Жаҳон | 08:17 / 01.05.2024
3091
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Одессага берган зарбаси оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Россия армияси Украинанинг денгиз соҳилидаги шаҳрини яна ўққа тутди. Расмийларга кўра, турар жой бинолари зарар кўрган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

1 май, чоршанбага ўтар кечаси Россия Одессага баллистик ракеталар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Олег Кипер ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Кипернинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳат олган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Фуқаролик инфратузилмасига етказилган зарар ҳам қайд этилган. 

Одесса мэри Геннадий Труханов ҳам тунги зарбага реакция билдирди ва шаҳар аҳолисини ҳаво ҳужуми сигналлари бўйича тезда чоралар кўришга чақирди. «Кўряпсизми, душманда «муҳим саналар» бошланди», — деб ёзди Труханов ўзининг Telegram-каналида. 

Бир кун олдин ҳам рус армияси Одессани ўққа тутди. Украина расмийларига кўра, зарба кассетали ўқ-дорилар борлиги тахмин қилинаётган баллистик ракеталар ёрдамида амалга оширилган. Оқибатда беш киши ҳалок бўлди, яна 23 киши яраланди, турар жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрди. 30 апрел Одессада мотам куни деб эълон қилинди. 

Мавзуга оид