Жаҳон | 14:12 / 20.04.2024
42262
5 дақиқада ўқилади

Ўлим учун кўпайтирилаётган 18 миллиард ҳайвон — ейилмай исроф қилинаётган гўштлар ҳақида

Овқат идишингизга етиб келгунча ҳар 4 ҳайвондан 1 таси чиқиндига ташланади. Бу қандай бўлади?

Ейиш учун боқилаётган 18 миллиард ҳайвон ё фермада, ё дўкон, ресторанларда ё одамларнинг ошхонасида чиқинди идишга ташланади. 735 миллион атрофидаги одам очлик билан қаршилашаётган дунё учун катта бўлган бу рақамлар Барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол журналида чоп этилган тадқиқотда кўрсатилган.

Овқат идишигача етиб бормаётган ҳайвонлар

Нидерландиядаги Леиден университети тадқиқотчилари дунёда йиллик озиқ-овқат исрофи бўйича ўрганиш ўтказди. 2019 йилда сўйилган 75 миллиард ҳайвондан 18 миллиарди ейилмагани аниқланди. Тадқиқотда мол, қўй, эчки, чўчқа, товуқ ва курканинг фермада боқилишидан тортиб, қушхоналарда сўйилиш босқичи-ю, ресторан ва хўжаликларга тарқатилиб, овқат идишига келиб тушгунигача бўлган жараёнлар ўрганилган. Тадқиқотга денгиз ҳайвонлари киритилмаган.

2019 йилда исроф қилинган ҳайвон гўштлари

Гўшт чиқиндиларнинг аксарияти атиги 10 мамлакатда – Хитой, АҚШ, Бразилия каби йирик ва юқори ёки ўрта даромадли давлатларга тўғри келади. Тадқиқотчилар, шунингдек, аҳоли жон бошига қанча ҳайвон беҳуда ўлиб кетаётганини ҳам ўрганган. Бунда энг ёмон кўрсаткич АҚШга тегишли бўлиб, 1 кишига 7,1 ҳайвон исроф қилингани аниқланган. Бу киши бошига ўртача 2,4 ҳайвон исрофи тўғри келадиган глобал кўрсаткичдан уч баравар кўпдир.

Гўшт етиштирувчи ТОП5 мамлакатларда киши бошига исроф бўлаётган ҳайвонлар

Озиқ-овқат исрофи ошяпти

Тадқиқотчилар рақамларни кўрсатиш орқали сиёсатчилар ва истеъмолчиларнинг озиқ-овқат истеъмоли исрофига эътибор қаратишларидан умид қилган. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида дунё етакчилари 2030 йилга бориб озиқ-овқат чиқиндиларини икки баравар камайтириш мажбуриятини олган. Рақамларга таянилса, муаммо глобал миқёсида яна ҳам ёмон тус олаётганини кўриш мумкин. Айниқса сўнгги йилларда АҚШда озиқ-овқат чиқиндилари кўпайган.

Ейиш учун боқилиб, исроф қилинаётган ҳайвонлар артоф-муҳитга ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Статистикаларга кўра, иссиқхона газларининг учдан бир қисми озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ҳисобига тўғри келади. Овқатлар чиқиндихонага бориб, метан чиқаришни бошлайди, бу эса глобал иссиқхона газларининг олтидан бир қисмини ташкил қилади.

Гўшт исрофини фермада тўхтатиш

Шимолий Америкада гўшт чиқиндиларининг чорак қисми фермада пайдо бўлади. Ҳар куни 1,5 миллионга яқин ҳайвонлар касаллик ва жароҳатлардан бевақт нобуд бўлади. АҚШдаги 9,3 миллиард товуқнинг 5 фоизи, яъни тахминан 500 миллиони фермада ўлади. Бунга уларга бериладиган озуқа ва боқилиш шароитлари сабаб бўляпти. Ҳозир АҚШдаги товуқлар 1950 йиллардагидан 5 баробар оғирроқ. Бу уларнинг оёғи деформацияга учрашига сабаб бўляпти. Бу товуқларнинг овқат ейиш ва сув ичиш учун бўлган ҳаракатини қийинлаштиряпти. Натижада товуқлар очлик ва сувсизликдан турли касалликларга чалиниб, нобуд бўляпти. Кушхоналарда эса 7 фоиз ҳайвон исроф бўлади. Бу юк машиналарига ҳаддан ташқари кўп ҳайвон ортиб ташилиши сабаб юзага келади. Федерал «28 соатлик қонун»га кўра, юк машиналари қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини дам олдирмай, сув ёки озиқ-овқат учун туширмасдан, узлуксиз 28 соат штат йўналишлари бўйлаб ташишлари мумкин.

Кушхона ва гўштни қайта ишлаш

Энг кўп гўшт исрофи ҳайвонни сўйиш ва қайта ишлаш босқичида содир бўлади. Ишчилар кўпинча яхши ишламайдиган машиналардан фойдаланиш жараёнида гўштнинг маълум қисмини йўқ қилиб юборишади. Бу баъзи корхоналарда 350 минг долларлик гўштни исроф қилишгача бориши мумкин.

Гўштларнинг яна бир қисми ресторанларда исроф бўляпти. Айрим ҳолларда гўштнинг яроқлилик муддати аниқ кўрсатилмагани ҳисобига ташлаб юборилади. Шунинг учун Ҳарвард озиқ-овқат қонуни ва сиёсати клиникаси ҳимоячилари гўшт тарқатувчилардан маҳсулотда яроқлилик муддати аниқ ёзилишини талаб қилишмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат чиқиндилари бўйича нотижорат ReFED ижрочи директори Дана Гундерс озиқ-овқат билан ишлайдиган компанияларга истеъмолчи талабини ўрганадиган аниқ технологиялардан фойдаланишга тарғиб қилади. Шу орқали сотилмай қолган озиқ-овқатни хайрия қилиш ёки исроф қилмаслик чорасини кўриш мумкин.

Мавзуга оид