Жаҳон | 14:41 / 08.05.2024
12580
3 дақиқада ўқилади

Молдова президенти “Газпром” қўйган талаб ҳақида: “Қарзимиз 700 млн эмас, атиги 8 млн бўлиб чиқди”

Молдова президенти Майя Сандунинг сўзларига кўра, “Газпром” Молдова томонининг 700 млн доллар қарзи борлиги ва уни тўламаса, газ етказиб бериш тўхтатилишини билдирган. Шундан кейин ҳукумат халқаро аудиторларни жалб қилиб, “Газпром”нинг иддаолари асоссиз эканини исботлаган.

вДудь / YouTube

Молдова президенти Майя Санду россиялик таниқли журналист Юрий Дудга берган интервьюсида мамлакатда 2022 йилда юз берган газ инқирози ва нархларнинг қимматлашиб кетганига сабаб бўлган омиллар ҳақида тўхталиб ўтди.

Сандунинг сўзларига кўра, Россиянинг “Газпром” ширкати Молдова ҳукуматига 700 миллион доллар қарзи борлиги ва уни тўламагунча газ етказиб бериш бўйича янги шартнома имзонланмаслигини маълум қилади. Шундан сўнг ҳукумат халқаро халқаро аудиторларни ишга жалб қилиб, “Газпром” иддаолари асоссиз эканини аниқлайди.

“Нега бундай бўлди? Биринчидан, нархлар бутун Европада ошди. Буни яхши эслаб қолинг. Бошқа томондан, “Газпром” билан шартнома тугаган пайтда биз эндигина ҳокимиятга келгандик ва бошқа муқобил манбаларимиз йўқ эди. Бу, албатта, яхши савол бўлади, нима учун 30 йил давомида олдинги ҳукуматлар газ ва электр энергиясининг муқобил манбаларини таъминлай олмаган.

Ўша пайтда “Газпром” бизга шартномани узайтиришни истамасликларини, ҳукумат 700 млн долларлик қарзни ўз зиммасига олиши кераклигини айтди. Бу “Молдовагаз”нинг қарзи экан.

“Молдовагаз” мамлакатдаги газ тақсимловчи компания бўлиб, “Газпром” унинг асосий акциядори ҳисобланади. Қисқаси, улар бизга сизнинг катта қарзингиз бор дейишди. Текширишимиз кераклигини айтдик, чунки бу қарзлар қаердан келганини билмаймиз. Тасдиқланмаган қарзга имзо чека олмасдик, чунки нарх аллақачон кўтарилган ва жуда баланд эди, лекин қарз ҳам бор эди.

Шунинг учун, халқаро аудиторларни ёлладик. Аудиторлар эса қарз 700 млн доллар эмас, балки 8 млн доллар эканини кўрсатиб беришди”, деди Майя Санду.

Молдова президентининг қўшимча қилишича, айни пайтда улар газни Европа бозоридан эркин нархларда харид қилишмоқда ва энг муҳими, уларда бошқа муқобил манбалар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Reuters агентлиги Ўзбекистон ҳам Россиянинг бошқа бир компанияси “Лукойл”дан газ етказиб бергани учун 600 млн долларга яқин қарз бўлиб қолгани ҳақида ёзганди. Ўшанда “Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодир Сиддиқов бу қарздорликни бартараф этиш бўйича аниқ режалар борлигини айтган.

Мавзуга оид