Россиянинг «Победа» авиакомпанияси АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди
Авиакомпания 2023 йилдан бери Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
АҚШ Молия вазирлиги россиялик 29 нафар жисмоний ва 250 дан ортиқ юридик шахсни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда вазирлик веб-сайтида хабар берилди.
Шунингдек, 16 та кема ва Россиянинг радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинларига, Мудофаа вазирлигининг илмий-тадқиқот институтларига ҳам санкциялар жорий этилди.
Санкциялар рўйхатига «Победа» авиакомпанияси ҳам киритилди, чунки компания «Россия иқтисодиёти секторида ҳарбий-саноат базасини қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолият билан шуғулланади».
Шу билан бирга, «Ланит» корпорацияси, Урал автомобил заводи, Брянск автомобил заводи, Ярославл мотор заводи, «Сибантрацит» тизимига кирувчи компаниялар ҳам санкцияга дучор бўлган.
Туркия, БАА ва Хитой компаниялари ҳам Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритилган.
«Победа» - Россиянинг лоукостер (арзон нархли) авиакомпанияси бўлиб, «Аэрофлот-Россия» таркибига киради. Қароргоҳи Внуково (Москва) аэропортида жойлашган. Авиакомпания Москва — Тошкент — Москва, Москва — Самарқанд — Москва, шунингдек, Санкт-Петербург — Самарқанд — Санкт-Петербург йўналиши бўйича парвозларни амалга оширмоқда.