Жамият | 14:20 / 26.04.2024
28862
2 дақиқада ўқилади

Яккасарой ҳокимлиги юристи тумандаги мактаб ҳудудидаги бассейнда вафот этди

18 апрел куни туман ҳокимлиги ходимлари зиёфат уюштиргани, шундан кейин тумандаги мактаблардан бирининг ҳудудидаги бассейнга боришгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Gazeta.uz

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги юрисконсулти Нодир Акбаров мактаб ҳудудидаги бассейнда вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ҳокимлик ходимлари учун 18 апрел куни зиёфат тадбири ўтказилган. Унда спиртли ичимликлар истеъмол қилинган бўлиши мумкин. Тадбирдан кейин ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактаби ҳудудидаги бассейнга боришган. Бассейнда чўмилиш чоғида ҳокимлик юрисконсултининг соғлиги ёмонлашиб, вафот этган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 2024 йил 18 апрел куни соат 15:30 лар атрофида 1970 йилда туғилган эркак, Яккасарой тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси туманда жойлашган мактабдаги бассейнда чўмилганда аҳволи ёмонлашиб, вафот этган. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайнланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2024 йил 22 апрел куни Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарорига кўра Нодир Акбаров билан меҳант шартномаси унинг вафот этгани муносабати билан бекор қилинган.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. У ерда бу борада Яккасарой тумани ҳокимлигидан маълумот олиш мумкинлигини билдиришди.

Бироқ Яккасарой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати таҳририят сўровларини жавобсиз қолдирди.