятсиз ҳаракатлари туфайли содир бўлган.

Мазкур ҳарбий қисм 2022 йилда «Ўнг сектор»нинг кўнгиллилар корпуси базасида тузилган. Айнан корпус кўнгиллилари унинг асосини ташкил этган.

Шу билан бирга, BBC Украина хизмати маълумотига кўра, 67-бригадада «Ўнг сектор» кўнгиллилари ҳамда оддий сафарбар этилган аскарлар ўртасида келишмовчилик юзага келган.

Бу шунга олиб келганки, сафарбар этилган аскарлар яхши тайёргарликдан ўтмасдан фронтнинг мураккаб участкасини ушлаб туриш учун юборилган. Россия ўз юришини кучайтирганида 67-бригаданинг айрим ҳарбийлари бардош бера олмаган ва ўз позицияларини ташлаб кетишган.

Бундай вазият Украина қуролли кучлари бош штаби томонидан қораланган. «Украина кўнгиллилар корпуси» баёнотида айтилишича, қуролли кучлар қўмондонлиги «бригадани қайтадан тузиш»ни бошлаган — хусусан, бригадада аввалдан хизмат қилиб келган барча командирлар ва корпус жангчилари бошқа ҳарбий қисмларга ўтказилади.

Россия Часив Ярдаги деярли барча кўп қаватли биноларни яксон этган. Шаҳарда 700-800 киши қолган

«Бўлинмалар командирларига нисбатан ички хизмат текширувлари тайинланди, жанговар буйруқларни бажармаслик бўйича ўйлаб топилган айбловлар билан жиноий иш қўзғатилиши ҳам мумкин», — дейилган бригада баёнотида.

16 апрел куни Қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги 67-бригадани қайта ташкил этиш, жумладан штурм баталёнларини алоҳида бўлинмага ажратиш бўйича қарор қабул қилинганини тасдиқлади.

«Бўлинмаларимиздан бири позицияларини бой бериши ҳамда бошқа бригадалар ва баталёнларнинг қанотларини очиқ қолдириши инсонлар ҳалок бўлиши ва вазият Украина қуролли кучлари зарарига ўзгаришига олиб келди», — дейилган қўмондонлик баёнотида.

Аммо Часив Яр мудофаасидаги асосий муаммо бунда эмас. Россия қўшини бор кучларини ишга солиб, шахсий таркиб, авиация ва ўқ-дорилар миқдори бўйича катта устунлик ўз томонида эканидан фойдаланиб қолишга уринмоқда.

Украина расмийлари артиллерия снарядлари борасидаги устунлик Россия фойдасига 10 га 1 кўринишида эканини айтишмоқда. Авиация борасидаги устунлик эса россияликларга Часив Ярга ҳар куни 20-30 та бошқарилувчи авиация бомбалари ташлашга имкон бермоқда.

Улар уйларни, саноат объектларини, шунингдек Украина қуролли кучларининг шаҳар ичкарисидаги ва атрофидаги истеҳкомларини вайрон қилмоқда.

Россия нимани режалаштирмоқда?

«Агар харитага юқоридан қарасангиз, Часив Яр ортида текислик бошланади, уёғи фақат дашт ва очиқ майдонлардан иборат», — деган ҳарбий таҳлилчи ва тарихчи Михайло Жирохов BBC Украина хизматига.

Агар Россия армияси Часив Ярни эгаллай олса, унга Краматорск-Словянск агломерацияси «кафтдек» кўриниб туради. Бу РФ артиллерияси Украина армиясининг логистик маршрутларини зарба назоратига олишга имкон беради.

Биринчи навбатда Константиновка ва Краматорскдаги темирйўл тугунлари хавф остида қолади.

Шу билан бирга, Жироховнинг маълумотига кўра, Часив Ярдан ғарбда украин ҳарбийлари рақибнинг илгарилашини қийинлаштириш учун тез суръатларда иккита истеҳкомлар чизиғини барпо этмоқда.

Аммо, таҳлилчининг фикрича, Россия шаҳарни тўғридан тўғри штурм қилмоқчи эмас, балки уни жануб ва шимолдан айланиб ўтмоқчи. Ҳозирда РФ бўлинмалари Шимолий Дон-Донбасс каналидан иборат сув тўсиғи ёқасига яқинлашмоқда.

«Агар олдинга илгарилаш сўнгги ҳафталардаги суръатда давом этса, бу (канални кечиб ўтиш) муқаррар бўлади», — деб ҳисоблайди Жирохов.

Агар россияликлар қанотларда олдинга юришда давом этса, Часив Ярдаги украин гарнизони қопқонга тушмаслик учун шаҳарни ташлаб чиқишига тўғри келади.

«Ахборий қаршилик» гуруҳи ҳарбий таҳлилчиси Константин Машовецнинг ҳисоблашича, ҳозирда Россия «шакллантирилган операциялар»ни амалга оширмоқда, яъни келгусида Краматорск ва Словянскка катта юриш бошлаш учун бир вақтнинг ўзида жанубий ва шимолий жабҳаларни шакллантирмоқда.

Шимолий жабҳа Лиман ва Ямпил йўналишларида, жанубийси — Часив Яр ва Константиновка атрофида юзага келмоқда. Шу билан бирга, у Краматорск ва Словянскни қуршовга олиш мақсадидаги якуний амалиётни ўтказиш учун Россия армиясига ҳозир мазкур ҳудудларда жамланганидан анча кўпроқ кучлар зарур бўлишини таъкидлаган.

«Улар катта юриш уюштириш учун дастлабки шарт-шароитларни ҳозирламоқда, — деб ҳисоблайди таҳлилчи. — Аммо бу ерда рақибга катта, сезиларли даражада жуда катта қўшин керак бўлади».

Бундан ташқари, Машовецнинг сўзларига кўра, Россия армияси Часив Яр томон ҳаракатлана туриб, атрофдаги икки қишлоқ — Клешчиевка ва Андрийивка (Бахмутдан жанубдаги ва Часив Ярдан 10-12 км жануби-шарқдаги бу қишлоқларни украин кучлари ўтган йил ёзидаёқ озод этган ва ҳамон ўз назоратида ушлаб турибди) масаласини ҳал қилмагани хавф туғдириши мумкин.

«Ҳозирда Часив Яр томон юриш қилаётган ва шаҳарга ёриб киришга уринаётган [россияликларнинг] бу гуруҳига чап қанотидан [Украина қуролли кучларининг] қандайдир зарбасини ўтказиб юбориш хавф солади», — деб ҳисоблайди Машовец.

Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг ҳисоблашича, Москва ёзнинг илк ойида Донбассда «катта юриш» бошлашни режалаштирган. У Часив Ярдан кейин россияликлар ундан 55 км ғарбда жойлашган Покровск томон ҳаракатланишни исташига амин. Бу шаҳар Донецк ва Днипропетровск областлари чегарасидаги муҳим транспорт тугуни ҳисобланади.

«Улар [россиялик ҳарбийлар] Часив Яр томон бироз илгарилашди. Улар Покровск томон, Покровск стратегик йўналишида ҳам ҳаракатланади», — деган бошқарма раҳбари немисларнинг ARD телеканалига берган интервюсида.

Кремл 9 майга қадар биринчи топшириқни бажариб, Часив Ярни эгаллай оладими?

Михайло Жироховнинг айтишича, бу масала Россия армияси Шимолий Дон - Донбасс каналини (унинг кенглиги 30 метр атрофида) кечиб ўтиш ва ғарбий соҳилда плацдарм ташкил этишни қанчалик тез уддалашига боғлиқ.

«Агар бу рўй берса, [Часив Ярни ушлаб қолиш] узоқ давом этмайди», деган у.

Украина қуролли кучлари апрел ойи ўрталарига келиб бу ҳудуддаги вазият оғирлиги, лекин назорат остида эканини маълум қилган.

«Ушбу шаҳарда яшовчи одам сифатида мен биз юқоридалигимиз ва душманларимиз бизга барибир ета олмаслигига чин қалбдан умид қиламан», — дея жавоб берган Часив Яр раҳбари Сергей Чаус воқеаларнинг кейинги ривожи борасидаги саволга.

Мавзуга оид