Салоҳ ва Клопп ҳамманинг олдида баҳслашди. «Ливерпул»да яна йўқотиш
Апрел ойи мерсисайдликлар учун жуда ёмон ўтмоқда.
27 апрел «Ливерпул» учун воқеаларга бой кун бўлди. Шу куни эрталаб инсайдер Фабрицио Романо мавсум якунида клубни тарк этадиган Юрген Клопп ўрнига нидерландиялик мутахассис, бу мавсумда «Фейеноорд»да ишлаётган Арне Слот келишини эълон қилди. Куннинг иккинчи қисмида эса «Ливерпул» сафарда «Вест Ҳэм» билан дуранг ўйнаб (2:2), амалда чемпионлик пойгасини бутунлай тарк этди. Аммо бу ҳаммаси эмас.
«Вест Ҳэм» – «Ливерпул» – 2:2
Голлар: 1:0 – 43 Боуэн, 1:1 – 48 Робертсон, 1:2 – 65, автогол Ареоля, 2:2 – 77 Антонио.
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Огбонна, Зума, Эмерсон, Соучек (Уорд-Проуз, 74), Лукас Пакета, Алварес, Қуддус, Боуэн, Антонио.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 79), ван Дейк, Куанса, Робертсон, Эндо (Нунес, 79), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Эллиотт, Диас (Салоҳ, 79), Гакпо.
Огоҳлантиришлар: Эндо (30), Мак Аллистер (90+5).
АПЛнинг 35-турига келиб шундай вазият юзага келдики, «Ливерпул» амалда чемпионлик учун имкониятларини йўқотди. Ва бу ҳолат жамоа ички муҳитига жиддий салбий таъсир кўрсатгани маълум бўлди. Қолаверса, жамоада мотивация қолмаган - Чемпионлар лигаси йўлланмаси деярли кафолатланган. Шундай фонда Юрген Клопп жамоаси еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган «Вест Ҳэм» меҳмони бўлди. Агар «Сити» Англия Кубоги финалида «МЮ»дан устун келса, бешинчи ва олтинчи ўрин эгалари Европа Лигасига йўлланма олади, еттинчи ўрин эгаси Конференциялар лигасида иштирок этади.
«Ливерпул» Лондондаги ўйинни бир қанча етакчилари – Муҳаммад Салоҳ, Дарвин Нунес ва Доминик Собослаисиз бошлади. Натижада биринчи бўлимда ҳужум марказида кўпинча Ҳарви Эллиотт пайдо бўлди, унинг зарбалари эса ўхшамади. Ташаббус «Ливерпул» қўлида бўлса-да, «Вест Ҳэм» ҳам мунтазам равишда қарши ҳужумлар уюштириб, топ-клубга қарши қандай ўйнаш керак бўлса, шундай ҳаракатланди. Қолаверса, жамоа ҳужумида корпус билан аъло даражада ҳаракатланиб, тўпни ўзида сақлай оладиган Майкл Антонио тушганди. Шунингдек, дриблинг эвазига очиқ ҳудудларга қочиб кетиши мумкин бўлган Муҳаммад Қуддус ҳам илк дақиқалардан ўйнади.
Ўйин «Ливерпул» ҳисобни очишига қараб бораётганди. Меҳмонларни кичик офсайд пеналтидан маҳрум этди, 40-дақиқада эса Луис Диаснинг хавфли зарбаси устунга тегди. Аммо танаффус арафасида барибир мезбонлар ўз мақсадига эришди. Улар бўлимнинг катта қисмида шошилмай ҳаракатланди, бундай рақибга қарши дуранг ҳисоб ҳам қониқарли эди. Аммо 43-дақиқада «Вест Ҳэм» бурчак зарбасидан кейин тўпни тезлик билан ўйинга киритганида, «Ливерпул» жарима майдонидаги беш футболчи бунга тайёр эмаслиги кўриниб қолди.
«Ливерпул» Чемпионлар лигасида «Барселона»га қарши ўйинда шундай ҳолатда афсонавий гол урганди. Фақат бу вазиятда икки эмас, уч футболчи иштирок этди, тўп бурчакдан узатилганидан кейин Қуддус уни Жаррод Боуэннинг бошига ташлаб берди. Бу жарима зарбасини ҳам айнан ушбу ганалик футболчи ишлаб олганди. Бу мавсумда «Ливерпул» навбатдаги марта биринчи бўлиб гол ўтказиб юборди. Аммо танаффусдан кейин дарҳол жавоб қайтарди. Эътиборли жиҳати, чап қанот ҳимоячиси Эндрю Робертсон жарима майдони марказида пайдо бўлиб, қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Шундан кейин «Ливерпул» рақибни қийнаб ташлади. Буни иккинчи бўлим статистикасида ҳам кўриш мумкин. Танаффусдан кейинги 30 дақиқаликда «Ливерпул»нинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 70 фоизни ташкил этди, зарбалар сони бўйича ҳисоб – 13:2 меҳмонлар фойдасига. Бу оралиқда ҳайратланарли гол ҳам урилди. Коди Гакпонинг зарбасидан кейин тўп рақибнинг уч футболчисидан рикошет орқали дарвозага борди.
