Жаҳон | 12:36 / 20.04.2024
12321
16 дақиқада ўқилади

Афсонавий Boeing 747 – дунёдаги биринчи кенг фюзеляжли самолёт тарихи

Boeing дунёдаги энг йирик учувчи қурилмалар ишлаб чиқарувчи корпорация ҳисобланади. Ташкил этилганига 100 йилдан ошган мазкур корпорация ўз тарихида кўплаб русумдаги самолёт ва вертолётлар ишлаб чиқарган. Boeing ишлаб чиқарган самолётлардан дунёнинг қарийб барча давлатлари фойдаланади. Ана шу самолётлар орасида Boeing 747 алоҳида ажралиб туради.

Фото: Kun.uz

Boeing корпорацияси 1916 йилда Сиэтл шаҳрида дастлаб Pacific Aero Products Company номи билан ташкил этилган. Кейинчалик унинг номи Boeing деб ўзгартирилган.

Бугун Boeing учувчи қурилмалар ишлаб чиқаришда дунёнинг етакчи корпорацияси ҳисобланади. 1916 йилда ташкил этилган корпорация ўз тарихида минглаб турдаги учувчи қурилмалар ишлаб чиқарган.

Корпорация учувчи қурилмалардан ташқари турли кемалар, двигателлар ва космик қурилмалар ва уларнинг ускуналарини ишлаб чиқармоқда. Компания корхоналарида 200 мингга яқин ходим ишлайди.

Корпорациянинг асосий корхоналари Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳри яқинида жойлашган. (Айтганча, Сиэтл Тошкент билан биродарлашган шаҳар ҳисобланади).

Компания ҳар йили буюртмачиларга ўртача 500-600 дона йўловчи самолёти тайёрлаб беради. Маълумотларга кўра корпорация 2023 йилда буюртмачиларга 528 та йўловчи самолёти етказиб берган.

Сўнгги йилларда корпорация учун энг кўп самолётни 2017 йилда сотганди. Ўша йили дунёдаги 71 та буюртмачидан 912 та буюртма олган ва йил охиригача 763 та самолётни етказиб берган. Ўша пайтда корпорация олган буюртмаларнинг умумий сони 5 865 тага етган.

2017 йилда компания БААнинг Emirates авиакомпанияси билан 210 дона Boeing 787 Dreamliner самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.

Агар корпорация тарихига назар ташланса унинг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири Boeing 747 самолёти бўлган. “Jumbo Jet” деб номланган бу самолёт 1970-йилларда бир неча ўн минг долларга баҳоланган бўлса, ҳозирги кунда унинг нархи 200-250 млн долларга нархланади.

Boeing корпорациясининг самолёт йиғув корхонаси
Фото: gadzetomania.pl

Boeing 747 тарихи

Boeing корпорацияси кенг фюзеляжли самолётларни ишлаб чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқишни илк бор 1960-йилларда бошлаган. Ўша пайтда корпорациянинг энг машҳур ва оммабоп самолёти Boeing 707 бўлган.

Boeing 707 тўртта двигател ёрдамида учса ҳам самолётнинг ўлчами анча кичик эди ва унинг турли русумларига 110 нафардан 202 нафаргача йўловчи сиғарди. Ана шундай шароитда корпорация кенг фюзеляжли ва кўпроқ йўловчи сиғадиган самолёт тайёрлашга қарор қилади.

1966 йилда янги самолётнинг макет нусхасини оммага намойиш этади. Pan American авиакомпанияси дарҳол ундан 25 дона буюртма беради. Самолётга Boeing 747 деб ном берилади.

Корпорация Boeing 747 самолётларини ишлаб чиқариш учун Эверетт шаҳри яқинида алоҳида янги завод қуради. Завод цехлари 51 гектар майдонни эгаллаган эди.

Boeing корпорациясининг Эверетт шаҳридаги корхонаси
Фото: airlineratings.com

Корпорация Pan American авиакомпаниясига самолётларни 1970 йилда етказиб бериш мажбуриятини олган эди. Шу сабабли ишлар жадаллаштирилади ва янги завод тез қуриб битказилади.

Завод унга темирйўл изи тортиб келиш билан бирга корпорацияга 205 млн долларга тушади. 1968 йилда корпорация илк Boeing 747 самолётини муваффақиятли синовдан ўтказиб, 1969 йилда уни фойдаланишга топширади.

Кўп ўтмай корпорацияга бошқа авиакомпаниялардан ҳам буюртмалар кела бошлайди. Ўша пайтда бир вақтнинг ўзида 400 та самолётга буюртма тушади ва корпорация уларни тайёрлаб бериш учун анча вақт сарфлайди.

1993 йилда корпорация мингинчи Boeing 747 самолётини мижозга топширади. Фақатгина 2000-йиллардан сўнг Boeing 747 га буюртмалар камаяди.

Сўнгги йўловчи ташувчи самолёт 2005 йил China Airlines авиакомпанияси учун тайёрлаб берилган. Ундан сўнг корпорация ҳозиргача Boeing 747 самолётининг фақат юк ташувчи русумини ишлаб чиқармоқда.

Гарчи Boeing 747 ларнинг йўловчи ташувчи русумини ишлаб чиқариш бундан қарийб 20 йил олдин тўхтатилган бўлса ҳам бу турдаги самолётлар ҳанузгача йўловчи ташиб келмоқда. Умумий ҳисобда 1 574 дона Boeing 747 ишлаб чиқарилган.

Boeing 747 самолётлари 36 йил давомида Airbus A380 самолётлари ишлаб чиқарилгунча Ғарбда тайёрланган кенг фюзеляжли ягона самолёт русуми бўлган.

Boeing 747
Фото: coloradosun.com

Америкаликлар нега СССРга Boeing 747 самолётларини сотишни истамаган?

Бир пайтлар СССР ҳам Boeing 747 самолётларини харид қилишга яқин бўлган. Бироқ бу амалга ошмаган.

1970 йиллар бошларида АҚШ ва СССР муносабатлари жуда илиқлашади. Президент Ричард Никсон икки йил ичида СССРга икки марта келади.

Натижада советлар ва америкаликлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бошланади. Жумладан, дунёга машҳур Пепси-кола компанияси СССРга ўша пайтда кириб келганди.

Иқтисодий алоқалар ўрнатилар экан, советлар Boeing 747 самолётларини харид қилиш истагини билдиришади. Америкаликлар бу таклифни қабул қилишади. 1978 йилда Аэрофлот авиакомпаниясига бир нечта Boeing 747 етказиб бериш бўйича шартнома имзоланади.

Бироқ 1979 йилда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киради ва бу иш Ғарб томонидан кескин танқид қилинади. АҚШ бошчилигидаги коллектив Ғарб СССРга қарши иқтисодий санкциялар жорий қилади.

Шундан сўнг Boeing корпорацияси СССР билан шартномани бир томонлама бекор қилганини ва советларга Boeing 747 самолётлари етказиб берилмаслигини маълум қилади.

Постсовет республикаларида Boeing 747 1993 йилда Россияда пайдо бўлади. Бошқа собиқ иттифоқ республикаларининг ушбу самолётлардан сотиб олгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Россия сотиб олган Boeing  747
Фото: myskillsconnect.com

Boeing 747 самолётларидан энг кўп ким фойдаланмоқда?

Дастлаб Boeing 747 самолётларидан асосан АҚШдаги авиакомпаниялар кенг фойдаланган. Айниқса Pan American авиакомпаниясида бундай турдаги самолётлар жуда кўп эди. 1991 йилда Pan American ўз фаолиятини тўхтатади ва самолётлар бошқа компанияларга сотиб юборилади.

Бугунги кунда Boeing 747 самолётларидан энг кўп Япониянинг Japan Airlines авиакомпанияси фойдаланмоқда – 73 та. Кейинги ўринда British Airways – бу авиакомпанияда Boeing 747-400 русумидан 48 та бор.

Boeing 747 самолётларига талаб кескин тушиб кетишига янги русумдаги Airbus A300 ва Boeing 767 самолётлари ишлаб чиқарила бошланиши сабаб бўлган.

Бу икки ихчам ва қулай самолёт туфайли дунёнинг жуда кўп авиакомпаниялари анча оғир ва ёқилғи сарфи юқори бўлган Boeing 747 самолётларидан воз кечишган ҳамда улардан фойдаланишни тўхтатишган.

Japan Airlines - JAL авиакомпаниясига қарашли Boeing 747-446
Фото: Wikimedia Commons

Boeing 747 нинг турли русумлари

Boeing 747-100. Boeing 747 аслида Boeing 747-100 номи билан чиқарилган ва 1969 йилдан бошлаб улар Pan American авиакомпаниясига етказиб берилган.

1986 йилда японларнинг буюртмаси билан бу русумга озгина ўзгартиришлар киритилади улардан бир неча ўн дона тайёрланиб Japan Airlines авиакомпаниясига сотилади.

Boeing 747 SP. Бу русумдаги самолётдан бошида 200 дона тайёрлаш режа қилинади. Бироқ талаб унча катта бўлмагани туфайли Boeing 747 SP самолётларидан 45 дона тайёрланган ва уларнинг аксарияти Яқин Шарқдаги араб давлатларига сотилган.

Boeing 747-200. 1971 йилда корпорация Boeing 747-200 русумидаги самолётларни ҳам тайёрлай бошлайди. Бу самолётнинг аввалгилари билан фарқи унда двигател бироз кучайтирилган эди.

АҚШ президентлари фойдаланадиган Boeing 747
Фото: alamy.com

Ўша пайтда АҚШ президентини олиб юриш учун айнан иккита Boeing 747-200 тайёрлаб берилганди. Самолёт кучли двигателлар туфайли қарийб 11 км баландликкача кўтарила олади. Кейинчалик Boeing 747-200 юк ташишга мўлжалланган русумлари ҳам ишлаб чиқарилган.

Boeing 747-300. Бу русумдаги самолётларни илк бор 1980 йилда мижозларга етказиб бера бошлайди. Boeing 747-300 нинг аввалгилардан фарқи, унда иккинчи қават кенгайтирилади ва у ердаги ўриндиқлар сони оширилади.

Шу билан бирга иккинчи қаватга чиқиш учун тик зинапоя ўрнатилади. Самолётдаги ўриндиқлар сони оширилади. Кучли двигателлар туфайли у 12,4 минг метр баландликда ҳам парвоз қилиш имкониятига эга бўлади.

Бу русумдаги самолётлардан энг кўп Saudi Arabian Airlines ва Pakistan International Airlines авиакомпаниялари сотиб олишган.

Boeing 747-400. Бу русум Boeing 747 лар орасида энг оммабопи ҳисобланади. Boeing 747-400 илк бор 1989 йилда тайёрланган. Бу русум ўзидан аввалги Boeing 747-300 га қараганда ёқилғини бир баравар кам сарфлайди.

Boeing 747-400
Фото: travel.ru

Шунингдек, унинг дум қисмига қўшимча ёқилғи сиғими ўрнатилгани учун ўзидан олдингиларга қараганда узоқроқ масофани учиб ўта олади. Бундан ташқари, бу русум энг кўп йўловчи жойлашиши билан ажралиб туради.

2005 йилда Япония авиакомпанияси фойдаланаётган Boeing 747-400D самолётига 594 нафар йўловчи жойлашади. Унгача биронта самолёт бу даража кўп йўловчи олмаган эди.

Кўп ўтмай мингга яқин йўловчи оладиган Airbus A380 пайдо бўлди ва Boeing 747-400D нинг рекордини янгилади.

Boeing 747-8. Бу русумдаги самолётнинг синов парвози 2010 йилда ўтказилганди. Унинг биринчи мижози Люксембургдан рўйхатдан ўтган Cargolux Airlines International S.A. авиакомпанияси эди.

2015 йил ноябрда корпорацияда 121 дона Boeing 747-8 самолётларига буюртмалар бор эди. Шундан 42 донаси йўловчи, 70 таси юк ташишга мослашган ва иккитаси ВИП самолётлари эди. Бу самолётга ҳам 500 га яқин йўловчи жойлаша олади.

Boeing 747 Dreamlifter. Бу русумдаги самолёт 2006 йилда ишлаб чиқарилган ва ундан бор-йўғи 4 дона тайёрланган. Boeing 747 Dreamlifter асосан юк ташишга ихтисослашган.

