G7 давлатлари Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш ғоясидан воз кечди — ОАВ
Мусодара қилиш масаласи «энди муҳокама қилинмаяпти», гарчи Украина буни талаб этаётган бўлса-да.
«Катта еттилик» Россия Марказий банкининг Украинага кенг кўламли уруш бошланганидан бери музлатиб қўйилган активларини мусодара қилиш имкониятини энди кўриб чиқмаяпти, деб ёзди Financial Times.
FT суҳбатдошларининг таъкидлашича, мусодара қилиш масаласи «энди муҳокама қилинмаяпти», гарчи Украина буни талаб этаётган бўлса-да.
Мусодара қилишдан бош тортиш ғоясини Ғарбда сақланаётган ўз захиралари келажаги ҳақида қайғурган Индонезия ва Саудия Арабистони илгари сурган.
G7 давлатлари мусодара қилиш ўрнига Россия активларидан фойда олишнинг муқобил йўлларини ўрганмоқда. Улардан бири активларга нисбатан облигациялар чиқариш ғояси эди, аммо бу ҳам охир-оқибат бекор қилинди, чунки бу режа тўлиқ мусодара қилиш билан бир хил муаммоларга олиб келади.
Оқ уй Украинага музлатилган активлардан келажакда олинадиган фойда билан кафолатланган қарийб 50 миллиард доллар кредит ёки облигациялар беришни таклиф қилмоқда. Аммо Европа Иттифоқи бошқа режага эга: фойданинг катта қисмини биринчи навбатда Украина учун биргаликда қурол сотиб олиш учун ишлатиш.
Бироқ, Европа расмийлари агар уруш яқин келажакда якунланса, бундай режа муаммоли бўлишидан огоҳлантирган, чунки узоқ муддатли мажбуриятлар активлар билан қўллаб-қувватланиши керак, бу «мураккаб ва қиммат» бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, расмийлар агар тинчлик музокаралари бўлиб ўтса, Россия музлатилган активларини қайтаришни талаб қилиши, бунинг эвазига ҳудудлардан воз кечиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, Ғарбда Россия Марказий банкининг 260 миллиард еврога яқин маблағи музлатиб қўйилди. Ушбу пулнинг катта қисми (тахминан 190 миллиард евро) Белгиянинг Euroclear депозитарийси ҳисобларида ва 5 миллиардга яқини АҚШ банкларида сақланмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден иттифоқчиларга Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш учун босим ўтказмоқда, бироқ Европанинг йирик давлатлари бунинг учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрмаяпти ва мусодара, биринчидан, прецедент бўлиб қолишидан, иккинчидан, евро барқарорлигига таъсир қилишидан қўрқмоқда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Россия ўз активларининг мусодара қилинишини судларда ҳимоя этади, бу эса «бундай қарорларни қабул қилганлар учун жиддий юридик харажатларга олиб келади».
Шундай бўлса-да, Белгия депозитарийсида сақланадиган Россия маблағлари қайта инвестиция қилинмоқда ва солиқдан кейин 3,85 миллиард евро фойда келтирган.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024