Эҳтиёт бўлинг, магистрал газ қувурлари!
“Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудларда ер остидан ўтган йирик босимли газ трубалари билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳақидаги тавсиялар билан бўлишди.
Қуйидаги фотосуратда аҳоли хонадонининг ташқи кўриниши. Унда ҳаёт қайнайди.
Мана бу хонадонда тинч ва осойишта турмуш тарзи давом этади. Табиийки, бу уйларда эртамиз эгалари бўлган болажонлар ҳам ўсиб улғаймоқда.
Навбатдаги тасвирда бир оила ҳовлисини ўраб турган девор ва орқа дарвозаси. Бу мулк ҳам бир юртдошимиз учун қадрдон аслида..
Тасвирлардаги бу иморатларни умумлаштирувчи битта жиҳат бор - уларни юқори босимли магистрал газ қувурларидан бир неча метргина масофа ажратиб туради. Бу эса потенциал хавф дегани! Республикамиздаги 13 400 километрга яқин магистрал газ қувурларнинг муҳофаза майдонларида шу каби яна 3526 та қурилма бор.
Айни пайтда “Ўзтрансгаз” АЖ ходимлари томонидан қувурлар атрофидаги объектларнинг эгаларига қувурларни ишлатишга халақит бериши мумкин бўлган тадбирларга йўл қўймаслик ва қурилмаларни хавфсиз жойларга кўчириш бўйича огоҳлантириш хатлари тарқатиляпти. Жорий йил биринчи чорагида мана шундай хатлардан 6200 таси тарқатилди.
Магистрал газ қувурлари ҳимоя майдонларидан фойдаланишнинг мезонлари мавжуд. Тартибларга тўлиқ амал қилинмагани сабабли бугунги кунда газ транспорт тизими атрофида ноқонуний қурилмалар сони ортган. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 9 декабрдаги қарори мавжуд муаммолар ечими учун зарур ҳуқуқий асос бўлди. “Газ транспорти тизими объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор бу борада ҳукумат даражасида қабул қилинган дастлабки ҳужжат бўлиб, 2024 йил 9 мартдан кучга кирди.
Ҳужжатда магистрал газ қувурларини муҳофаза қилиш ва газ транспорти тизимининг муҳофаза ҳудудлари ўлчамларини аниқлаш тартиблари, бу майдонларда ишлаб чиқариш ишларини ташкил этиш ва амалга оширишга оид талаблар белгиланди. Тизим объектлари жойлашган ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг қоидаларга риоя этиш мажбурийлиги қатъийлаштирилди. Магистрал газ қувурлари бўйлаб ҳар икки томонидан қувур ўқига нисбатан ер участкаси муҳофаза майдони чегаралари белгилаб қўйилди.
Муҳофаза майдонларидаги қурилмаларнинг 23 фоизида кадастр ҳужжатлари бор. Бу эса мавжуд вазиятни янада мураккаблаштиради. Қурилмаларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш бўйича судлар чиқарган қарорлар ижросини таъминлаш учун маҳаллий ҳокимиятларга топшириқлар чиққан. Ҳозирда улар ҳимоя ҳудудларидаги қурилмаларни нархлаш ва бошқа тадбирларни режалаштириш устида иш олиб бормоқда.
Магистрал қувурларига кун сайин яқинлашиб бораётган аҳоли орасида “газопроводинг шунча йилдан бери турибдими, бу ёғига ҳам тураверади”, деган қараш бор, афсуски. Юқори босимли газ қувурлари тармоғининг 64 фоизидан 30 йил давомида фойдаланилаётгани эса ҳар биримизни эҳтиёткорликка ундаши даркор. Зеро, асранганни – асрайди.
Мавзуга оид
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
09:39 / 24.10.2024