Жаҳон | 22:53 / 02.05.2024
6246
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Курск областида мигрантларга такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланди 

Россия регионларининг тахминан учдан бир қисмида мигрантлар ишлаши мумкин бўлган соҳалар бўйича чекловлар мавжуд.

Фото: Петр Ковалев / ТАСС

Курск области губернатори Роман Старовойт меҳнат мигрантларининг минтақада такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашини тақиқловчи фармонни имзолаганини маълум қилди. 

Амалдор бунгача ижтимоий тармоқда бундай чекловларни жорий этиш зарурлиги ҳақида сўров ўтказган эди. Сўровда 42 мингдан ортиқ киши иштирок этган, уларнинг 82 фоизи тақиқни қўллаб-қувватлаган. 

«Бошқа ҳудудлардаги вазиятни таҳлил қиламиз, бироқ Курск областида мигрантлар кўп эмас», деб ёзди Старовойт ижтимоий тармоқда. 

Губернатор, шунингдек, барча хорижликлар «Россия фуқаролигини олиш ва исталган фаолият соҳасида ишлашни давом эттириш имкониятига эга»лигини қўшимча қилди. 

«Агентство» нашри ҳисоб-китобларига кўра, Россия регионларининг тахминан учдан бир қисмида мигрантлар ишлаши мумкин бўлган соҳалар бўйича чекловлар мавжуд.

Мавзуга оид