«Ливерпул» бу мавсумда кўп бор ўйинларда бурилиш ясаган ва бу сафар ҳам 0:1 ни 2:1 га айлантирди. Лекин бу сафар ғалабани сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. «Ливерпул» голдан кейин бироз бўшашди ва Боуэннинг узатмасидан кейин Антонио мувозанатни тиклади – 2:2.
Ўйиннинг қолган вақтидаги энг асосий воқеа эса – Нунес ёки Гакпонинг зарбалари эмас, Салоҳ ва Клоппнинг майдон ташқарисидаги баҳслашуви бўлди.
Мисрлик ҳужумчи ҳозирда энг яхши формасида эмас — Салоҳ 17 гол билан лига тўпурарлари пойгасида бормоқда, аммо у қарийб бир ойдан буён ўйиндан гол урмади – «Брайтон»га қарши 31 март кунги ўйиндан буён. У сўнгги уч ўйиндан иккитасида, жумладан «Вест Ҳэм» билан ўйинда ҳам у захирада қолдирилди. Мураббий уни 79-дақиқада майдонга ташлади, аммо у шу вақтда Клопп билан очиқчасига низолашди. Бу қандай сабабга кўра рўй бергани ва мураббий ҳамда футболчи нима ҳақда гаплашгани номаълум, аммо футболчини у билан бирга майдонга тушаётган жамоадошлари Дарвин Нунес ва Жо Гомес тинчлантиришига тўғри келди. Бу эпизодда Клопп Салоҳга яқинлашиб, унга нимадир деган, футболчи эса бу сўзлар умуман унга ёқмаганини фаоллик билан намойиш этганди.
Катта эҳтимол билан ҳужумчи ўзининг бу қадар кеч майдонга туширилишидан норози бўлган ва майдонга тушишни истамаган. Чунки протоколда футболчилар алмаштирилиши 79-дақиқа деб кўрсатилган бўлса-да, улар тушаётган вақтда таблода 82-дақиқа ўтаётганди.
Мерсисайдликларнинг собиқ футболчиси, ҳозирда футбол эксперти сифатида ишлаётган Жейми Каррагернинг версияси ҳам шундай: «Мураббийнинг бу вазиятдаги норозилигининг эҳтимолий ягона сабаби – бу футболчи майдонга тушишни пайсалга солгани».
Салоҳ қолган вақт ичида жамоасига ёрдам бера олмади, ўйиндан кейин микст-зонада эса ҳодисани қўпол шаклда изоҳлади: «Агар мен бугун гапирсам, ёнади».
Юрген Клопп эса анча босиқлик қилган: «Биз бу вазиятни йигитлар билан кийим алмаштириш хонасида муҳокама этдик. Барчаси ҳал бўлди. Мо ҳам шундай деб ҳисоблайдими? Менимча, ҳа».
Бу Салоҳнинг Клопп билан илк бор баҳслашиши эмас. 2021 йилда у «Челси» билан ўйиннинг 62-дақиқасида захирага олинганига кескинлик билан муносабат билдирганди. Умуман олганда, мисрлик футболчи ва германиялик мутахассис етти йил самарали ҳамкорлик қилишди, аммо баъзида бундай баҳслар медиа кўз ўнгида содир бўлиб туради. «Ливерпул» учун бу ҳодиса икки баробар ёқимсиз, анчадан буён Салоҳ Саудия Арабистонига кетиши ҳақида гаплар юрарди ва энди бу яқин ойларда рўй бериши эҳтимоли ошди.
Эндиликда «Ливерпул» АПЛ турнир жадвалида учинчи ўринда қолди, жамоа 35 турдан кейин 75 очко жамғарган. Катта эҳтимол билан олтин учун пойга энди фақат «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўртасида давом этади — Юрген Клоппнинг АПЛдаги даври уч ўйиндан кейин якунланади.
Кучли учликдаги жамоаларнинг қолган ўйинлари:
Бу апрел – «Ливерпул» учун шунчаки қайғули кечди. Жамоа фанатлари Клопп билан шундай ҳолатда хайрлашишларини хаёлларига ҳам келтирмаганди.
Мавзуга оид
13:34
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
23:49 / 08.11.2024