Жаҳон | 18:03 / 04.05.2024
39069
12 дақиқада ўқилади

Ҳар бир ўзбекистонлик минишни орзу қилган автомобил — ГАЗ-24 “Волга” ҳам америкаликлардан ўғирланганми?

Бир пайтлар ГАЗ-24 “Волга” дейилса исталган одам бир энтикиб қўярди. У СССРда кўпчиликнинг орзусидаги машина бўлган. Бироқ ўта қимматлиги учун уни сотиб олишнинг ўзи бўлмасди. Бугунга келиб кичик “юк машинаси”га айланган афсонавий автомобил концепцияси аслида америкаликлардан ўғирланганини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Фото: kommersant.ru

Совет иттифоқи деган давлат ядро қуроллари ва кунора космосга ракета учириб тургани билан мақтаниши мумкин эди. Бироқ автомобил саноати билан эмас.

1965 йилгача мамлакатда ишлаб чиқарилган тузукроқ автомобил ҳам бўлмаган. Ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг қарийб барчаси 40-50 йиллар русумлари эди.

Жумладан, Германиядан кўчириб келинган Opel компанияси линияларида “Москвич”, америкаликлардан ўзлаштирилган “Виллис”, Fiat’дан (Fiat-600) “Запарожец”, 1930 йилларда америкаликлар қуриб берган заводда ГАЗ-21 машиналари ишлаб чиқариларди.

Ғарбда эса, АҚШ, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия шунингдек Япония автомобил саноати тобора ривожланиб борарди. Бу давлатларнинг ҳар бирида 4-5тадан йирик автокомпаниялар бўлиб, улар камида 10-15талаб русумда автомобил ишлаб чиқарарди.

АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларининг исталган йирик шаҳрида автомобиллар кўчаларни тўлдириб ҳаракатланганда СССРдаги шаҳарларда автомобиллар оқими жуда паст эди.

Фото: kommersant.ru

Шу сабабли ҳам аксарият кўчаларга светофор ўрнатиш шарт бўлмаган ва автомобиллар ҳаракатини милиционерлар тартибга солган.

Совет ҳукумати Ғарбдан орқада қолмаслик учун замонавий автомобил ишлаб чиқариш кераклигини тушуниб турарди. Бироқ янги машина ишлаб чиқариш учун асос ва пойдевор йўқ эди.

Шу сабабли советлар янги русумдаги машиналар ишлаб чиқариш учун хориждан ҳамкор топишга ёки Ғарбда тайёрланаётган машиналарни ўзлаштириб ишлаб чиқаришга мажбур бўлади.

1960-йиллар ўрталаридан бошлаб Германия, Франция, Италиянинг бир нечта автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди. Уларнинг заводларига бориб ишлаб чиқариш жараёни кузатилди, моделлар ўрганилди.

Якунда Италиянинг «Fiat» компанияси билан ҳамкорлик қилиш ҳақида келишув имзоланади ва СССРда “Жигули” машиналарини ишлаб чиқариш бошланади.

“Жигули” ва янгиланган “Москвич” аҳоли эҳтиёжларини бироз қондирса-да муаммо ҳал бўлмайди. Чунки ҳали СССРдаги юқори лавозимли партия ходимлари, турли ташкилотлар раҳбарлари ва аҳолининг бироз бой бўлган қатлами учун нисбатан юқори классдаги машина ишлаб чиқариш масаласи ҳал қилинмаганди.

Совет конструкторлари зўр бериб хорижий компанияларда тайёрланаётган автомобилларни ўргана бошлашади. Охир-оқибат улар америкаликлар 1963 йилдан бошлаб ишлаб чиқараётган Ford Falcon автомобилини ўзлаштиришга қарор қилишади. Аммо бунинг учун Ford’дан рухсат олинмайди ва фуқароларга СССР конструкторлари янги машина русумини ишлаб чиққани айтилади.

