Жаҳон | 13:08 / 06.05.2024
10699
10 дақиқада ўқилади

Исроилга қурол етказишни тўхтатган АҚШ, Хитой раҳбарининг Францияга ташрифи ва Украина раҳбарларини қидирувга берган Россия — кун дайжести

Ўтган сутка давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан агар Ғазодаги урушдан хулоса чиқарилиб, икки давлат барпо этилмаса, минтақани янги урушлар ва янги кўзёшлар кутаётганини таъкидлади.

Унга кўра, Эрон ва Исроил ўртасидаги таранглик янада йирик урушнинг дебочаси бўлиши мумкин. Гарчи ҳозир вазият сокин кўринса-да, бу эҳтимол доимо сақланиб қолади.

«Биз Исроилни 1967 йилги чегараларни тан олишга чақиришимиз керак. ҲАМАС ҳам, фаластинликларнинг барчаси ҳам 1967 йилги чегараларда Фаластин давлати қурилишига рози», — деган Фидан.

АҚШ ҳам яҳудийлар давлати учун хавфсизлик кафолати бўлганда Фаластин ва Исроил давлатларининг биргаликда яшаши мумкин деб ҳисоблайди, деган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

Тиним билмаётган агрессия туфайли урушнинг 212-кунига келиб, Ғазодаги қурбонлар сони 34 минг 683 кишига етган. Ярадорлар 78 минг 18 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги сутка ичида учта оммавий қирғин уюштирилган. 29 киши ҳалок бўлган, 110 киши яраланган.

Қизил денгиздаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторидаги агрессиясига жавобан Яманнинг қуролли кучлари экскалациянинг тўртинчи фазасини бошламоқда, деган ҳусийчиларнинг расмий вакили Яҳё Сария.

Сариянинг тушунтиришича, ушбу босқичда Исроилнинг кемачилигига қарши жорий этилган тақиқни бузган барча кемаларга ҳужум уюштирилади. Шунингдек, Ўрта Ер денгизидан оккупация қилинган Фаластинга йўл олган кемаларга ҳам ҳужумлар уюштирилди.

Сария агар Исроил Рафаҳга қарши агрессия ҳарбий операцияларни ўтказса расмий Сано оккупация остидаги Фаластин портларига йўл олган турли давлатларнинг барча кемаларга санкциялар жорий этишини тасдиқлаган.

Исроилга қурол етказиш тўхтатилди

Жо Байден маъмурияти ўтган ҳафтада Исроилга қурол-яроғлар етказишни тўхтатган, деб хабар берди Axios портали.

Бу қарор Исроил ҳукуматида жиддий безовталик ва таажжуб келтириб чиқарган. Юклар нега тўхтатилганини Исроил раҳбарияти тушунмаяпти. Оқ уйдагилар вазиятга изоҳ беришмаган.

Шуниси маълумки, кейинги ойларда Жо Байден ўзининг Исроил оккупациясини қўллаб-қувватлашига қарши чиқаётган америкаликларнинг кескин танқидларига дучор бўлмоқда.

Маълум қилинишича, ўтган ҳафтада АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга келиб Рафаҳга эҳтимолли ҳужум борасида Нетаняҳу билан «қаттиқ» суҳбатлашган. Блинкен АҚШ Рафаҳдаги «йирик ҳарбий операция»га очиқ қарши чиқиши билан огоҳлантирган.

Аксилисроил намойишлар

Америкадаги олий ўқув юртларида Исроилнинг Ғазода содир этаётган жиноятларига қарши талабалар ва профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилаётган намойишлар бошқа давлатларга ҳам юқмоқда.

Аввалроқ норозилик намойишлари Мексикадаги университетларга ҳам ўтгани хабар қилинган эди.

Энди Франция пойтахти Парижнинг Sciences Po университети талабалари ҳам Ғазо халқини глобал қўллаб-қувватлаш талабалар ҳаракатига қўшилишди.

Германияда эса полиция Ҳамбург университетининг ўтириб олиб тинч норозилик намойиши ўтказаётган талабаларига ташланган ва намойишни тарқатиб юборишга уринган.

Си Жинпинг Францияга борди

Франция президенти Эммануэл Макрон Хитой раиси Си Жинпингнинг Францияга ташрифи чоғида Хитой билан иқтисодий алоқаларни қайтадан ишга тушириш ва янгилашни таклиф этади.

Макрон Хитойнинг ҳаддан зиёд ишлаб чиқариш қувватлари ва Европа саноатини касод қилаётган оммавий экспорт туфайли келишишга чақирмоқда.

Ушбу ташриф арафасида Le Figaro нашрида мақоласи чоп этилган Си Жинпинг Хитой Украинадаги ҳарбий можарода иштирок этмаётганини таъкидлаган.

Си Жинпинг Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли юзага келган можародан чиқиш йўлини топиш учун халқаро ҳамжамият билан бирга ишлашни истаётганини билдирган.

«Биз умид қиламизки, Европага тинчлик ва барқарорлик тезда қайтади, таназзулдан чиқишнинг энг мақбул йўлларини топиш учун Франция дохил бутун халқаро ҳамжамият билан ишлаш ниятидамиз», деган Си Жинпинг Хитойнинг «можарода на билвосита, на бевосита иштирок этаётгани»га урғу бериб.

Украинадаги уруш

Вашингтондагилар Украина 2025 йилда янги қарши ҳужум бошлаши мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан айтиб ўтган.

Financial Times нашрининг хабарига кўра, АҚШнинг янги ёрдам пакетига қарамасдан «яқин давр ичида» Салливан жанг майдонларида «Россиянинг ёриб ўтишлари»ни кутмоқда.

