Ўзбекистон | 16:49 / 30.04.2024
5231
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги мактабларнинг 87 фоизида канализация йўқ — Delivery Unit

Ҳатто жозибали кўриниш ва замонавий жиҳозларга эга янги мактабларда бино ичида ҳожатхона бўлса-да, улар қулфлаб қўйилган, натижада ўқувчи ва ўқитувчилар элементар талабларга жавоб бермайдиган ҳовлидаги ҳожатхоналарга боришга мажбур. Бу ҳақда Ўзбекистондаги 9,5 мингга яқин мактаб бўйича тадқиқот ўтказган Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Delivery Unit жамоаси маълум қилди. Ташаббускорлар мактабларга маблағ ажратишни кўпайтиришни ва “уч юлдуз” тизимини таклиф этмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 9 442 та мактабни инвентаризациядан ўтказди.

Агентликнинг Delivery Unit жамоаси (Натижаларга эришиш бошқармаси) бу жараёнда мактаблар бинолари, томлари, электр, иситиш таъминоти тизимлари, ошхоналар, фаоллик заллари, ҳожатхоналарнинг техник ҳолати, шунингдек, девор, пол, дераза ва эшикларнинг ҳолатини баҳолаган.

Ўрганиш якунлари бўйича Kun.uz'га тақдим этилган маълумотга кўра, тадқиқот учун алоҳида веб-сайт яратилиб, мутахассисларга кадастр маълумотларига кириш имконияти берилган. Бир биноли мактаблар учун 55 та савол тузилган; бинолар қанча кўп бўлса, шунча кўп саволга (85 тагача) жавоблар олинган. Анкеталарни тўлдирганлар фамилияси, телефон рақами ва мактаб СТИРи орқали текширилган.

Мактаблар қуриш даврлар кесимида

Маълум бўлишича, ҳозирда мавжуд мактабларнинг энг қадимийси 1871 йилда Андижон шаҳри Мустақиллик маҳалласида қурилган. Янги таълим муассасалари қурилишнинг энг фаол босқичлари 1984-1989 ҳамда 2006-2009 йилларга тўғри келади, бу вақт давомида мос равишда 1391 та ва 1298 та мактаб барпо қилинган.

Ҳудудлар кесимида йиллар давомида мактаблар қурилиши / Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги

Сувсиз, канализациясиз мактаблар

Сўров натижаларига кўра, мактабларнинг 87 фоизида марказий канализация тизими мавжуд эмас.

“Ҳатто янги мактаб биноларида, жозибали кўриниш ва замонавий жиҳозлар мавжуд, реконструкция лойиҳасига мувофиқ бино ичида ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ҳожатхона ўрнатилган, бироқ маълум бўлишича, ҳожатхона қулфланган. Натижада мактаб ўқувчилари ҳам, ўқитувчилар ҳам кўп ҳолларда оддий санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган мактаб ҳовлисидаги ҳожатхоналардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда”, – дея қайд этган Delivery Unit.

Қолаверса, ўрганишларда мактабларнинг 53 фоизи марказлашган сув таъминоти билан таъминлангани аниқланган, қолган 47 фоиз мактаблар қуйидагича тақсимланган: 27 фоизи қудуқдан, 11 фоизи етказиб бериладиган сувдан фойдаланади ва 9 фоизида умуман сув йўқ.

Санитария-эпидемиология осойишталиги қўмитасининг 2023 йил бўйича тайёрлаган маълумотларига кўра, 2022 йилга нисбатан республикада вирусли гепатит А билан касалланиш икки бараварга ошган, мактаб ёшидаги болаларда 39 фоизни ташкил этган. Бунга эса айнан сув таъминоти, канализация, санитария ва гигиена билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлиши мумкин.

Жараён занжир бўлиб нафақат болалар саломатлигининг ёмонлашишига, балки давоматга ҳам бевосита таъсир кўрсатиши айтилади. СИАга кўра, 39 фоиз мактаб раҳбарлари ҳожатхоналар ҳолатини ўқувчилар давоматининг пастлиги билан бевосита боғлайди.

