Ўзбекистон | 19:55 / 30.04.2024
29834
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «квартплата»нинг минимал миқдори тасдиқланди  

Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирининг буйруғи билан кўп квартирали уйлардаги мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорлари тасдиқланди. Тўловлар ҳудудлар кесимида бинода коммуникация тармоғи, лифт бор ёки йўқлиги ҳамда қаватлар сонига қараб турлича бўлади.   

Фото: Kun.uz

Кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорлари белгиланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.  

Мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокировнинг 15 апрелдаги буйруғида келтириб ўтилган. Тўловлар бинодаги қаватлар сонига, лифт бор ёки йўқлигига боғлиқ.

Жумладан, Тошкент шаҳрида коммуникациялари мавжуд бўлган икки қаватли уйлар учун тариф 1 кв метр учун 1147−1149 сўм, 3 қаватли бинолар учун 1303−1305 сўм, 4 қаватли бинолар учун 1514−1518 сўм, лифтсиз 5 қаватли бинолар учун 1512−1514 сўм, лифтли 6 қаватли бинолар учун 1110 сўм, 7 қаватли бинолар учун 1703−1709 сўм, 8 қаватли учун 1701−1707 сўм, 9 қаватли учун 1700−1706 сўм, 10 қаватдан бошланган бинолар учун эса 1828−1830 сўмни ташкил этади.

Бошқа ҳудудлар учун суммалар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг буйруғида (PDF) кўрсатилган.

Вазир буйруғида келтирилишича, мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг миқдори тасдиқланган нархлардан паст бўлмаслиги керак. 

Шунингдек, вазирнинг 2024 йил 12 мартдаги буйруғи билан кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унга кўра, мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорини аниқлашда фойдаланиладиган харажатлар қуйидагилардан ташкил топади:

— мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган кўп квартирали уйларнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхатидаги хизматларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар;

— кўп квартирали уйни бошқариш органининг (бундан буён матнда бошқариш органи деб юритилади) маъмурий ходимлари ҳамда ишчи хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш;

— бошқариш органининг кўп квартирали уйни бошқариш учун зарур бўлган техника, алоқа ва ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини сақлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш;

— бошқариш органининг маъмурий эҳтиёжлари учун бинолар ва хоналар ижараси ҳақини тўлаш;

— бошқариш органининг ходимларини мажбурий суғурта қилиш;

— кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ бўлган тўловлар тижорат банклари ва электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилганда, мазкур тўловлар ўтказилганлиги учун олинадиган воситачилик ҳақлари;

—  бошқариш органи ходимларининг малакасини ошириш.

Мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдори ҳар икки йилда бир марта белгиланади. У тегишли формула билан ҳисобланади.  

Эслатиб ўтамиз, энг кам мажбурий бадалларни жорий этиш президентнинг 2023 йил 15 августдаги тегишли қарорида кўзда тутилган.

Мавзуга оид