Жаҳон | 15:40 / 04.05.2024
7798
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага яна 50 млрд доллар ажратишни таклиф қилди

Тахминларга кўра, ушбу маблағлар Россиянинг музлатилган активларидан олинган фойдадан қопланади, улар бўйича фоизлар йиғилишда давом этяпти. Вашингтон бунда «якка Қўшма Штатлар» эмас, балки G7 мамлакатлари ҳам иштирок этишини хоҳлаяпти.

Фото: AA

Қўшма Штатлар Россия ҳужумига учраган Украинага 50 миллиард доллар (46 миллиард евродан ортиқ) ёрдам кўрсатадиган иттифоқчилар гуруҳига раҳбарлик қилиш учун ҳамкор давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда 3 май, жума куни Bloomberg ёзди. Агентликнинг аниқлик киритишича, ушбу сумма Россиянинг музлатилган активлари бўйича фоизлар йиғилишда давом этаётган даромаддан тўланиши кутилмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги ва Оқ уй бу фикрга изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ, АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Bloomberg агентлигига бундай муҳокамалар давом этаётганини тасдиқлади. «Идеал ҳолда, биз фақатгина Қўшма Штатлар эмас, балки бутун G7 иштирок этишини хоҳлаймиз», деди у. 

Агентлик манбаларига кўра, Қўшма Штатлар «Еттилик гуруҳи» (G7) етакчиларининг Италияда бўлиб ўтадиган учрашувида июн ойидаёқ келишув тузишни талаб қилмоқда. Мавзу бўйича мунозаралар қийин кечади ва келишув бир неча ой давом этиши мумкин, дейди таклиф билан таниш одамлар. Аксарият Европа давлатлари Россиянинг музлатилган активларини тўғридан тўғри мусодара қилишга қарши ва евро барқарорлигига путур етказадиган ёки Россия улардан ўч олишига олиб келадиган таклифларга шубҳа билан қарайди, деб ёзади Bloomberg. 

Bloomberg: Россиянинг музлатилган активлари - тахминан 260 млрд евро 

Россиянинг 2022 йил февралида Украинага ҳужумига жавобан G7 давлатлари Россия банкларининг 260 миллиард еврога яқин активларини музлатиб қўйди, уларнинг аксарияти Белгиядаги Euroclear Европа депозитарийсида сақланади. Euroclear’нинг 2024 йил биринчи чорагидаги молиявий натижаларига кўра, Россия музлатилган 159 миллиард еврога яқин активлари 557 миллион евро соф фойда келтирган. 2024 йил феврал ойи бошида эълон қилинган 2023 йил учун ҳисоботида депозитарий активларни инвестиция қилиш мажбурияти муносабати билан ушбу маблағлар бўйича 4,4 миллиард еврони фоиз кўринишида олганини таъкидлади. 

Бу активлар йилига тахминан 5 миллиард евро келтиришда давом этиши кутилмоқда ва АҚШ таклифининг асосий аргументи бу даромадлардан Украина яқин келажакда оладиган ёрдам миқдорини ошириш учун фойдаланишдан иборат, деб ёзади Bloomberg. Бошқа таклиф қилинган вариантга кўра, иттифоқчилар ўта юқори даромад билан қўллаб-қувватланадиган махсус мақсадли компания орқали тахминан 50 миллиард долларлик облигациялар чиқаради. 

Кеча Financial Times (FT) газетасининг хабар беришича, G7 мамлакатлари ғарб санкциялари остидаги музлатилган Россия активларини тўлиқ мусодара қилиш имкониятини энди кўриб чиқмаяпти, аммо Украина расмийлари буни талаб қилишда давом этмоқда. G7 етакчиларининг учрашуви 13-15 июн кунлари Италиянинг Апулия шаҳрида бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид