АҚШ Россияни қўллаб-қувватлагани учун Хитой банкларига қарши санкциялар тайёрламоқда
Вашингтон Пекинни Россияга муҳим қурол компонентларини экспорт қилишда айблаяпти ва бу етказиб беришни чеклаш йўлини қидирмоқда.
АҚШ Пекиннинг Россия ҳарбий ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашини чеклаш мақсадида баъзи Хитой банкларини жаҳон молия тизимидан узиб қўйиши мумкин бўлган санкцияларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда 22 апрел, душанба куни манбаларга таяниб, The Wall Street Journal нашри хабар берди.
АҚШ расмийларининг айтишича, агар дипломатик саъй-ҳаракатлар билан ҳам Хитойни Россияга икки мақсадли ва ҳарбий маҳсулотлар экспортини чеклашга кўндира олинмаса, Хитой банкларига қарши санкциялар жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Хитой банкларини доллардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора деб аталяпти, чунки бундай санкциялар кўпинча кредит ташкилотларининг банкротлигига олиб келади, деб таъкидлайди WSJ. Нашрнинг давом этишича, бу чора Хитой учун иқтисодий тикланишнинг секинлашиши ва қарзнинг ўсиши шароитида алоҳида хавф туғдиради.
Март ойида Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркиядаги бир қатор банклар санкцияларга риоя қилиш талабларини кучайтирди, бу Москвага пул ўтказмаларининг кечикиши ёки рад этилишига олиб келди, дея хабар беради Reuters. Бу шуни кўрсатадики, АҚШ чекловлари кучли ён таъсирга эга бўлиши мумкин, дея таъкидлайди агентлик.
АҚШнинг Хитойга қарши айбловлари
Аввалроқ, шу ҳафта Хитойга уч кунлик ташриф билан келадиган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинни Россия мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаётганликда айблаган эди. Блинкеннинг фикрича, Хитой муҳим қурол компонентларини етказиб бериш орқали Кремлни қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэнбиннинг айтишича, Хитой АҚШнинг Россия билан нормал савдо муносабатларига оид «асоссиз айбловларига қатъий қарши». «Биз Америка томонининг ўзи оловга мой сепиб, лекин Хитой томонини айблаганида иккиюзламачиликка қарши чиқамиз. Хитойнинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан нормал иқтисодий ва савдо алмашиш ҳуқуқи дахлсиздир», деди дипломат.
Мавзуга оид
18:27
Хитойда электромобиллар учун ғилдиракли повербанклар ихтиро қилинди
17:45
Прокурорликдан вице-президентликка қадар. Камала Ҳаррис ким?
15:30
АҚШ 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилга 17,9 млрд долларлик ҳарбий ёрдам берди
14:09