Жаҳон | 19:16 / 08.05.2024
21662
6 дақиқада ўқилади

«Бизни ҳурмат қилмайдиганлар билан яхши муносабатда бўлолмаймиз» — Молдова президентининг интервюсидан асосий гаплар

Фото: Видеодан кадр

Молдова президенти Майя Санду россиялик журналист Юрий Дудга икки соатлик интервю берди. Журналистнинг сўзларига кўра, у «вДудь» ютуб-шоуси тарихида илк бор давлат раҳбари билан мулоқот қилди. Бу сон Кишинёвда ёзиб олинган. Санду Дуд билан рус тилида мулоқот қилган. Президент Молдова қандай қилиб коррупциянинг олдини олиш ва Евроиттифоққа киришга уринаётгани, мамлакат нима учун қашшоқлигича қолаётгани ва нима учун бу ерда ўнлаб нашрлар блоклангани ҳақида гапирди. Шунингдек, Санду Владимир Путин ва у Украинада бошлаган уруш тўғрисидаги фикрлари билан бўлишиб, Россия ҳужум қилган тақдирда Молдова ўзини қанчалик ҳимоя қила олиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб қайтарган. Қуйида интервюнинг асосий жойлари келтирилади.

Молдоваликлар Россия ва Украина урушида кимни қўллайди?

Бутун жамиятимиз украин қочқинларига ёрдам кўрсатди. Мен сизларга эслатишни истардимки, бир миллион украиналик қочқинлар Молдова орқали ўтишди. Бу 2,6 миллионлик [аҳолига эга] мамлакат учун жуда кўп. Айримлар бир неча кун қолишди, айримлар бир неча ҳафта ёки бир неча ой. Ҳозирда бизда 100 минг атрофида украин қочқинлари бор. Мен айтишмни истардимки, ҳеч қандай савол бўлмади, аксинча, одамлар ўз қалби ва уйларини очиб берди, чунки давлат бунча кўп одамга ёрдам бера олмасди. Шунчаки бизда бундай имконият йўқ эди, гарчи урушнинг илк ойларида ҳукуматнинг бир қисми фақат украин қочқинларига ёрдам кўрсатиш устида ишлаган бўлса ҳам.

Аммо бизга кириб келган қочқинларни танимаган оддий одамлар уларни ўз уйларида яшашга таклиф этишди. Ва сизга айтишни истардимки, мутлақо бутун жамият украин қочқинларига ёрдам кўрсатишда иштирок этди. Шундай экан, бу саволга ҳожат йўқ. Бу борада мамлакатимиз якдил.

Молдоваликлар — тинч одамлар ва одамларнинг мутлақ кўпчилиги урушга қарши. Ҳа, сиз Кремл пропагандасига ишонадиган одамлар ҳам топилишини айтишингиз мумкин, аммо Молдова — тинч мамлакат, молдаванлар тинчлик исташади, улар уруш истамайди ва бу бизга мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашга ёрдам беради.

Агар Россия бостириб кирса, Молдова ҳимояланадими?

Бу рўй бермаслиги учун барча ишни қиламиз, жумладан евроинтеграция бўйича режамиз бор. Бу, биринчидан, хавфсизликни таъминлаш режаси, чунки Европа иттифоқи — тинчлик лойиҳаси. Аммо Конституция бўйича тинчликни сақлаш ва фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун биз барча ишни амалга оширишимиз керак, чунки бизда армия бор, мудофаа сектори бор, шунинг учун бу соҳаларга инвестициялар киритамиз. Аммо биз жуда умид қиламизки, бу уруш тезда тугайди ва биз ўз инвестицияларимизни иқтисодиётга ва бошқа соҳаларга йўналтира оламиз, мудофаага янада кўпроқ инвестиция киритиш зарур бўлган вазиятга тушиб қолмаймиз. Биз албатта ўз мамлакатимизни ҳимоя қиламиз.

Санду нима учун ҳеч қачон Путин билан учрашмаган?

Чунки муҳокама қиладиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Урушдан олдин ҳам. Яъни биз ўз масалаларимиз бўйича турли нарсаларни муҳокама қилганмиз, аммо ҳеч қачон учрашув ҳақида гаплашишга етиб бормаганмиз. Мен шахсан у билан ҳеч нарсани муҳокама қилмаганман. Ҳукуматлар даражасида муҳокама қилинган масалалар бўлган. Умуман бу савол кун тартибига чиқмаган.

Биз барчамиз биламизки, Путин Украинада уруш бошлади. Ва у буни якунлаши мумкин, аммо, афсуски, у буни истамаяпти. Мен [Путинда Молдовага ҳудудий даъво борлигини] аниқ айта олмайман. Биз Кремл мулозимлари орасида ҳар хилларини учратамиз, улардан айримлари ҳаттоки Молдова мавжуд эмаслигини айтишади. Биз бундай нарсаларни эшитганмиз. У ерда халқимиз ҳақида ҳурматсизлик қилган ва камситганиб гапирадилар бор.

Биз фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш учун бу ердамиз ва биз ҳамиша фуқароларимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш тутамиз, биз барча билан яхши муносабатларда бўлишни истаймиз. Аммо бизни ҳурмат қилмайдиган, уруш қиладиган, бошқа мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилмайдиганлар билан яхши муносабат ўрнатиб бўлмайди.

«Би-2» мусиқачилари Молдова фуқаролигини сўрашган. Уларга бериладими?

Биз ушбу мамлакат учун ишлашни истайдиган яхши мутахассислар учун очиқмиз. Ҳали уларнинг ҳужжатлари менгача етиб келмаган, агар барчаси жойида бўлса, улар [фуқаролик] олишади. Қонун бизга алоҳида ҳолатларда молдован қони бўлмаганларга ҳам фуқаролик беришга имкон беради… Агар улар қадрли, истеъдодли одамлар бўлишса. Бу ҳолатда, улар биз ҳурмат қиладиган одамлар. Умид қиламанки, барча ҳужжатлар жойида бўлади ва мен уларни имзолайман. Бунинг эвазига улар нима қилиши керакми? Ҳеч нарса. Бу мамлакат манфаатларини ҳурмат қилишса бас. Агар улар шу ерда яшаб, бизнес юритишса, солиқ ҳам тўлашади.

Мавзуга оид