Ўзбекистон | 14:51 / 29.04.2024
4441
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди

Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича ахборот берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрел куни III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди.

2022 йилда ўтган илк форумга 56 мамлакатдан мингдан зиёд хорижий меҳмонлар келган бўлса, бу йил 84 та давлатдан қарийб 2 минг 500 киши қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида ҳукумат вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, БМТ, ЕТТБ, ОПЕК, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар бор.

Форумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилди.

Форум мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кўрсатиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни келишиш учун қулай майдондир. Унинг доирасидаги тадбирлар, муҳокама қилинадиган масалалар кўп. Жумладан, шуъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби 40 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган. Шунингдек, қатор лойиҳаларни ишга тушириш маросими кўзда тутилган.

Давлат раҳбари форумни юқори даражада ташкиллаштириш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини тўла намоён этиш бўйича кўрсатмалар берди.

3 май куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ҳам ўтказилади.

Бу галги мажлисда мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Мавзуга оид