Ўзбекистон | 11:49 / 24.04.2024
4978
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда боласининг бўғзига пичоқ тираган отага жиноят иши қўзғатилди

У бу ишни Кореяда ишлаётган турмуш ўртоғига аччиқ қилиб, видеоқўнғироқ пайтида амалга оширган. Ҳолат Омбудсман томонидан ўрганилди.

Жиззахда фарзандига нисбатан зўравонлик ишлатган отага жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Омбудсманга Жиззах вилоятида яшовчи Б.О. набирасига отаси томонидан босим ва зўравонлик қилинаётгани бўйича мурожаат қилган. Мурожаатчи қизи К.С. 2022 йилдан буён Кореяда ишлаётгани, унинг 8 ёшли ўғли эса эрининг қарамоғида қолганини ёзган. Мурожаатга илова қилинган видеоёзувда эр-хотин видеоқўнғироқ орқали жанжаллашганида, ота ўғлининг бўғзига пичоқ тирагани акс этган.

Мурожаат дарҳол Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ҳолат унинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилган. Аниқланишича, ҳозирда фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғли бувиси билан яшамоқда. Бола билан суҳбат ўтказилганда, ота-онаси ўртасидаги салбий муносабатдан норози эканлигини, отаси билан яшашни хоҳламаслиги ҳамда бувиси билан қолишни исташини билдирган. Шундан сўнг фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғлига бувиси вақтинчалик васий этиб тайинланди.

Вояга етмаган фарзандига қилган ҳаракати учун отага нисбатан Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид