Жамият | 14:03 / 07.05.2024
19574
8 дақиқада ўқилади

“Болалар формула ёзмай, вазифа қилмай, мавзуни ўрганяпти” – физикани амалиёт билан бирлаштирган ўқитувчи

Муҳаммад Мафтун 12 йилдан бери ўқувчи, абитуриент ва талабаларга физикадан дарс бериб келади. Унинг физика фанини тушунтириш усули ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб улгурди. “Биз методикани ўзгартирган ҳолда ўқитишни бошлаганимиздан сўнг кўрсаткич 80 фоиздан ошди. Дарсда 10 нафар бола қатнашса, улардан 8 нафари берилган маълумотни эслаб қола бошлади”, дейди у Kun.uz билан суҳбатда.

Муҳаммад Мафтун исмли физика ўқитувчисининг физикани ўргатиш усули ижтимоий тармоқларда машҳур бўла бошлади. У физикани назарий эмас, амалиёт орқали ўқувчиларга ўргатади. У айни дамда Тошкент халқаро кимё университетида термодинамик, электромагнитизм фанларидан дарс беради. Kun.uz Муҳаммад Мафтун билан суҳбатда қандай қилиб ўқувчини физикага қизиқтириш мумкинлиги ва бугунги ўқитувчиларнинг хатолари нимада экани ҳақида суҳбатлашди.

Физика фанини амалий усулда ўтишингиз кўпчиликнинг эътиборига тушяпти. Фанни ҳамма қатори эмас, ўзига хос усулда ўтиш фикри қандай пайдо бўлди? 

12 йилдан бери болаларга дарс бериб келаётган бўлсам, нега ҳозирги болаларнинг аниқ фанларга умуман қизиқиши йўқ, нега болаларда физика-математика фанлари олдингидек қизиқ бўлмай қолди, деган саволлар миямда айланаверарди. Уларга жавоб топиш учун 1 йилча болаларда тажриба ўтказиб, уларни кузатиб юрдим. Ўрганишларимдан шундай хулосага келдим: фанга қизиқиш йўқлиги болаларнинг айби эмас, ёшларни фанга қизиқтириш технологияси эскирган холос. Масалан, болаларни ошиқ ёки чиллак ўйинига чақирсангиз, уларга бу эмас, PubGI ва Instagram қизиқ. Ёки сизга атлас кўйлак кийинг десам, киймаслигингиз мумкин. Замонавий кийинишни хоҳлайсиз, тўғрими?! Менга ҳам чопон кийинг дейишса, кийишни хоҳламаган бўлар эдим. Яъни кийинишда ҳам эволюция ўзгарган, лекин дарс ўтиш 30 йил олдинги билан бир хил: ўқитувчи дарсга киради, мавзуни ёзади, конспект қилдиради. Бу усул худди бугун бирдан ҳаммамиз чопон киямиз деганга ўхшайди. Яъни ўқитиш методикасида эволюция бўлмаган. Шунинг учун ҳам мактаб, лицей ҳамма жойда аниқ фанларда, айниқса физикада ўзлаштириш 10-15 фоиздан ошмай келади. Айнан шу кўрсаткични кўтариш учун, дарс ўтиш техникасида эволюция бўлишини хоҳладим. Шу сабаб Муҳандис Д лойиҳасини бошлашга қарор қилдик.

– Муҳандис Д лойиҳаси қандай лойиҳа?

– Муҳандис Д физика, робототехника ва арт муҳандислиги фанларидан фақат амалий машғулот тарзида ўтилади. Ўқувчиларнинг мактабдаги кўрсаткичларини кўтариш учун лойиҳани ташкил қилдик. Биз методикани ўзгартирган ҳолда ўқитишни бошлаганимиздан сўнг кўрсаткич 80 фоиздан ошди. Дарсда 10 нафар бола қатнашса, улардан 8 нафари берилган маълумотни эслаб қола бошлади. Энг қизиғи улар формулалар ёзмай, уйга вазифа қилмасдан, шунчаки дарсга қизиққани учун эслаб қолади. Ўқувчиларим мактабида ўтган физика фани мавзусини билмаслиги мумкин, лекин менинг дарсимда ўтилган мавзуни яхши эслаб қолиб жавоб бера олади. Бу нима дегани? Масалан, ошиқ ўйнашни хоҳламаётган бола, Instagramʼда 5 миллион обуначиси бор блогга ошиқ ўйналаётган видеопостни кўриб қизиқади. Яъни физикадаги маълумотни ҳам бола қизиқадиган усулда бериш керак. Бунинг энг яхши йўли кўрсатиш. Физикани 100 фоизи маълумот деб олсангиз, ҳаётда унинг 45 фоизи керак бўлади. Биз шу 45 фоизни ўргатмоқчимиз.