Янги машина лойиҳаси тайёрланаётганда совет конструкторлари жуда “дангасалик қилишади” ва янги машинанинг ички кўринишини Ford Falcon’дан борича кўчириб қўя қолишади.

Ўзлаштирилган машина “Волга” деб аталади ва уни Горкий (Нижний Новгород) шаҳридаги автозаводда ишлаб чиқаришга қарор қилишади. Шу тариқа Ford Falcon машинаси озгина ўзгаришлар билан “ГАЗ-24 Волга”га айланади.

Фото: smotra.ru

“ГАЗ-24 Волга”тарихи

“ГАЗ-24 Волга” машинасининг йиғув корхоналарини ташкил этиш 1967 йилда бошланади. 1968 йилда 32 дона, 1969 йилда эса 215 дона машина ишлаб чиқарилади ва синовлардан ўтказиш учун СССРнинг турли ҳудудларига юборилади.

1970 йил 15 июлдан бошлаб завод ГАЗ-24 машинасини оммавий тарзда ишлаб чиқара бошлайди. 1972 йилда ГАЗ-24-02 номи билан машинанинг универсал кўринишдаги русуми чиқарилади.

“ГАЗ-24 Волга”ни тайёрлаш бошлангач уни биринчи навбатда вазирликлар, юқори мартабали партия ходимлари, област ва район маъмуриятлари ва бошқа ташкилотларга сота бошлашади.

Шунингдек, советлар Америкадан ортда эмасликларини “кўрсатиб қўйиш учун” ГАЗ-24 Волга машиналаридан такси сифатида фойдалана бошлашади. Навбати билан мамлакатдаги барча таксопаркларга бу машинадан юборилади.

Бундан ташқари, ГАЗ-24 милиция бўлимларига хизмат машинаси сифатида тарқатилади. Яна унинг универсел кўринишдаги русуми тез тиббий ёрдам бўлимларига берилади.

Фото: stock.adobe.com

Ўша пайтларда колхозлар раислари “Виллис” прототипи бўлган УАЗ машиналаридан фойдаланишарди. 1980-йиллардан кейин раислар ҳам колхоз маблағлари ҳисобидан ГАЗ-24 сотиб ола бошлади.

Машинага талаб жуда юқори бўлгани учун уни ҳатто ўзига тўқ одамлар сотиб олиши амримаҳол эди. Шу сабабли 1970-йилларда СССРда машинафурушлар пайдо бўлди.

Улар турли йўллар билан автомобилни қўлга киритар, сўнг Кавказ ёки Марказий Осиё республикаларига олиб келиб сотарди. Ўша пайтларда машина нархи 10 минг рубл бўлган. Бироқ машинафурушлар уни 20-25 минг рублдан сотган.

ГАЗ-24 автомобилларининг биринчи авлоди 1970-1974 йилларда, иккинчи авлоди 1974-1985 йилларда, учинчи авлод 1986-1992 йилларда ишлаб чиқарилади.

Фото: shutterstock.com

Совет иттифоқи деб аталган давлат парчаланиб кетгач бошқа кўплаб корхоналар қатори Горкийдаги автозавод ҳам оғир вазиятга тушиб қолади.

1992 йилдан бошлаб Россияга жаҳон автомобилсозлари ишлаб чиқарган машҳур автомобилларнинг янгилари ва эскилари ёппасига кириб кела бошлайди.

Ишлаб чиқарилганига 20 йилдан ошган бўлса ҳам жиддий янгиланмагани боис хорижий машиналар билан солиштирганда ГАЗ-24 жуда ғариб бўлиб қолади - унда ҳайдовчилар ва йўловчилар учун ҳеч қандай қулайлик бўлмаган.

Бунинг устига, хориждан келтирилаётган эски машиналарнинг нархи жуда арзон эди. Одамлар “иномарка”ларни харид қила бошлагач ГАЗ-24 машинаси ўз аҳамиятини йўқотади.

Бунинг устига, СССР даврида аксарият ишлаб чиқаришлар комплекс ташкил этилмас, мамлакатнинг бир ҳудудидаги заводга бошқа чеккасидаги завод эҳтиёт қисм етказиб берарди.

Жумладан, ГАЗ-24 ни ишлаб чиқаришда керак бўладиган эҳтиёт қисмлар ҳам шундай эди. Қайсидир мурват Украинада тайёрланган бўлса, бошқаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. СССР парчалангандан сўнг улар ўртасида алоқалар узилади.

1992 йилда ГАЗ корхоналарида ГАЗ-31029, ГАЗ-3103, ГАЗ-3110 ва яна бошқа бир нечта русумдаги машиналар ишлаб чиқарилади. Бироқ улар хориждан кириб келаётган замонавий машиналар билан рақобатлаша олмайди.

Сўнгги Волга бу тез ёрдам хизмати учун тайёрланган ГАЗ-310223 универсал машинаси эди. Шундан сўнг бу русумдаги машиналар ишлаб чиқарилмайди тарихга айланади.

Умумий ҳисобда 1970 йилдан 2000-йилларгача ГАЗ-24 машинасининг турли модификацияларидан 1 млн 481 дона ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун, Толяттидаги ВАЗ корхоналарида биргина ВАЗ-2101 “Жигули” машинасидан 1970 йилдан 1988 йилгача қарийб 5 миллион дона тайёрланган.

ГАЗ-24 нинг турли русумлари

ГАЗ-24. Бу машина ГАЗ корхонасидан чиқарилган илк русум ҳисобланади. Унга 85 ва 95 от кучига эга бўлган икки хил двигател ўрнатилган. Бу русум 1969-1977 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган.

ГАЗ-24-01. Бу русум илк марта 1971 йилда ишлаб чиқарилган ва асосан такси фаолияти учун мамлакатдаги таксопаркларга сотилган. Ўшанда советлар Америкадан ортда эмасликларини кўрсатиш учун мамлакатнинг жуда катта қисмида шахсий автомобил бўлмаган вазиятда қиммат машинадан такси сифатида фойдалана бошлашади. Бу русум ҳам 85 ва 95 от кучига эга бўлган двигателлар билан жиҳозланган.

Фото: yaplakal.com

ГАЗ-24-02. Бу русум универсал кўринишда бўлиб, у беш эшикли эди. Бу машинадан такси хизматида, шунингдек, турли юкларни ташишда фойдаланишган.

ГАЗ-24-03. Бу русум ГАЗ-24-02 нинг ўзи бўлиб, фарқи ундан фақат тез тиббий ёрдам машинаси сифатида фойдаланишган. ГАЗ-24-02 ва ГАЗ-24-03 машиналарига 95 от кучига эга бўлган совет двигателлари ўрнатилган.

ГАЗ-24-54. Бу русумда рул чамбараги чап томонда эмас, ўнг томонда жойлашганди ва у йўл ҳаракати ўнг томонлама бўлган мамлакатларга экспорт қилиш учун тайёрланган.

ГАЗ-24-76. Бу русум ҳам экспортга мўлжалланган эди. Совет двигателлари узоқ вақтга чидамас, максимум 100 минг км масофани босиб ўтгандан сўнг таъмирталаб бўлиб қоларди. Шу сабабли ГАЗ-24-76га Белгиядан харид қилинган Peugeot двигателлари ўрнатилган.

ГАЗ-24-77. Бу русум ўзидан аввалги ГАЗ-24-76 билан бил хил бўлиб, уларнинг фарқи двигателларида эди. ГАЗ-24-77 машиналарига ҳам Белгиядан харид қилинган Peugeot двигателлари ўрнатилганди. Фақат улар бензинда эмас, дизел ёқилғисида ҳаракатланарди.

Ўша пайтда италияликлар ВАЗ билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келаётган эди. Шу сабабли ГАЗдагилар ҳам Италия компанияси билан келишув имзолашади ва ҳамкорликда янги русум ишлаб чиқаришади.

ГАЗ-24-Fiat русумидан 8 йилда бор-йўғи 15 минг дона тайёрланган ва улар юқори мартабали партия ходимларига хизмат машиналари сифатида берилган.

Фото: Газета.ру

Советлар ГАЗ-24 ни оммалаштириш учун 1970-йилларнинг иккинчи ярмида машинани Mercedes-Benz, BMW ва Европада тайёрланган Ford Granada двигателлари билан жиҳозланган ҳолда ҳам тайёрлашади. Бироқ хорижий двигателлар машиналарнинг таннархини ошириб юборгани учун улар ҳам оммалашмайди.

ГАЗ-24 нинг техник характеристикаси

· Узунлиги – 4 735 миллиметр;

· Эни – 1 800 миллиметр;

· Баландлиги – 1 490 миллиметр;

· Оғирлиги – 1 420 кг;

· Двигател қуввати – 85-95 от кучига тенг;

· Тури – механик, тўрт узатиш қутили;

· Ўриндиқлар сони – 5 та;

· Ёқилғи сиғими – 55 литр;

· Ёқилғи сарфи – ҳар 100 километрга 12-15 литр

Волга Ўзбекистонда

СССР даврида Россия, Украина, Кавказ ва Болтиқбўйи республикалари билан таққослаганда Ўзбекистон аҳолисида машина кам эди. Бунинг асосий сабаби ўзбекистонликларнинг даромади бошқаларга қараганда анча паст бўлган.

Тўғри, маошлар унча катта фарқ қилмаган. Бироқ Россия ё Украинада 100 рубл маош оладиган одам оиласида 3-4 киши бўлса, ўзбекистонлик ўшанча маош билан 7-10 кишилик оилани тебратиши керак эди.

Фото: Дзен

Одамларнинг даромади паст, топгани рўзғордан ортмагани учун маҳаллаларда 4-5 тадан машина бўларди холос. У пайтларда нафақат Ўзбекистонда, балки иттифоқнинг бошқа жойларида ҳам “машина бозор” деб аталадиган бозорлар бўлмаган. Кимдир машина сотиб олиш учун пул йиғса ҳам йиллар давомида кутишга мажбур эди. Ёки минилган машиналарни эса фақат таниш-билишлардан оларди.

1980-йилларгача ўзбекистонликлар орасида ГАЗ-24 Волга сотиб олиш даражасига етган кишилар кам эди. Бошқа томондан бу машинани сотиб олишга етгулик пули бор одамлар ҳам Волга сотиб олишдан қўрқарди.

Чунки оддий ишчиларнинг маоши 100-150 рубл бўлиб турган пайтда кимдир Волга олса, КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси) ходимлари чақириб қиммат машина учун 15-20 минг рубл пулни қаердан, қандай қилиб топдинг деб савол бериб қолишлари мумкин эди.

Гдлян ва Иванов бошчилигидаги “пахта иши” доирасида бўлиб ўтган репрессив тергов жараёнлари тугаб, унинг ваҳимали шамоллари босила бошлагач одамлар бироз енгил нафас олишади ва пули борлар Волга сотиб ола бошлашади. Ўша пайтларда ўзбекистонликлар Волга машиналарни магазиндан сотиб ололмасди.

Фото: PlatesMania.com

Уларни Ўзбекистонга кавказликлар ёки украиналиклар олиб келиб сотиб кетарди.

ГАЗ-24 ва ГАЗ-31 Волгалар 1990-йиллар охиригача бироз обрўли машина бўлиб турди. Сўнг улар урфдан қолди. Натижада Ўзбекистондаги жуда кўп Волгалар кузовлари ўзгартирилган ҳолда “юк ташувчи” автомобилларга айланди.

Хозирги ёш авлод бу автомобилни ўз даврида узоқ йиллар “афсонавий” бўлганини билмайди хатто.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид