Иқтисодиёт | 17:17 / 03.05.2024
5413
5 дақиқада ўқилади

Охирги 3 йилда 2,5 млрд долларга яқин хусусийлаштириш амалга оширилди — Давактив директори

“2,5 млрд доллар нимадан иборат деган савол бўлса, катта рақамларни айтиш мумкин. 252 млн долларга Coca Cola Uzbekistan'даги 57 фоиз давлат улушини сотганимиз, Ипотекабанкни 324 млн долларга сотганимизни айта оламан”, деди Акмалхон Ортиқов. У йирик битимлар қаторида “Фарғона азот”, Фарғонадаги ойна ва спирт заводлари ҳамда Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасини ҳам тилга олди.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

III халқаро Тошкент инвестиция форумида “Хусусийлаштириш ва давлат активлари: инвестициялар учун янги уфқлар” мавзусида панел сессияси бўлиб ўтди.

Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов охирги 3 йилда 2,5 млрд долларга яқин хусусийлаштириш амалга оширилганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Давактив раҳбарига кўра, 4,5 мингга яқин катта-кичик объектларда давлат улушини қисқартириш бўйича ишлар амалга оширилган.

“2,5 млрд доллар нимадан иборат деган савол бўлса, катта рақамларни айтиш мумкин. 252 млн долларга Coca Cola Uzbekistan'даги 57 фоиз давлат улушини сотганимиз, ёки Ипотекабанкни 324 млн долларга сотганимизни айта оламан. 2023 йил учун энг яхши шартномаларимиздан бири – “Фарғона азот”даги 99 фоиз давлат улушини 100 млн доллар инвестиция киритиш шарти билан 140 млн долларга сотилгани бўлди. Кичикроқ бўлса ҳам Фарғонадаги ойна ишлаб чиқариш, спирт ишлаб чиқариш заводларини сотдик. Бошқа кўчмас мулк объектлари, Hyatt Regency меҳмонхонасини қарийб 1 трлн сўмга сотдик”, – деди у.

Акмалхон Ортиқовга кўра, 2023 йилнинг ўзида қарийб 1 млрд долларлик хусусийлаштириш амалга оширилган бўлса, хусусийлаштириш жамғармасига 800 млн доллар маблағ келиб тушган. Бу маблағлар давлат бюджети параметрларида белгиланганидек, бюджетга ўтказиб берилади, ҳукумат, президент қарорларидаги вазифаларни мақсадли молиялаштиришга йўналтирилади.

“2024 йилда олдимизда турган масала – жараённи тезлаштириш ва халқаро бозорларга олиб чиқадиган активларни янада кўпайтириш. 17 апрел куни катта қарорларимиз тасдиқланди. Шу йилнинг ўзида 250 та давлат корхоналари ва 1000 дан ортиқ кўчмас мулк объектлари бозорга таклиф этилади.

Алоҳида қарор билан катта активларни халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича иш бошлаганмиз. Қарийб 7 та катта корхонани, Деҳқонобод калий заводи, Самарқанд автомобил заводлари кабиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш тўғрисида қарор тасдиқланди. Халқаро фонд бозорига олиб чиқадиган акция пакетларимиз бўйича ҳам рўйхат тасдиқланди. НКМК, ОКМК каби активларнинг 5 фоизини халқаро фонд бозорига олиб чиқамиз. Бирданига олиб чиқилмайди, тайёргарлик кўрилади. Жараён муҳими бошланди”, – деди Акмалхон Ортиқов.

Унинг сўзларга кўра, ҳукумат 2024 йилда 20 трлн сўм атрофида хусусийлаштириш ҳажмини таъминлаш, 10 трлн сўм хусусийлаштиришдан бюджетга маблағ туширишни режа қилган.

“Активларни сотишда қиймат берадиган ва тадбиркорга хизмат қиладиган активларга ажратиб олдик. Чекка туманлардаги кўчмас мулк объектлари, ерларни баҳоланган қийматда сотишимиз керак. Лекин у бизга қанча қиймат беради? Уни сотишга анча вақт керак. Иқтисодий ўсишга эришиш учун тадбиркорга ер, бино керак. Шунинг учун чекка ҳудудлардаги кўчмас мулк объектларимизни 1 майдан бошлаб нархини туширишни бошладик. 100 долларлик активни 10 долларгача пасайтириб, лекин рақобат муҳитини таъминлаган ҳолда, аукционда камида 2 та иштирокчи бўлган ҳолатда сотишни ташкил этамиз. Буни ҳам давлат активларига, ҳам кўчмас мулк объектларига қўллашни бошлаймиз”, – деди Акмалхон Ортиқов.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган Асакабанкни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланганини маълум қилганди.

Шунингдек, давлат раҳбари хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилишини ҳам эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, 19 апрелда қабул қилинган президент қарорига кўра, 7 та йирик компаниядаги давлат улушлари профессионал консултантларни жалб қилган ҳолда, 2025 йилнинг охиригача халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқарилади. Булар – “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Ўзбекинвест ЭИСК” АЖ, “Ўзагросуғурта” АЖ, “Inter Hotel” МЧЖ, “Самарқанд автомобил заводи” МЧЖ ва “Тошкент металлургия заводи” МЧЖ.

Бундан ташқари, гигант компаниялар бўлмиш Навоий ва Олмалиқ кон металлургия комбинатлари, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзбектелеком” АЖ акцияларининг 5 фоизгача қисми бирламчи (IPO) ёки иккиламчи (SPO) оммавий таклиф воситалари орқали 2025 йил охиригача халқаро фонд бозорларига чиқарилади.

Мавзуга оид