Жаҳон | 11:30 / 04.05.2024
6293
2 дақиқада ўқилади

Россия Белгород вилоятидан дрон ва ракеталар билан Украинага ҳужум қилди

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Белгород вилоятидан тунда Россия қўшинлари томонидан учирилган барча 13 та ҳужумкор учувчисиз учоқларни уриб туширди, деди Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук. Дронлар парчаларининг қулаши Харкивда ёнғинга олиб келди.

Фото: Vyacheslav Madiyevskyy/REUTERS

4 май, шанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага тўртта С-300 зенит ракеталари ва 13 та Shahed-131/136 дронлари билан ҳужум қилди, деб хабар берди Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук ўзининг Telegram-каналида.

Унга кўра, дрон ва ракеталар Белгород вилоятидан учирилган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан Днипропетровск ва Харкив вилоятларида барча 13 та УУА йўқ қилинди, дейилади хабарда. 

Шу билан бирга, Харкив мэри Игор Терехов шаҳардаги иккита Shahed дрони Основянский тумани фуқаролик инфратузилмасига келиб тушгани ҳақида хабар берди. Харкив вилояти ҳарбий бошқармаси (ВҲБ) бошлиғи Олег Синегубовнинг аниқлик киритишича, учувчисиз учоқлар қолдиқлари икки қаватли фуқаролик маъмурияти биносига тушган, натижада ёнғин содир бўлган. Бундан ташқари, яна иккита жойда фуқаролик инфратузилмаси ва дарахтлар ёниб кетган. Синегубовнинг сўзларига кўра, тўрт киши, жумладан, 13 ёшли бола яраланган. 

Маҳаллий матбуот ёзишича, Днипропетровск вилоятининг Павлоград шаҳрида ҳам портлашлар содир бўлган, шундан сўнг шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган. 

Мавзуга оид