Бу ҳолат болаларнинг мактаб ҳожатхонасидан фойдаланишни хоҳламаслигига, оқибатда сийдик йўллари тизими касалликларига чалинишига олиб келиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Delivery Unit жамоаси ҳолатни ўрганиш ва таклифлар ишлаб чиқиш учун австралиялик санитария ва гигиена бўйича мутахассис Марк Эллери билан суҳбатлашган. У мактаблар учун янги ҳожатхоналарни лойиҳалаш ва мавжудларини янгилаш учун турли хил арзон таклифларни ишлаб чиққан.

Мутахассиснинг аниқлашича, муаммоларнинг асосий сабабларидан бири – сув етишмаслиги ва мактаблар ичидаги ҳожатхоналарнинг нотўғри қурилгани билан боғлиқ. Чуқур ковлама ҳожатхоналар тез тўлади, уни тозалаш учун маблағ етишмайди. Мактаб ичидаги ҳожатхоналар эса муассаса маъмурияти томонидан ёпиб қўйилади ва болалар кўпинча суви бўлмаган ташқи ҳожатхоналардан фойдаланишга мажбур бўлади.

Таъкидланишича, ҳожатхоналарда бадбўй ҳид пайдо бўлишининг олдини олиш учун бетон қопламадан воз кечиш керак. Чунки ҳожатхоналарда бетон гидроизоляцияси деярли бажарилмайди, чиқиндиларни йўқ қилиш тизимлари йўқ, бу уларнинг тезда тўлишига олиб келади.

WASH стандарти ҳақида

Қайд этилишича, мактаблар учун WASH стандартлари – “уч юлдуз” (Three star) тизими мавжуд. Ўзбек мактабларига ҳам шуларни жорий қилиш таклиф этилмоқда. Унга кўра:

  • бир юлдуз қизлар ва ўғил болалар учун тоза ва алоҳида ҳожатхоналари мавжуд бўлган, ичимлик сув билан таъминланган ҳамда санитария ва гигиена қоидаларини қўллаб-қувватлашга жамоатчилик вакилларини жалб қилган мактабларга берилади;
  • икки юлдуз ўқувчилар ичимлик сувдан бепул фойдаланишлари, ҳожатхонадан фойдалангандан кейин қўлларини совун билан ювиш имконияти ва ўқувчилар учун қўшимча ҳожатхоналар мавжуд мактабларга берилади;
  • қўшимчасига ўқувчилари гигиена қоидаларига ўргатиладиган, ногирон ўқувчилар учун санитария иншоотлари мавжуд бўлган мактабларга уч юлдуз берилади.

Delivery Unit хулосасига кўра, Ўзбекистон мактаблари етарли даражада молиявий ёрдам олмайди. Масалан, бинони таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан йилига атиги ўртача 2,5 миллион сўмга яқин маблағ ажратилади.

”Болалар учун санитария ва гигиенанинг асосий шароитларини таъминлаш учун мактабларни молиялаштиришни қайта кўриб чиқиш ва кўпайтириш зарур. Шунингдек, ҳудудлардаги барча сув таъминоти лойиҳаларида яқин атрофдаги барча мактабларни сув таъминоти тизимига боғлаш керак”, – дейди жамоа.

Ҳозирда йиғилган маълумотлар асосида мактабларнинг инфратузилмасини бир неча йўналишда баҳолаш ишлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил март ойида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мактабларнинг инфратузилмаси ва таълим сифатига оид таҳлилларини тақдим қилганди. Унга кўра, Ўзбекистондаги мактабларда битта ўринга 1,2 нафар ўқувчи тўғри келади. Мактабларнинг деярли 16 фоизи капитал таъмирлашга муҳтож, 4,6 фоизи эса умуман яроқсиз ҳолатда. 70 фоизи канализация тизимига, 28,4 фоизи эса интернет тармоғига уланмаган.

Аввалроқ Kun.uz мактабдаги ташқи ҳожатхоналар ҳолати ҳақида таҳлилий материал эълон қилган эди.

Мавзуга оид