АҚШ разведкаси Россия раҳбари Навалнийни ўлдиришга буйруқ берган деб ҳисобламайди — ОАВ
Бу ҳақдаги далиллар топилмаган. Шу билан бирга, разведка маълумотлари Путиннинг Алексей Навалний ўлимидаги айбини инкор этмаслиги таъкидланмоқда.
Америка разведка идоралари Алексей Навалнийнинг ўлимида Россия раҳбариятининг алоқадорлиги ҳақида далиллар топа олмади. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб ёзди.
Нашр маълумотларига кўра, АҚШ Марказий разведка бошқармаси, Миллий разведка директори идораси ва Давлат департаментининг разведка бўлими Россия президенти Владимир Путин «Навалнийни ўлдиришга буйруқ бермаган» деган хулосага келган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Қайд қилинишича, Навалний ўлими «Путиннинг янги муддатга қайта сайланишига соя солган». Шу билан бирга, разведка маълумотлари Путиннинг Алексей Навалний ўлимидаги айбини инкор этмаслиги таъкидланмоқда.
Нашрнинг қайд этишича, Қўшма Штатлар тегишли маълумотларни Европа разведка идораларига етказган.
Аввалроқ, Владимир Путин сайловолди штабида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга Навалнийнинг қамоқда ўлимидан сал олдин уни «Ғарб давлатларида қамоқда ўтирган баъзи одамларга» алмаштириш таклиф қилинганини айтганди. Унинг таъкидлашича, «таклиф берувчининг гапини охиригача эшитмасдан бунга рози бўлган». Путин илгари сурган ягона шарт «Навалний Россияга ҳеч қачон қайтмаслиги» бўлган.
16 феврал куни Россиянинг Ямало-Ненец автоном округи Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) Навалнийнинг колонияда ўлганини эълон қилди. Департаментга кўра, «Навалний сайр пайтида ўзини ёмон ҳис қилган, деярли дарҳол ҳушини йўқотган».
ФЖИЭХ хизмати хабарида айтилишича, «қамоқхона тиббиёт ходимлари воқеа жойига зудлик билан етиб келган ва тез ёрдам бригадаси чақирилган». «Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бермаган. Шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлашган». Бироқ, унинг жасади фақат 24 феврал куни яқинларига топширилди.
Навалний суд қарорига кўра, экстремистик гуруҳ яратиш жиноий иши бўйича 19 йиллик қамоқ жазосини Ямало-Ненец автоном округининг Харп қишлоғидаги ИК-3 қамоқхонасида ўтаётган эди. Бунгача у бир қатор бошқа жиноятлар, жумладан, фирибгарлик учун ҳам судланган.
Мавзуга оид
10:47
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024