Бу самолётнинг фюзеляжи бироз кенгроқ қилинган ва унга катта ҳажмдаги юкларни ҳам ортиб учса бўлади. Boeing 747 Dreamlifter аввалроқ тайёрланган Boeing 747 Large Cargo Freighter, LCF русумининг мукаммаллашган варианти ҳисобланади.

Фото: hiveminer.com

Бундан ташқари корпорация АҚШ армияси учун Boeing 747 асосида кўплаб махсус ҳарбий-транспорт самолётларини тайёрлаб берган.

Самолётнинг техник хусусиятлари

Boeing 747 самолётининг техник хусусиятлари қуйидагича:

·       Узунлиги – 70,6 метр;

·       Фюзеляж эни – 6,5 метр;

·       Қанотларнинг узунлиги – 56,6 метр 747-400 да 64,4 метр, 747-8 да 68,5 метр;

·       Баландлиги – 19,3 метр;

·       Оғирлиги – 162,4 тонна (747-400 – 180,8 тонна, 747-8 – 214,5 тонна);

·       Максимал тезлиги – соатига 955 км 747-400 ва 747-8 да соатига 988 км);

·       Ёқилғи сиғими – 183 380 литр (747-400 да 241 140 литр, 747-8 да 242 470 литр;

·       Йўловчи сиғими – 366 нафар 3-класс, 452 нафар 2-класс (747-400 да 416/524, 747-8 да 467/581 йўловчи ўрни бор);

·       Двигателлар сони – 4 та;

·       Экипаж сони 3 киши (747-400 ва 747-8 да 2 киши);

·       Тўлган ҳолда учиш масофаси – 9 800 км (747-400 русуми 14 205, 747-8 эса 14 815 км масофага учиб бора олади).

Boeing 747-100дан бошлаб унинг сўнгги русуми бўлган Boeing 747-8 самолётларига асосан учта компания – Pratt & Whitney, Rolls-Royce ва General Electric двигателлари ўрнатилган.

Boeing 747 салони
Фото: airliners.net

Boeing 747 самолётлари билан содир бўлган энг йирик ҳалокатлар

2024 йилгача Boeing 747 самолётлари билан боғлиқ 86 та ҳалокат содир бўлган. Ҳалокатга учраган самолётларнинг асосий қисми юк самолётлари ҳисобланади.

Шу билан бирга бир нечта кўплаб одамлар ҳалок бўлган ҳодисалар ҳам содир бўлган.

1977 йил 27 март. Испаниянинг Тенерифе аэропорти учиш-қўниш йўлагида иккита Boeing 747 самолётлари ўзаро тўқнашади. Оқибатда ҳар икки самолётда бўлган йўловчилардан 583 киши ҳалок бўлади.

Самолётлар АҚШ ва Нидерландия авиакомпанияларига тегишли бўлиб, тўқнашувга ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлганди. Ўшанда АҚШ авиакомпаниясига тегишли самолёт бортида бўлган 396 кишидан 335 нафари, Нидерландия самолётидаги 248 киши ҳалок бўлади.

1978 йил 1 январ. Ҳиндистон авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 тунда Бомбей аэропортидан ҳавога кўтарилади ва бир неча сониядан сўнг денгизга қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 213 киши ҳалок бўлади.

1983 йил 1 сентябр. Узоқ Шарқда совет қирувчи самолётлари Япония авиакомпаниясига тегишли бўлган Boeing 747 ни уриб туширади. Оқибатда самолётда бўлган 269 киши ҳалок бўлади.

Ўшанда совет ҳарбийлари Boeing 747 СССР чегараларини бузиб кирди деган баҳона билан уни уриб туширишган. Бу ҳодиса ўз вақтида жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ қораланган.

1985 йил 23 июн. Ҳиндистон авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 ҳавода портлаб кетади. Оқибатда унинг бортида бўлган 329 киши ҳалок бўлади.

1985 йил 12 август. Япония авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 учувчиларнинг тажрибасизлиги туфайли бошқарувни йўқотиб тоғга урилади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 524 кишидан 520 нафари ҳалок бўлади.

1988 йил 21 декабр. АҚШ авиакомпаниясига тегишли самолёт Шотландиянинг Локерби шаҳрида портлаб кетади. Оқибатда унинг бортида бўлган 259 киши ва атрофда бўлган 11 киши ҳалок бўлади.

АҚШ махсус хизматлари самолётни Ливия махсус кучлари қўпорувчилари портлатган деган даъво билан чиққан. Бироқ Ливия томони буни тан олмаган.

1996 йил 17 июл. АҚШ авиакомпанияларидан бирига тегишли Boeing 747 Ню-Йорк шаҳри аэропортидан парвоз қилганидан сўнг кўп ўтмай портлаб кетади. Оқибатда унинг бортида бўлган 230 киши ҳалок бўлади.

Текширишларда ҳалокатга самолёт ускуналарида қисқа туташув бўлгани ва охир-оқибат унинг ёнилғи сиғими портлагани сабаб бўлгани аниқланган.

1996 йил 12 ноябр. Саудия Арабистони авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 Ҳиндистондан ҳавога кўтарилиш чоғида Қозоғистонга тегишли Ил-76 самолёти билан тўқнашиб кетади. Оқибатда самолётда бўлган 312 киши ва Чархи Дадри шаҳарчаси аҳолисидан 37 киши ҳалок бўлади.

1997 йил 6 август. Жанубий Корея авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 Тинч океанида жойлашган АҚШга тегишли Гуам оролига қўнаётиб ҳалокатга учрайди. Оқибатда самолётда бўлган 254 кишидан 228 нафари ҳалок бўлади.

2002 йил 25 май. Тайван авиакомпаниясига тегишли Boeing 747 Тайван бўғозида денгизга қулаб тушади. Оқибатда унинг бортида бўлган 225 киши ҳалок бўлади. Ҳалокатга самолётни таъмирлашда йўл қўйилган хатолар сабаб бўлган.

Boeing 747 ҳақида қизиқарли маълумотлар

Boeing 747 – дунёдаги олис масофаларга уча олувчи кенг фюзеляжли биринчи самолёт ҳисобланади.

Boeing 747 илк бор тайёрланганда ўша пайтда энг оммабоп бўлган Boeing 707 самолётидан икки баробар катта бўлган.

Boeing 747 самолётларида нафақат йўловчи, балки турли ҳажм ва оғирликдаги юклар ҳам ташилади.

Boeing корпорацияси Boeing 747 самолётларини ишлаб чиқариш учун ўз вақтида Вашингтон штатидаги Эверетт шаҳрида янги корхона қуради. Бугун ана шу корхонанинг 52 гектар ерда жойлашган ва яхлит ҳолда бўлган ёпиқ цехлари ҳанузгача дунёдаги энг йирик бино ҳисобланади.

Корпорация Boeing 747 самолётларини ишлаб чиқариш учун ўша пайтда 2 млрд доллар қарз олади. 1960-йилларда бу жуда катта сумма ҳисобланарди ва ҳатто дунёдаги биронта компания бунча пулга нархланмасди.

Boeing 747 самолётларининг янгиланган русуми - Boeing 747-400 1985 йилда ишлаб чиқарилган. Бу самолётни уч эмас, икки нафар учувчи бошқаради.

Boeing 747 базасида ишлаб чиқарилган Evergreen 747 Supertanker (742-200) дунёдаги энг йирик ёнғин ўчиришга ихтисослашган самолёт ҳисобланади.

Фото: airliners.net

1969 йилдан ҳозиргача 1,5 минг донадан ошиқ Boeing 747 ишлаб чиқарилган.

НАСА ўзининг учувчи қурилмаларини, космик кемаларини ва шатлларни асосан Boeing 747 самолётларида ташийди.

Boeing 747 бошқа самолётлардан асосан ўзининг олд қисмида бўртиб чиқиб турган “ўркачи” билан фарқланади. Шу туфайли ҳам уни ташқи кўринишидан тезда таниб олишади.

Boeing 747 самолётини ишлаб чиқаришга жами 6 миллион донадан ошиқ детал ишлатилади.

Boeing 747 самолётларига ўрнатиладиган тўртта двигателнинг ҳар бири 4 тонна оғирликка эга. Уларнинг донаси 8 млн доллар туради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид