Жаҳон | 07:22 / 19.04.2024
1965
4 дақиқада ўқилади

Германия вице-канцлери: Украиналикларнинг кураши - бизнинг ҳам курашимиз

Роберт Хабекнинг сўзларига кўра, ҳозир Украина учун энг оғир вақт, аммо кутилаётган ҳарбий ёрдам яқин ойларда етиб боради.

Фото: Reuters

Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек сўнгги пайтларда Россия томонидан, жумладан, энергетика инфратузилмаси объектларига ҳужумлар кўпайиб бораётган Украинадаги вазият тез яхшиланишига ишоняпти. Бу ҳақда у 18 апрел, пайшанба куни Киевга ташрифи чоғида DW нашрига берган интервюсида маълум қилди.

«Ҳозирги пайтда Украинага катта босим бор, аммо баҳор-ёзда ва йил давомида вазият осонлашади, Чехия жуда кўп ўқ-дориларни сотиб олди. Германияда ишлаб чиқариш кўпаймоқда. Шунинг учун ҳозир улар учун энг қийин вақт, аммо вазият яхшиланади», - деди Хабек. 

Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича Германия иккинчи ўринда

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ёрдамини ажратишдаги кечикишлар шароитида Германия сўнгги ойларда Украинани қўллаб-қувватлаш масъулиятини ўз зиммасига олди, буни Берлиннинг яқинда Киевга яна бир Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини тақдим этиш ҳақидаги қарори тасдиқлайди. 

«Статистикага назар ташласангиз, биз ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича америкаликлардан кейин иккинчи ўринда турамиз», – деди вазир 

Хабек ўрнатилган амалиётга қарамай, Германия уруш ҳолатида бўлган Украинага ёрдам бераётганига эътибор қаратди. «Агар мамлакат урушда бўлса, дефолт хавфи жуда ва жуда юқори. Шунинг учун биз одатда бундай қилмаймиз. Лекин биз қилдик ва ҳозирда жами 46 компания Украинага сармоя киритди. Шундай қилиб, биз кўп иш қиляпмиз», - деди у. 

Роберт Хабек: Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўпроқ керак

Бироқ Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўпроқ керак, шунинг учун бошқа давлатлар ҳам Германиядан ўрнак олиши лозим, деди вице-канцлер. «Биз, Германия, яна бир Patriot тизимини етказиб бердик ва буни биринчи бўлиб бошқалардан сўраш ва ҳар бир давлат бироз кўпроқ қила олишига ўрнак кўрсатиш учун қиляпмиз. Бошқа мамлакатлардаги Patriot тизимлари сонига қарасангиз, шундай бўлади. Германиядан кўра кўпроқ Patriot тизимларига эга давлатлар борлигини кўриш мумкин», деди Хабек.

Вице-канцлер Украина иттифоқчиларини Киевга ёрдамни кучайтиришга чақирди. «Биз тушунишимиз керак, украиналикларнинг кураши - бизнинг ҳам курашимиз», - деди вазир. Ҳамкор давлатлар ўз тизимларини синаб кўриши ва кўпроқ иш қила олишини кўрсатиши керак, деди у. «Ишончим комилки, биз кўпроқ нарсани қила оламиз. Агар уларда (украиналиклар) кўпроқ ўқ-дорилар, мудофаа тизимлари бўлганида, электр станцияларига фалокатли ҳужумлар содир бўлмасди», - дея хулоса қилди у. 

Зеленский Германияга ёрдам учун миннатдорчилик билдирди 

Хабекнинг Киевга ташрифи ортидан Украина президенти Володимир Зеленский Германияга унинг мамлакатини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирди. «Биз Германия раҳбариятини алоҳида қадрлаймиз, бу нафақат Украинада одамлар ҳаётини ҳимоя қилишда, балки Европадаги барчага ёрдам беради», деди кечки видеомурожаатда Зеленский. 

Унинг сўзларига кўра, Хабек билан фронтдаги вазиятни, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа заруриятини муҳокама қилган. Telegram’даги алоҳида постида Украина президенти Германия ҳукуматининг Украинада яна бир Patriot ҳаво мудофаа тизимини жойлаштириш қарорини ҳам олқишлади. 

Мавзуга оид