Тошкент вилоятида икки йигит такси ҳайдовчисининг жонига қасд қилмоқчи бўлди
Улар такси ҳайдовчисини ошхона пичоғи билан жароҳатлаб, уни бўғишаётганда Янгийўл тумани ИИБ тунги навбатчилик гуруҳининг тўрт нафар аъзоси келиб қолган ва йигитлар қўлга олинган.
Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудида икки нафар шахс такси ҳайдовчисининг жонига қасд қилишга уринаётганда қўлга олинган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов хабар берди.
Маълум бўлишича, 2024 йил 27 апрел куни соат 23:30 ларда 20 ёшли З.М. ва 18 ёшли Д.М. қасддан одам ўлдириш ва ўзганинг мулкини эгаллаш мақсадида ошхона пичоғи билан қуролланиб, Тошкент шаҳридаги метро бекатлардан бирининг олдида илова орқали таксига буюртма берган.
Шунда уларнинг чақирувига асосан 56 ёшли Ч.А. Jentra машинаси билан етиб келган. Йигитлар олдиндан тузилган режага мувофиқ таксини Тошкент-Термиз автомобил йўли орқали Янгийўл тумани ҳудудига йўналтирган.
Тахминан соат 01:00 ларда “Чаманзор” МФЙ ҳудудига етиб келиб, токзор ичига киргач, йигитлар машинани тўхтатган. З.М. ҳайдовчининг қўлларидан ушлаб, орқа ўриндиқда ўтирган Д.М. эса ошхона пичоғи билан ҳайдовчининг бўйин қисмига уриб, уни бўға бошлайди.
Шу пайт туман ИИБ тунги навбатчилик гуруҳининг тўрт нафар аъзоси келиб қолади ва йигитлар қўлга олинади.
Дастлабки суриштирувда З.М. Тошкент ахборот ва технология университети, Д.М. эса Тошкент давлат иқтисодиёт университети 1-босқич талабалари экани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси томонидан З.М. ва Д.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “и”, “п” бандлари ва 164-моддаси 3-қисми “б” банди билан айблов эълон қилинган. Йигитлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
18:50 / 29.10.2024
Тошкентда икки талаба таксичини ўлдириб, машинасини олиб қочмоқчи бўлди
22:37 / 27.10.2024
Боливия собиқ президенти Эво Моралесга суиқасд уюштирилди
11:28 / 26.10.2024
Комил Алламжоновга суиқасд бўйича жиноят иши қўзғатилди
09:44 / 26.10.2024