Лекин, шунга қарамасдан Вашингтоннинг ёрдами туфайли Киевда 2024 йил давомида «фронт чизиғини сақлаб туриш» имконияти бўлади. Келгуси йилдаги уруш сценарийсини кўриб чиқар экан, Салливан Украина «тортиб олинган ҳудудларни қайтариш учун олдинга интилиш»ни мақсад қилишини таъкидлаган.

Апрел ойи бошларида Украина президенти Володимир Зеленский янги қарши ҳужум режаси тузиб бўлингани, бироқ уни амалга ошириш учун АҚШнинг ҳарбий ёрдами ва замонавий қурол-яроғлар керак бўлишини айтган эди. Муваффақиятга бўлган имкониятлар «инсонлар сони билан эмас», қурол-яроғлар сифати билан ўлчанишини урғулаган эди.

Италиянинг La Repubblica нашри эса қандай шарт-шароитлар юзага келганда НАТО Украинадаги урушга қўшилишини ҳикоя қилди.

НАТО давлатлари «қизил чизиқлар» ўрнатган ва уларнинг босиб ўтилиши Россия ва Украина ўртасидаги можарога тўғридан тўғри иштирок учун сабаб бўлади. Шундай қизил чизиқлардан бири Россиянинг Украина мудофаа чизиғини ёриб ўтиши ва Беларуснинг можарога қўшилишидир. Қизил чизиқларнинг бошқа бири Россиянинг Болтиқбўйи давлатлари ва Полшага нисбатан провокацияси ёки Молдовага ҳужумидир.

Украинага ёрдам

G7 давлатлари Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан Украинага млрд долларлик ёрдам тайёрламоқда.

АҚШ G7 нинг бошқа давлатлари билан бу борада музокаралар олиб бормоқда, деб ёзади Bloomberg.

Оқ уйдагилар Италияда июн ойида бўлиб ўтадиган саммит чоғида бу борада келишув имзоланишига эришмоқчи. Музокаралар жуда оғир ўтмоқда ва келишув бир неча ойларга чўзилиб кетиши мумкинлиги маълум қилинмоқда. Кутилишича, АҚШ Европа Иттифоқига босим қилиб, уларнинг Россиянинг музлатилган активларини ишлатишга бўлган эътирозларидан воз кечтирмоқчи.

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Украинага шу ҳисобдан қўшимча 50 млрд доллар ажратиш бўйича музокаралар ўтказилаётганини тасдиқлаган.

«Биз буни муҳокама қиляпмиз. Идеалда, АҚШнинг якка ўзи бу ишга қўл урмаслиги учун, G7 нинг барча давлатлари иштирок этишини хоҳлар эдик», деган у.

Зеленский қидирувга берилди

Россияда Украина президенти Володимир Зеленский қидирувга берилди.

Россия Ички ишлар вазирлиги Украинанинг жорий президенти Володимир Зеленский ва собиқ президенти Петро Порошенкони қидирувга берган. Уларнинг ҳар иккиси Жиноят кодекси моддалари бўйича қидирилмоқда, лекин айнан қайси моддалар экани маълум қилинмаган.

Аввалроқ Россия полицияси Украинанинг бошқа сиёсий арбоблари —Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олександр Литвиненко, собиқ адлия вазири Павел Петренко, Украина хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Валентин Наливайченко; собиқ молия вазири Олександр Шлапак; собиқ ички ишлар вазири Арсен Аваков, Миллий банкнинг собиқ раҳбари Степан Кубивни қидирувга берган эди.

Россия аннексия қилган Қримдан сайланган сенатор Сергей Цеков аввалроқ Россия полицияси Зеленскийни «Донецк ва Белгород каби Россиянинг тинч шаҳарларини ўққа тутиш учун буйруқ бергани» ва «НАТО билан биргаликда биродаркушлик урушини бошлагани» учун қидираётганини айтган эди.

Россияга қарши санкциялар

АҚШ ниҳоят Россиянинг ожиз жойини пайпаслаб топганга ўхшаяпти — суюлтирилган табиий газга нисбатан санкциялар нефтга қарши санкциялардан яхшироқ таъсир қилмоқда.

Россия иқтисодиёти ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкцияларга бардошли бўлиб чиқди, бироқ суюлтирилган табиий газ экспорти Москванинг ожиз жойи экани маълум бўлди, деб ёзган Bloomberg нашри.

Бир йилда 20 млн тонна суюлтирилган табиий газ ёқилғиси ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва Россияда энг йирик корхонага айланиши лозим бўлган «Арктик СПГ-2» лойиҳаси бир неча ойдан буён маҳсулот етказиб беришга тайёр, аммо АҚШ санкциялари туфайли туриб қолган.

Россия нефтга қарши жорий этилган санкцияларни «яширин флот» ёрдамида муваффақиятли айланиб ўтмоқда, бироқ суюлтирилган табиий газ экспорти билан бу найранг кетмайди. Суюлтирилган газни ташиш технологик жиҳатдан мураккаб ва кўплаб махсус кемаларни талаб қилади. Бутун дунёда бундай кемалар бор-йўғи 700 та, ҳолбуки нефт ташувчи кемалар сони 10,5 баробар кўп — 7500 та. «Арктик СПГ-2» учун эса мутлақо янги типдаги кемалар талаб қилинади ва улар Арктика музларини ёриб ҳаракатланиши ҳам керак.

Bloomberg томонидан саволга тутилган трейдерлар токи санкциялар сақланиб турса «Арктик СПГ-2» ҳеч қачон тўлиқ қувват билан ишлай олмаслигини айтишган. НОВАТЭК эса лойиҳада газни минимал қазиб олишга тушириб, ёзни кутмоқда, ўшанда музлар эрийди ва суюлтирилган газни оддий газ ташувчи кемаларда ҳам ташиса бўлади. 

Мавзуга оид