Спорт | 19:16 / 02.05.2024
14872
5 дақиқада ўқилади

Испаниями ёки Исроилга қарши реванш? Ўзбекистоннинг Париж-2024даги эҳтимолий рақиблари ҳақида

Ўзбекистон футболимиз тарихида илк марта Олимпиадага йўлланма олди ва бугун, 3 май куни Японияга қарши ўтадиган финалдан сўнг Париж-2024даги рақибларимиз номи ҳам аниқ бўлади. Темур Кападзе шогирдлари Тьерри Анри мураббийлигидаги Франция ва Маскерано бошчилигидаги Аргентина билан бир гуруҳдан жой олмаcа-да, Испания ёки Исроил билан бир гуруҳдан жой олиши мумкин.

Мбаппе ва Месси Париж-2024да иштирок этадими?

Париж-2024 гуруҳ босқич қуръа ташлаш маросими шу йилнинг 20 март куни бўлиб ўтганди. Қуръага кўра, иштирокчи 16 жамоа 4та гуруҳга бўлинган. А гуруҳидан мезбон Франция, АҚШ, Янги Зеландия ва Осиё/Африка плей-офф ўйини ғолиби жой олган. Ушбу сўнгги жамоа Индонезия ва Ироқ ўртасидаги 3-ўрин учун баҳсда мағлуб бўлган томон ҳамда Гвиния ўртасидаги баҳс ғолиби бўлади. Бош мураббий Тьерри Анри Францияда ўтадиган турнирда 23 ёшдан катта 3 нафар ўйинчи лимити учун – Килиан Мбаппе, Антуан Гризманн ва Оливье Жирунинг ёрдам беришига умид қилмоқда.

В гуруҳидан эса Хавьер Маскерано мураббийлигидаги Аргентина олимпия жамоаси, Африка Миллатлар кубоги U23 чемпиони Марокаш, Евро-2023 U21 яримфиналчиси Украина ҳамда Осиёнинг 3-жамоасидан иборат бўлади. Бу – Ироқ ёки Индонезия бўлади. Эътиборлиси, Маскерано дўсти Лионел Мессини Париждаги Олимпиадада ҳам Аргентинага ёрдам беришга кўндирмоқчи. «Месси Олимпиадага борса, бизга катта ёрдам берган бўларди. Париждаги турниргача уни Америка кубоги ҳам кутиб турибди. Биз бу масалада кейинроқ яна гаплашиб олишга келишганмиз», - дейди Хавьер.

D гуруҳи: Исроилдан реванш олиш имконияти ва Бразилияни ортда қолдирган жамоага қарши

3 май куни Доҳада ўтадиган Осиё кубоги U23 финалидаги Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги баҳсдан кейин С ва D гуруҳининг барча жамоалари номи маълум бўлади. Финалдаги ғалаба Темур Кападзе шогирдларини D гуруҳига туширади. Бу квартетда Жанубий Америкада Бразилияни Париж-2024 Олимпиадасидан маҳрум этган ва якуний гуруҳда 1-ўринни эгаллаган Парагвай, Африканинг 3-жамоаси бўлган Мали ва ёшлар ўртасида ЖЧ-2023 ва Евро-2023 яримфиналчиси Исроил жой олган.

Олимпиячиларимиз ушбу гуруҳдан ўрин олса, Аббосбек Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов ва ЖЧ-2023да иштирок этган яна бир қатор ёшларимиз Аргентинадаги кичик мундиал 1/8 финалида Исроилдан учралган мағлубият (0:1) учун реванш олиш имкониятига эга бўлишади. Исроил бу турнирда Ўзбекистонни турнирдан чиқариб юбориб, якунда 3-ўринни эгаллаган эди.

C гуруҳи: Ямал – Файзуллаев қарама-қаршилигини кўрамизми?

Жума кунги финалда Темур Кападзе шогирдлари мағлубиятга учраган тақдирда, Ўзбекистон С гуруҳидан ўрин олади.

Бу гуруҳ фаворити сифатида шубҳасиз Испания олимпия жамоасини кўрсатиш мумкин. Санти Дения шогирдлари ўтган йил Европа чемпионати финалида Англияга минимал ҳисобда мағлуб бўлиб, қитъа вице-чемпионига айланган ва шу орқали Олимпиадага йўлланма олганди.

«Атлетико» собиқ футболчиси саналадиган мутахассис Париж-2024га Ла Лигадаги испаниялик иқтидорлар қаторида «Барса» етакчисига айланиб бораётган Ламин Ямални ҳам олиб боришга умид қилмоқда. Бу турниргача Евро-2024 якунланишини инобатга олсак, 16 ёшли юлдуз Франциядаги мусобақага ҳам бориши мумкин бўлади. Бу борада жамоадоши Педри унга ўрнак бўла олади – испаниялик бу футболчи 2021 йилда Евродан кейин Токио Олимпиадасида ҳам тўп суриб, бир мавсумда энг кўп ўйинда майдонга тушиш бўйича рекордчига айланганди. Қайд этиш жоиз, 2023 йилда Испаниянинг ушбу таркиби Тошкентда Кападзе шогирдларига қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушган ва унда кучлар тенг келганди – 0:0.

Бу гуруҳда Испаниядан ташқари, Африканинг 2-жамоаси бўлиб турган Миср ҳамда Шимолий Америкада АҚШдан кейинги 2-ўринни олган Доминикан Республикаси ҳам ўрин олган. Европа, Осиё, Африка ва Шимолий Американинг 2-рақамли жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичи шиддатли ўтишига шубҳа йўқ.

Темур Кападзе шогирдлари тушиши мумкин бўлган бу ҳар икки гуруҳни тенг кучли дейиш мумкин. Шунга қарамай, Ўзбекистон Японияни мағлуб этиб, Осиёнинг 1-рақамли жамоаси сифатида турнирга йўл олиши ҳамда Жанубий Американинг 1-рақамли жамоаси, Европа ва Африканинг учинчи иштирокчилари билан бир гуруҳдан ўрин олиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид