Жаҳон | 20:56 / 25.04.2024
16312
8 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ATACMS ракеталарини яширинча етказиб берган. Улар аллақачон Қримда қўлланган

Қўшма Штатлар сўнгги ҳафталарда Украинага 300 километр радиусда ҳаракатланувчи ATACMS ракеталарини етказиб берган ва ўтган ҳафтада Украина уларни илк бор Қримда қўллаган, деб хабар бермоқда америкалик мулозимлар ва нашрлар.

Фото: Getty Images

Бу қурол президент Жо Байден март ойида маъқуллаган 300 млн доллар миқдоридаги ёрдам пакети доирасида етказиб берилган.

Чоршанба куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти расмий вакили ракеталар етказиб берилганини расман тасдиқлади.

«Мен тасдиқлашим мумкинки, Қўшма Штатлар президентнинг бевосита кўрсатмаси билан Украинага ATACMS узоқ масофали ракеталарни етказиб берган», — деган журналистларга Ведант Пател ва ракеталар Украинага апрел ойида етиб борганини қўшимча қилган.

Reuters агентлиги билан анонимлик шартида гаплашган суҳбатдошининг сўзларига кўра, ракеталар илк бор 17 апрел куни тонгида қўлланган — улар аннексия қилинган Қрим ҳудудида, Украинадаги фронт чизиғидан 165 км масофадаги Жанкой шаҳри аэродромига қарата учирилган.

AP манбаси хабар қилишича, бу ракеталар билан Украина ҳудудидаги рус қўшинларига зарба йўлланган. New York Times газетаси маълумотларига кўра, гап оккупация қилинган Запорижжя областидаги Бердянск шаҳрида турган рус қўшини устига берилган.

2022-23 йилларда Киев бир неча бор АҚШдан ATACMS ракеталарининг максимал масофада ҳаракатланувчи вариантларини етказиб беришни сўраган, аммо ўтган йил кузида фақат 165 км масофага етиб борувчи, эски MGM-140A модификациясидаги ракеталар партиясини ола олганди. Аммо энди Байден махфий равишда 300 км масофага ҳаракатлана олувчи MGM-164/168 ракеталарини етказиб беришни тасдиқлагани маълум бўлмоқда.

Пателнинг сўзларига кўра, АҚШ «аввалига Украинанинг ўз илтимосига кўра оператив хавфсизликни таъминлаш мақсадида бу ҳақда эълон қилмаган».

Айнан қанча ракета етказиб берилгани хабар қилинмаган, аммо АҚШ маъмуриятининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Вашингтон «сезиларли миқдорда» етказиб бергани ва янада кўпроқ етказиб беришни режалаштираётгани ҳақида айтган. «Улар вазиятни ўзгартиради. Аммо, мен олдин ҳам айтганимдек, „сеҳрли таёқча“ мавжуд эмас», — дея қайд этган Салливан.

Унинг қўшимча қилишича, Украина ракеталардан Россия бўйлаб эмас, фақат Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларига қўллашни ваъда берган.

Худди шу вақтда британ адмирали, сэр Тони Радакин Financial Times газетасига берган интервюсида ғарбдан янги ёрдам келиши фонида Украина узоқ масофаларга — Россиянинг ичкари ҳудудларига ҳужумларни кўпайтириши мумкинлигини айтиб ўтган. Ва у бу борада ҳеч қандай эътироз билдирмаган.

«Украина узоқ масофадан жанг олиб бориш учун катта имкониятларни қўлга киритди… унинг чуқур позицияларга амалиётларни давом эттириш қобилияти тобора уруш хусусиятига айланади», деган Радакин ва бу амалиётлар натижа келтириши шубҳасиз эканини қўшимча қилган.

АҚШ Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталарини етказиб бериш қарори декабр ва январ ойларида Россия Шимолий Корея томонидан етказиб берилган баллистик ракеталарни қўллагани билан боғлиқ, ҳолбуки АҚШ бир неча марта очиқчасига Кремлни бундай ҳаракатлардан қайтарганди, дея ёзади Reuters америкалик мулозимга таяниб. Россия томонидан Украинанинг ўта муҳим инфратузилмаларига берилаётган зарбалар ҳам яна бир омил бўлган.

«Биз бу нарсалар ҳақида Россияни огоҳлантиргандик, — дейди мулозим. — Аммо улар ҳужумларни қайтадан бошлади».

Чоршанба куни Байден Украина, Исроил ва Тайванга 95 млрд доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади, ундан олдинроқ лойиҳа Конгресс Вакиллар палатаси ва Сенати томонидан маъқулланганди. Қарийб 61 млрд долларлик ёрдам Украина учун аталган. Байденнинг сўзларига кўра, Киевга ёрдам етказиб берилиши яқин соатларда бошланади.

Жанкойга зарба

Украин ҳарбийлари Жанкойдаги ҳарбий аэродром ҳудудига зарба йўллагани ҳақида 17 апрел куни маълум бўлганди. Маҳаллий телеграм-каналларга кўра, у ерда портлашлар овозлари эшитилган, аэродром ҳудудида катта ёнғин чиққан.

Фото: Getty Images

Қримдаги пабликлар бир неча жойда кучли ёнғинлар рўй бергани, шунингдек ушбу аэродромда зарбдор вертолётлар ҳамда С-300/С-400 учириш қурилмалари жойлаштирилган бўлгани ҳақида ёзишган.

Кейинроқ «Жануб» мудофаа кучлари Бирлашган матбуот марказининг ўша вақтдаги раҳбари Наталя Гуменюк Жанкойдаги ҳарбий аэродром Украина учун «қонуний нишон ҳисобланиши»ни айтиб чиқди.

Украина президенти Володимир Зеленский ўша кунги кечки видеомурожаатида украин ҳарбийларига аннексия қилинган Қримнинг Жанкой шаҳридаги Россия аэродромига зарба бериш амалиётидаги аниқлик учун миннатдорчилик билдирди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари «Жанкойда, аэродромда оккупантга тўғри з арба берган».

Россия ҳукумати Жанкойдаги портлашлар тўғрисидаги хабарларни изоҳсиз қолдирган.

Сўнгги ойларда украин армияси ўқ-дори ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Расмий шахслар АҚШ ва ғарбдаги бошқа иттифоқчилардан ҳарбий ёрдам кечикиши туфайли мамлакат одамлари ва ҳудудларини бой бераётганини бот-бот такрорлашган.

Чоршанба куни Салливан «Россия яқин ҳафталарда янги тактик ютуқлар»га эришиши мумкинлигини айтди.

ATACMS ўзи қандай қурол?

ATACMS ракеталари HIMARS ва M270 MLRS тизимларидан отилади.

Бу расман оператив-тактик синфга мансуб баллистик ракетадир — худди Американинг GMLRS, советларнинг «Точка-У», Россиянинг «Искандер» ёки Украинанинг «Олха» тизими каби.

Шу билан бирга, улар HIMARS комплексларидан учириладиган юқори аниқликдаги GMLRS ракеталари билан солиштирганда анча узоқ масофага — 90 километрдан анча узоқдаги нишонга зарба бера олади.

АҚШ Украинага етказиб берган сўнгги ракеталар 300 километргача бўлган радиус бўйлаб ҳаракатлана олади.

Оператив-тактик ракеталардан кейинги синфдаги қисқа масофали баллистик ракеталарнинг ҳаракатланиш радиуси 500 километрдан бошланади.

ATACMS ракеталарини GMLRS билан таққослаш ўринли — уларнинг иккиси ҳам HIMARS ва M270 MLRS каби бир хил қурилмалардан учирилади, фақат биринчисида олтита кичик учириш контейнери ўрнига битта катта контейнердан фойдаланилади.

Оператив-тактик ракеталар аввалбошдан фронт амалиётлари доирасидаги нишонларга зарба бериш учун яратилган, масалан, штаблар, алоқа тугунлари, артиллерия ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари позициялари, аэродромлар, кўприклар.

Аммо ATACMS 300 километр масофага етиб бориши Украина қуролли кучларига нисбатан муҳим нишонларни нишонга олиб, бундай амалиётлар орқали бутун урушнинг боришига таъсир кўрсатишига имкон беради.

ATACMS 1970-йиллар охирида ишлаб чиқилган, Америка армиясига 1980-йиллар охирида топширилган. Уларнинг жанглардаги дебюти 1991 йилда «Саҳродаги бўрон» амалиётига тўғри келади, Ироқдаги урушда улар ўзини ўта самарали қурол сифатида намоён этган.

Бундай ракеталарнинг икки турини ажратиб кўрсатиш мумкин: фугасли жанговар қисмга эга (улар кўприк ва бункер каби мустаҳкам нишонларга зарба беришга мўлжалланган), шунингдек кенг майдон бўйлаб зирҳланмаган нишонларга зарба бериш учун кассетали ўқ-дориларга эга ракеталар (у аэродромлар, ҳимояланмаган омборхоналар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари позициялари, артиллерия ва очиқликдаги бошқа объектларга ҳужум қилишга кўпроқ мос келади).

Мавзуга оид