Ўзбекистон | 21:17 / 30.04.2024
5691
5 дақиқада ўқилади

30 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Футболчиларга президентдан табрик, Ал-Кувайт ва Фарғона ўртасида авиақатновлар режаси, табиатга етказилаётган зарарлар, машинада одам уриб ўлдирган мактаб ўқувчиси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Президент футболчиларини ғалаба билан табриклади

Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар миллий жамоасини олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани муносабати билан табриклади.

Қатарда ўтаётган 23-ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Осиё кубогининг яримфиналида Темур Кападзе шогирдлари индонезиялик тенгқурлари устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва тарихда илк бор ёзги олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

“Жонажон Ўзбекистонимизнинг футбол тарихида биринчи марта эришилган бундай ёрқин ғалабани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги барча спорт мухлислари, кўпмиллатли бутун халқимиз чексиз қувонч ва ғурур билан кутиб олди. Зеро, бу эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси эди”, — деган президент ўз табригида.

3 май куни бўлиб ўтадиган финал учрашувида Ўзбекистон ёшлар миллий жамоаси Япония ёшларига қарши майдонга чиқишади.

“Ишончим комилки, сизлар бу ютуқдан янада руҳланиб, финал беллашувида “Осиё чемпиони” деган шарафли ном учун муносиб кураш олиб борасиз”, — деган Мирзиёев футболчиларга табригида. 

Фарғонадан Кувайтга тўғридан тўғри авиақатнов

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Кувайтга қилган ташрифи чоғида Kuwait Airways авиакомпанияси бош офисида бўлиб, авиакомпания бошқарув кенгаши раиси Абдулмуҳсин Салим Ал-Фағон билан учрашди.

Kuwait Airways Фарғонага тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истагида эканини билдирган.

Фарғонадан Кувайтга парвоз вақти 3–3,5 соатни ташкил қилиши ҳисобга олинса, Кувайт халқаро аэропорти Ўзбекистон фуқаролари учун қулай транзит нуқтасига айланиши мумкин. 

Кун рақами

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди. 2024 йил май ойидан минимал истеъмол харажатлари миқдори 4,4 фоизга оширилиб, киши бошига 1 ойга 648 минг сўм этиб белгиланди.

Бунга сабаб қилиб 1 майдан эътиборан энергетика соҳасида бозор механизмлари жорий этилаётганлиги кўрсатилган ва минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача оширилган. 

Табиатга 80 млрд сўмлик зарар етказилди

Экологик назорат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси муҳофаза зонасида битта экскаватор ва 2 та юк машинаси ёрдамида рухсатномасиз қум-шағал қазиб олиниб, ўрнига қурилиш бетон қолдиқлари жойлаштирилаётгани аниқланган.

Табиатга қум-шағал қазиб олиниши натижасида 21,4 миллиард, чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилиши натижасида эса 112,5 миллион сўмга яқин зарар етказилган.

Чирчиқ дарёсининг бошқа бир қисмида муҳофаза зонаси ва қирғоқ бўйида тахминан 4 гектарга яқин майдонда қазиш ишлари амалга оширилгани маълум бўлди. Табиатга етказилган зарар миқдори эса қарийб 62,3 млрд сўмни ташкил қилади.

Ҳар икки ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида барча ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган. 

Кун фотоси

Тошкент марказидаги Истиқлол кўчаси кўчасида асфалт ўпирилиб тушди. Ўпирилиш диаметри 2 метрни чуқурлиги 1,5 метрни ташкил этади. Ҳодисага сабаб иссиқлик қувурида юз берган авариявий ҳолат экани айтилмоқда. 

1,5 мингта дарахт ёқиб юборилди

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида номаълум шахс 1500 га яқин мевали ва манзарали дарахтларни ёқиб юборгани хабар қилинмоқда.

Ekolog.uz Telegram-канали хабарига кўра, Оҳангарон дарёсининг муҳофаза зонасида рўй берган ҳолат бўйича жиноий ёки маъмурий иш очилмаяпти.

Ҳудуддаги мавжуд мевали ва манзарали дарахтлар ёниб кетиши оқибатида табиатга зарар етказилган. Бу билан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида экология инспекторлари томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. 

Мактаб ўқувчиси автоҳалокат содир этди

Наманган шаҳрида 17 ёшли мактаб ўқувчиси бошқарувидаги Lacetti йўл четида турган талабаларни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида улардан бири — хоразмлик талаба шифохонада вафот этган.

Маълум бўлишича, 20 апрел куни соат 18:40 атрофида 11-синф ўқувчиси ўз тоғасининг номида бўлган Lacetti автомашинасини Янги Наманган туманнинг Еттинчи мингчинор кўчасида бошқариб кетаётган бўлган.

Бошқарув асносида тезликни ошириб, тажрибасизлиги оқибатида йўлнинг қарама-қарши қисмига ўтиб кетган ва йўл четида турган Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг 2 нафар хоразмлик талабасини уриб юборган. Ҳодиса оқибатида йигитлардан бири енгил жароҳат олган. Бири эса кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай шифохонада вафот этган.

Мавзуга оид