– Нега мактабларда ўқувчиларнинг физика фанига қизиқиши кам, ўзлаштириш паст деб ўйлайсиз?

– Мактаб дарсликларида физика фанидан амалий қисми, лаборатория дарслари бор. Лекин лаборатория ишлари эскирган. Кўп жойларда ўтилмайди ҳам. Ва энг ёмон жиҳат кўп физика ўқитувчиларининг ўзи дарсни қизиқарли қилиб ўтолмайди. Чунки бакалавриатни битириб мактабга борган ўқитувчи болани фанга қизиқтира олмайди. Айнан физика фанига қизиқтириш учун ўқитувчи камида 3 йил ишлаган бўлиши керак. Қўлига сварка ушлаган, станок кўрган, кесган, чизган бўлиши керак. Ана шунда болага физикани тушунтира олади. Ўзим Италияда ўқиганман, Японияда малака оширганман. Бизнинг система билан уларники солиштирганда бизники зўр, лекин уни етказиб беришда муаммо бор. Билим фақат китобда қолиб кетяпти. Болаларга фақат китобни ўқийвермасдан ҳаётни кузатишни маслаҳат берар эдим. Китобдаги битта асосий мавзуни олиб туриб, ўзингизга бу нимага деб савол беринглар.

– Лойиҳада кимлар иштирок этиши мумкин?

– Лойиҳа 3 йил олдин бошланган ва ҳозир 4-битирувчиларимиз ўқияпти. Муҳандис Д 3 та қисмдан иборат. Муҳандис kids – мактаб ўқувчиларини муҳандисликка қизиқтириш учун мўлжалланган. Муҳандис Junior – 9-11-синфгача бўлиб, абитуриентларни ҳам ўз ичига олади. Асосий мақсади кейинги бўладиган муҳандисликка чуқурроқ кириш. 3-қисми бу олийгоҳ талабаларини қабул қилиб, тўғридан тўғри амалиётдаги ишни ўргатиш. Лойиҳамизда ихтиёрий мактаб, университет талабалари истаган жойдан текинга келиб ўқишлари мумкин. Айнан мактаб дарслигидан четга чиқмасдан фақат ўша мавзуларни амалий қизиқтириш орқали ўзлаштиришни кўтаришга урғу берамиз. Талабалар институтни битирганидан кейин ишхонага борса, ҳеч нарсани билмай ўтиради. Улар фақат китоб ўқиган, ишхонага борса, яна нолдан ўрганади. Ана шу нарсада Муҳандис Д лойиҳаси кўприк вазифасини ўтайди. Лойиҳа университетдаги талабаларни амалиётга тўғридан тўғри тайёрлайди.

– Ўзбекистонда физика фанига қизиқувчилар мақтанарли даражада кўп эмас деб ўйлайман. Шу фикрга муносабатингиз қандай?

– Ўзбекистон мустақиллигидан олдин ишлаб чиқариш жуда кўп бўлган. Бунга ихтисослашган техникумлар, заводлар бўлган. Мустақилликдан кейин бу нарса кескин қисқариб кетди. Шунга эътибор ҳам пасайди. Лекин охирги 2 йилда муҳандисликка қайта эътибор берилмоқда. Технопарклар қуриляпти, станоклар олиб кирилди. Хитой ва Германиячалик бўлмасак ҳам, муҳандисликда ўсиш бўляпти. Сабаби иқтисодиётни ушлаб турадиган нарса бу ишлаб чиқариш, муҳандислик ҳисобланади. Фақат савдо-сотиқ билан иш битмайди. Физикани яхши ўрганган одам муҳандис бўла олмаслиги мумкин эмас. Ҳозир 5 та хусусий мактаб билан шартнома туздик. Уларнинг физика стандартига қўшимча 9 ойлик хизмат кўрсатишга келишиб олдик. Яъни мактабга бориб, ҳафтада 2-3 марта физика, робототехника ва арт муҳандислиги фанидан қўшимча дарс ўтиб берамиз. Шу йўл билан муҳандисликка қизиқишни кўпайтишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

– Ота-оналар фарзандини фанга, бирор соҳага йўналтиришдан олдин нималарга эътибор қаратганлари маъқул?

– Ота-она боласини қўлидан ушлаб, ҳар хил соҳаларни кўрсатиб чиқиши керак. Бир кун бозорга, бир кун музейга, бир кун концертга олиб тушиб болани қизиқишни аниқлаб олиши керак. Ва шундан кейин йўналтириш керак. Сен физикани, инглиз тилини ўқийсан деб болага шарт қўйиш хато. Бола кўп нарсани ўзи кўриши керак, ўзига кўп савол бериши керак. Бундан фойда нима, бу нима деган саволни бераверса, аниқ мақсадга, йўналишга эга бўлиб бораверади.

 Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид