Ўзбекистон фуқаролари Россияга киришда тўсиққа учрамаяпти — Миграция агентлиги
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароларининг Россияга киритилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси Москва шаҳридаги барча аэропортларнинг масъул ходимлари билан боғланиб, ҳолатга аниқлик киритган.
“Москва шаҳридаги Домодедово, Внуково, Шереметево аеропортларида Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига қўйилмаётгани ёки узоқ вақт давомида ушлаб туриш ҳолатлари кузатилмаётгани аниқланди”, – дейилади хабарда
Бундан ташқари, автомашиналар орқали Россияга кириб келинадиган Оренбург, Самара, Саратов вилоятларидаги “Озинки”, “Маштаково”, “Сагарчин” божхона чегара постларидаги ҳолатлар ҳам ўрганилганда, бу постлар доимий иш тартибида ишлаётгани, Ўзбекистон фуқаролари бирон-бир тўсиқларсиз Россия ҳудудига кираётгани маълум бўлган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Тожикистон ва Қирғизистон ўз фуқароларига ўта зарурат бўлмаса Россияга бормай туришни маслаҳат берган.
29 апрел куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига нота топширди. Унда Россиядаги Тожикистон фуқароларига нисбатан оммавий тарзда кескин салбий муносабатлар кузатилаётгани, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда поймол этилаётганидан хавотир билдирилган. Бундан аввал Москва аэропортларида Тожикистоннинг мингдан ортиқ фуқароси Россияга ўтказилмаётгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
17:17 / 23.12.2024
АҚШ рекорд сондаги Ўзбекистон фуқароларини депортация қилди
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
23:49 / 20.12.2024