Украина агросиёсат вазири Солский гаров эвазига озод қилинди
Николай Солский 7,35 миллион долларлик давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда ва 4,8 миллион долларлик ерни олишга уринишда айбланмоқда. У айбини рад этяпти.
Украинанинг аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири, давлат ерларини ноқонуний эгаллаб олганликда айбланган Николай Солский Коррупцияга қарши олий суд қарори билан тайинланган 75,7 миллион гривна (1,9 миллион доллар) миқдорида гаров пули эвазига озод қилинди ва ўзининг расмий вазифаларини бажаришда давом этмоқда. Бу ҳақда 26 апрел, жума куни вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Бир неча соат олдин суд Солскийни 24 июнга қадар ҳибсда қолдиришга қарор қилганди.
Солский 12 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин, деб хабар берди Reuters. Вазир ўз айбини тан олмаяпти. Таъкидланишича, гап 2017 йилдан 2021 йилгача, яъни Николай Солский 2022 йил март ойида агросиёсат вазири лавозимига тайинланишидан олдин содир этилган бўлиши мумкин бўлган жиноят ҳақида кетмоқда. Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси маълумотларига кўра, Солский 291 миллион гривна (7,35 миллион доллар) қийматидаги давлат ерларини ноқонуний равишда эгаллаб олган ва қиймати 190 миллион гривна (4,8 миллион доллар)га тенг ерни олишга уринган.
Жиноий схема доирасида икки давлат ширкатидан ерлар ноқонуний олиб қўйилган ва уруш фахрийларига айрим хусусий фирмаларга ижарага бериш шарти билан тақдим этилган, деб ҳисоблайди прокурор. Николай Солский ва унинг адвокати 25 апрел куни бўлиб ўтган суд мажлисида у бундай схемадан фойда олмаганини айтди.
Солскийнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги аризаси
Бир кун аввал Украина Олий радаси спикери Руслан Стефанчук Facebook’да Солский истеъфога чиққанини маълум қилган эди. Стефанчук фотонусхасини ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган ариза бўлажак ялпи мажлислардан бирида кўриб чиқилади, дейилади постда.
Истеъфо Украина парламенти томонидан тасдиқланмагунча, Солский расман вазир лавозимида қолади.
Зеленский кабинетидаги коррупция можаролари
Reuters хабарига кўра, Николай Солский Украина президенти Володимир Зеленский кабинетида коррупция иши бўйича гумонланувчига айланган биринчи вазир бўлди.
2023 йилнинг ёзида Украинанинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Олексий Резников атрофида коррупция можароси авж олди. Хусусан, Украина ОАВ 2022 йил охирида мамлакат Мудофаа вазирлиги турк компанияси билан ҳарбий хизматчилар учун қишки кийим-кечак етказиб бериш бўйича шартнома тузгани, бироқ Украинага жўнатиш нархи уч бараварга ошгани ҳақида ёзган. Ўшанда Резниковнинг ўзи бундай маълумотларнинг тарқалиши «жамиятни чалғитиши» ҳақида айтди.
Бундан олдинроқ, 2023 йил январида Украинадаги бир қатор юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ҳарбий хизматчилар учун озиқ-овқат супермаркетлардагидан 2-3 баравар қимматроқ нархда харид қилингани юзасидан журналистик суриштирувдан сўнг ўз лавозимларидан четлаштирилди. Резников ўшанда коррупцияга қарши кураш органлари фаолиятидаги «муваффақиятсизлик»ни тан олди.
Мавзуга оид
10:30
АҚШ Украинага 425 млн долларлик янги ёрдам пакетини тақдим этмоқда
08:40
Зеленский: Украина Курск АЭСни эгаллаб олиши мумкин эди
19:38 / 01.11.2024
Украинани қўллаш ёки сотқинлик — АҚШдаги сайловлардан нима кутиш мумкин?
18:09 / 01.11.2024