Тошкентдаги Исроил элчихонасини ёқиб юборишга уринган талаба 5 йилга қамалди
Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг 2-босқич талабаси бўлган 20 ёшли йигит Тошкентдаги Исроил элчихонаси ёнига бориб, уни ёқиб юбориш мақсадида девор оша ичкарига керосин солинган шиша улоқтирган.
Тошкент шаҳрида талаба йигит Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонасини ёқиб юборишга уринди. Суд ҳужжатида келтирилишича, 2004 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети 2-босқич талабаси бўлган А.А. 2023 йилнинг 19 октябр куни эрта тонгда Исроил элчихонасини ёқиб юбормоқчи бўлган.
Йигит ўша куни соат 4:30 лар атрофида ўз мақсадини амалга ошириш учун спорт сумкасига керосин солинган шиша идиш, гантел, икки қути гугурт ва мато бўлакларини солиб, велосипедда элчихона ёнига келиб тўхтаган. Шунда унинг ҳаракатлари элчихона ёнида жойлашган Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ходимларининг эътиборини тортган.
ИИБ ходимлари йигитдан тўхташни сўраган, у эса эса велосипедини бошқарган ҳолда қочишни бошлаган. Ходимлар хизмат машинасида уни кузатиб бориб, тўхтатган ва ИИБ биноси ёнига олиб келишган ҳамда елкасидаги сумкани очиб кўрсатишни сўрашган. Талаба йигит шунда ҳам ўз мақсадига етишиш учун ИИБ ходимларини чалғитиб, сумкасидаги керосин солинган шиша идишни ва бир дона гантел тошини қўлига олиб, элчихона биноси томонга югурган. ИИБ ва элчихона биносини қўриқлаётган Миллий гвардия ходимлари йигитни элчихона эшиги ёнида ушлашган. Бу орада у қўлидаги шишани ва гантел тошини девор устидан элчихона ҳовлиси ичига улоқтиришга эришган.
А.А. судда берган кўрсатмасида 2023 йил октябр ойининг ўрталарида Ғазо секторида Исроил ва Фаластин ўртасида бўлаётган қуролли тўқнашувлар акс этган видеоларни кўра бошлаганини, оқибатда Исроил давлатини ёмон кўриб қолганлигини, ўч олиш мақсадида ушбу давлатнинг Тошкентдаги элчихонасини ёқиб юборишни мақсад қилганини билдирган.
“Аввал керосин солинган бутилкаларни девор орқали элчихона ички ҳовлисига улоқтирмоқчи эдим. Кейин унинг ортидан мато бўлакларини гантел тошларига ўраган ҳолда керосин билан тўйинтириб, уларни ҳам ёққан ҳолда керосинли шиша синган ҳудудга отиб, бу орқали элчихонага ўт қўйишни режа қилдим.
Одамларга ёки элчихонага зарар етказиш ниятим бўлмаган, фақатгина Исроил давлати Фаластиндаги шифохонага бомба ташлагани учун норозилик билдирмоқчи бўлдим. Содир этган ҳаракатларим нотўғри эканини тушуниб етдим”, деган суддаги кўрсатмасида.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг шу йил 19 апрелдаги ҳукми билан А.А. Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024