Россия қуроллар учун бутловчи қисмларни Украина иттифоқчилари орқали оляпти - The Insider
The Insider нашрининг ёзишича, ракета ва дронларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган конденсаторлар Россияга нафақат Хитой ва Ҳонгконг, балки Европа Иттифоқи айрим давлатлари орқали ҳам олиб келиняпти.
Россия компаниялари ракеталар ва дронларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган тантал конденсаторларини бир қатор давлатлар, шу жумладан Украина иттифоқчилари орқали импорт қиляпти. Бу ҳақда The Insider 27 апрел куни чоп этган суриштирувда айтилади.
Нашр таъкидлаганидек, тантал конденсаторлар электрониканинг ажралмас элементи бўлиб, Россияда деярли ишлаб чиқарилмайди. Бироқ, санкцияларга қарамай, мамлакатда бирон бир саноат, ҳатто ҳарбий соҳа ҳам уларнинг етишмовчилигига дуч келмаяпти. «Бундай конденсаторлар деярли ҳар қандай электроникада ишлатилиши мумкин бўлса-да, импорт қилинган қисмлар Россия Украинага қарши ишлатадиган камикадзе-дронлар, «Корсар» разведка учувчисиз учоқлари ва X-101 ракеталари каби қуролларда қўлланяпти», - деб ёзади журналистлар Украинада уриб туширилган Россия ускуналари таҳлилига таяниб.
Аниқланган ракета ва дрон қисмлари орасида Kyocera AVX, Vishay ва KEMET Corporation томонидан ишлаб чиқарилган конденсаторлар бор. Ушбу компанияларнинг барчаси АҚШда бош офисларига эга, аммо уларнинг маҳсулотлари қайта сотиш тармоғи туфайли Россия Федерациясига оқиб боришда давом этмоқда.
Салвадор, Исроил ва Мексикадан олинган қисмлар
Конденсаторлар экспорти бўйича дунёдаги етакчи ўринлардан бири Салвадорга тегишли бўлиб, у эрда Kyocera AVX япон-америка заводи жойлашган. The Insider маълум қилишича, Россия ракеталари Салвадорда ишлаб чиқарилган Kyocera AVX конденсаторлари билан жиҳозланган. 2021 йилда барча конденсатор таъминотининг чорак қисми Россия Федерациясига тўғридан тўғри Салвадордан келган. Энди улар, эҳтимол, Хитой орқали олиб ўтилмоқда - 2023 йилда Хитойдан Россияга келган конденсаторларнинг катта қисми божхона маълумотлар базаларида «ишлаб чиқарилган мамлакат» устунида «Салвадор» деб кўрсатилган.
Исроилдаги заводда яратилган Vishay Америка маҳсулоти Россия Федерациясига асосан Хитой ва Ҳонгконгдан, шунингдек, Кипр ва Венгриядан келади. Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Исроилнинг Vishay заводида ишлаб чиқарилган тахминан 1,3 миллион долларлик тантал конденсаторлари Россияга етиб борган. The Insider нашрининг Россия қуролларида Vishay конденсаторларидан фойдаланилиши ҳақидаги саволига жавобан компания Украинада уруш бошланганидан кўп ўтмай Россия Федерациясига етказиб беришни тўхтатиб қўйганини билдирди.
Kemet Америка маҳсулоти ишлаб чиқариш жойи ҳисобланувчи Мексика тантал конденсаторларини Россияга импорт қилиш бўйича учта етакчидан бири бўлиб турибди. 2023 йилда, The Insider маълумотларига кўра, Россияга камида 6 миллион долларлик Kemet тантал конденсаторлари импорт қилинган. Конденсаторлар Венгрияга Ҳонгконгдан келади ва кейинчалик Венгриянинг Matrix Metal Group компанияси ёрдамида Россияга импорт қилинади.
Литва брокерларининг ёрдами
Суриштирув маълумотларига кўра, Литва божхона брокерлари Россия Федерациясига тантал конденсаторларини ҳамда бошқа санкция остидаги товарларни олиб киришда ёрдам беради. Нашр Литванинг конденсаторларни етказиб беришда иштирок этган иккита компанияси - Vinges Terminalas ва Autoverslo Logistika компанияларини аниқлашга муваффақ бўлди. Улар нафақат божхона ҳужжатларини расмийлаштирибгина қолмай, балки қисмларни Литвага олиб кириб, кейинчалик уларни Россияга олиб кетган. Компаниялар журналистларнинг сўровларига жавоб бермади.
Мавзуга оид
09:50
Хитой Россия ва КХДР ўртасидаги «муносабатлар»ни «уларнинг шахсий иши» деб атади
07:35
Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди
18:09 / 01.11.2024
КХДР Россияни «муқаддас урушда» қўллаб-қувватлайди – КХДР ташқи ишлар вазири
17:18 / 01.11.2024