Жаҳон | 14:14 / 01.05.2024
16890
5 дақиқада ўқилади

«Даҳшатли зўравонлик ҳаракатлари». Полиция Колумбия университетини штурм қилди, Калифорния университетида талабалар тўқнашди

Полициячиларнинг Колумбия университетида ўтказган рейди ортидан Калифорния университети ҳам диққат марказига тушди, бу ерда турли қарашлардаги намойишчиларнинг икки гуруҳи ўзаро тўқнашган.

Фото: AFP

Университет вице-президенти Мэри Осако «тунда лагерда даҳшатли зўравонлик ҳолатлари рўй бергани» ва раҳбарият ҳуқуқ-тартибот органларини чақиришига тўғри келганини айтди.

Ҳозирча тўқнашувга айнан нима туртки бўлгани маълум эмас, аммо, айрим маълумотларга кўра, намойишчилар икки гуруҳга мансуб талабалар ўртасида «буфер зона» ҳосил қилган тўсиқни ағдариб ташлашган.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган кадрларда одамлар фаластинликларни қўллаётган талабаларнинг чодирлардан иборат лагерига турли буюмлар ва машъалалар улоқтираётгани акс этган.

Лос-Анжелес маъмурияти шаҳар полиция бошқармаси ўз ходимларини университетга юборганини маълум қилган. Полициячилар талабалар шаҳарчаси ҳудудида юргани акс этган кадрлар ҳам тарқалган. Лос-Анжелес полицияси университет маъмурияти «ноқонуний митинг» ҳақида хабар берганидан кейин ўз ходимларини кампусга юборганини тасдиқлаган.

Фото: ABC7

Daily Bruin газетаси мухбири, Калифорния университети ҳудудида бўлиб турган Дилан Уинворднинг маълум қилишича, Исроилни қўллаётган намойишчилар маҳаллий вақт билан соат 22:00 атрофида турли буюмлар улоқтира бошлаган — сув солинган бутилкалар, машъалалар ва ҳатто кимнингдир скутери ҳам учиб келган. BBC мухбири хабарига кўра, ҳавода кўздан ёш сиздирувчи газ ҳиди анқимоқда.

Уинворднинг сўзларига кўра, университет қўриқчилари ҳудудни тарк этишган, буфер ҳудудни бундан буён «хавфсиз ушлаб тура олиши»га уларнинг кўзи етмаган.

Колумбия университети штурм қилиниши

 

Сешанба куни кечқурун АҚШ полицияси Ню Йоркдаги Колумбия университетининг фаластинликларни қўллаб-қувватлаб чиққан намойишчилар эгаллаб олган биноларидан бирини штурм қилди.

Бир неча юз полициячи бинога деразалар орқали йўл очадиган ҳаракатланувчи платформада «Ҳамилтон-ҳолл»га киришган. Америка нашрлари хабарига кўра, полициячилар 50 нафар атрофидаги намойишчиларни қўлга олишган. Улар бинодан қўллари боғланган ҳолда олиб чиқилган ва автобусларга ўтқизилган.

Бир кун олдин Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига норозилик билдирган ва фаластинликларни қўллаб-қувватлаётган намойишчилар «Ҳамилтон-ҳолл»ни эгаллаб олгач, университет маъмурияти полициячиларни ёрдамга чақирганди.

Университет томонидан ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган мактубда айтилишича, бинога бир гуруҳ талабалар кириб келгач, бино намойишчилар назорати остига ўтган. Акция иштирокчиларидан бири эшикни очиб берган ва маслакдошларини ичкарига киритган.

Полиция хабар беришича, намойишчилар бинода баррикада ўрнатишган ҳамда кузатув камераларини синдиришган.

Колумбия университети раҳбари, полицияга юборилган мактубни имзолаган Немат Шафиқнинг сўзларига кўра, бу ҳаракатларга «университетга алоқадор бўлмаган шахслар раҳбарлик қилган». Шафиқ намойишчилар университетга тегишли бинода ноқонуний бўлиб, бу ерда вандализм билан шуғулланишган.

Ню Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс ҳам намойишларда Колумбия университети талабалари бўлмаган шахслар ҳам қатнашаётгани ҳақида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, «Ҳамилтон-ҳолл»ни эгаллаб олиш «ташқи агитаторлар» томонидан уюштирилган.

Қўлга олинган намойишчилар автобусларга солиб олиб кетилган. Фото: AFP

Аммо норозилик акцияси ташкилотчиларидан бири, фаластинлик олим, Колумбия университетида таҳсил олувчи Маҳмуд Халил Reuters агентлиги билан суҳбатда намойишда бегоналар йўқлигини айтган. «Булар фақат талабалар», — деган у.

Колумбия университети кампусида қарийб икки ҳафтадан буён палаталар лагери ўрнатилган, бу ерда фаластинликларни қўллаётган намойишчилар яшамоқда.

Колумбия университети АҚШнинг Ғазодаги урушга қарши намойишлар бошланган илк олий таълим муассасаси бўлганди.

18 апрел куни,ушбу ўқув муассасаси раҳбари Конгрессда кампус ҳудудида антисемитизм муаммоси мавжудлиги тўғрисида кўрсатма берганидан сўнг лагердаги намойишчилар сони кескин ортди.

Университет маъмурияти полициядан аралашишни сўради, ўтган вақт мобайнида 100 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинди.

Фалестинликларни қўлловчилар Американинг бошқа кўплаб университетларида, жумладан Техас, Калифорния, Жоржия, Шимолий Каролина ва бошқа штатлардаги олий таълим муассасаларида ҳам намойишлар ўтказмоқда. Ушбу муассасалар кампусларида полициячилар жами мингдан ортиқ намойишчиларни қўлга олган.

Аммо Америкадаги айрим университетлар Исроилнинг ҳаракатларига қарши намойишлар ўтказишга тўсқинлик қилмаяпти.

Кампусларда намойишчилар палаталардан лагерлар ўрнатишган, улар ўтирган ҳолда забастовка ва намойишлар қилишмоқда.

Шу билан бир вақтда, Америкадаги айрим яҳудий талабалар Ирсоилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилиш кўпинча антисемитизмга айланиб кетаётгани ва ўзларини хавфсизликда ҳис қилмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Колумбия университетидаги раввин аввалроқ яҳудий талабалардан кампуслардан узоқроқ бўлишни сўраганди.

Мавзуга оид