23:06 / 29.04.2024
17603

Дэвид Кэмерон Марказий Осиёга сафарида ҳашаматли самолёт ижарага олгани учун танқид қилинди

Кэмерон ўтган ҳафтада ҳашаматли Embraer Lineage 1000 самолётида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга беш кунлик ташриф билан борган эди.

Фото: Getty Images

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон яқинда Марказий Осиё бўйлаб сафарига нархи тахминан 42 миллион фунт стерлинг (52,6 миллион доллар) бўлган ҳашаматли самолётни ижарага олгани учун танқид қилинди, деб ёзди The Guardian.

Кэмерон ўтган ҳафтада Embraer Lineage 1000 самолётида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга беш кунлик ташриф билан борди.

Самолётга эгалик қиладиган Union Aviation компанияси ўз веб-сайтида ҳаво кемасида йўловчиларга шароб танлашда ёрдам берадиган сомелие борлигини маълум қилган. Компания, шунингдек, «энг талабчан йўловчилар» учун озиқ-овқат менюсини таклиф қилади. Самолётда шунингдек, овқатланиш столи ва узайтирилган диванлар билан плазма ТВ ҳам мавжуд.

Буюк Британия Лейбористлар партияси вакили Эмили Торнбери бунинг учун Кэмеронни ижтимоий тармоқларда танқид қилди.

«Мен Дэвид Кэмерон бир ҳафта ичида бир нечта мамлакатларга саёҳат қилганда самолёт ижарага олиши кераклигини тушунаман, аммо бу бозордаги энг ҳашаматли шахсий самолётлардан бирини ижарага олиш учун солиқ тўловчилар ҳисобидан юз минглаб фунт сарфланишини оқламайди», деди у.

Кэмерон сафаридан олдин, Британия ҳукумати ташқи ишлар вазири Британия бизнеси имкониятларини илгари суриш учун бораётганини ва минтақадаги давлатлар суверенитети, мустақиллигини қўллаб-қувватлашга учун 50 миллион фунт стерлинг (62,7 миллион доллар) миқдорида янги маблағ ажратилишини эълон қилган эди.

Ўтган йили ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Жеймс Клеверли Кариб денгизи ва Лотин Америкаси бўйлаб 8 кунлик саёҳати учун худди шу турдаги самолётдан фойдаланганда тахминан 400 минг евро (428 минг доллар) тўлагани учун танқид қилинган эди.

Бош вазир Риши Сунак ҳам Буюк Британиядаги қисқа масофали сафарлари учун самолётдан фойдаланиши туфайли мунтазам танқид остига олинади.

Аввалроқ, Риши Сунак, Дэвид Кэмерон ва қирол Чарлз III Дубайдаги COP28 иқлим анжуманига алоҳида самолётларда парвоз қилгани учун ҳам танқид қилинган эди.

Top