Жаҳон | 09:20 / 06.05.2024
3073
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича асосий чегара пунктини ёпди 

Исроилдан Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами олиб ўтиладиган энг муҳим чегара пункти ёпилди. ЦАҲАЛ маълум қилишича, Рафаҳ шаҳри яқинидаги ҳудуддан назорат пункти томон ўнта снаряд отилган. 

Фото: Abed Rahim Khatib/dpa/picture alliance

Исроил Фаластин ҳудудидан ўққа тутилганидан сўнг мамлакатдан Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича асосий чегара пунктини ёпди. Рафаҳ шаҳри яқинидаги ҳудуддан «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пункти йўналишида ўнта снаряд отилган, деб хабар берди Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 5 май, якшанба куни Telegram’да. «Ҳозирда «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пункти гуманитар ёрдам олиб кетилган юк машиналари ўтиши учун ёпиқ», — дейилади хабарда. 

AFP аниқлик киритишича, Қўшма Штатлар босими остида Исроил апрел ойида «Эрез» чегара пункти ва Ашдод порти орқали ёрдам етказилишига «вақтинчалик» рухсат беришга, шунингдек, «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пунктидан Ғазо секторига Иордания орқали гуманитар юкларни тўғридан тўғри етказишга рози бўлди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг матбуот хизмати ўз баёнотида ўшанда ёрдам етказилиши «инсонпарварлик инқирозининг олдини олиш ва жанговар ҳаракатлар давом этишини таъминлаш» учун зарур эканлигини айтган. 

CBS: Қоҳирада ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги музокаралар ҳозирча натижасиз 

Айни пайтда, бир кун аввал Қоҳирада бошланган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича Исроил ва ҲАМАС гуруҳи вакиллари ўртасидаги билвосита музокараларнинг биринчи куни натижа бермади, деб хабар бермоқда Америка телеканали CBS News гуруҳдаги исми ошкор этилмаган суҳбатдошига таяниб. Телеканал маълумотларига кўра, Исроил 40 нафар исроилликни озод қилиш эвазига Ғазо секторида олти ҳафталик оташкесим бўйича гуруҳга илгари сурилган таклифга ХАМАСдан жавоб олмагунча, музокараларга делегация юборишдан бош тортган.

Мисрнинг AlQahera News телекомпанияси хабар беришича, ҲАМАС ўз навбатида ЦАҲАЛнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тўлиқ тўхтатиш ва Исроил қўшинларини минтақадан олиб чиқиб кетиш бўйича келишувга эришилишини талаб қилмоқда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид