Жаҳон | 07:55 / 09.05.2024
5483
5 дақиқада ўқилади

Байден Исроилга бир қатор қуроллар етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди

Байден, агар Исроил Рафаҳда ҳарбий операция бошласа, унга айрим турдаги қуроллар етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Исроилнинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлашда давом этади.

Фото: CNN

АҚШ президенти Жо Байден Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий амалиёт бошласа, унга айрим турдаги қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. «Мен аниқ айтдимки, агар исроилликлар Рафаҳга кирса - улар ҳали буни қилмади - мен уларга тарихан бундай операциялар учун фойдаланиладиган қуролларни бермайман», деди Америка раҳбари чоршанба куни CNN телеканалига интервюсида. 

Байденнинг айтишича, Рафаҳ операцияси «нотўғри». «Биз бунинг учун қурол ва артиллерия ўқ-дориларини бермоқчи эмасмиз», деб таъкидлади Оқ уйнинг амалдаги раҳбари. 

Шу билан бирга, у Қўшма Штатлар Исроилга мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш учун зарур бўлган барча нарсаларни, хусусан, «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизими учун етказиб беришда давом этишига ишонтирди. «Биз Исроил хавфсизлигини таъминлашдан бош тортмаймиз, аммо биз унинг ҳудудларда (масалан, Рафаҳда) уруш олиб бориш қобилиятини қўллаб-қувватлашдан бош тортамиз», деди Жо Байден. 

АҚШ аллақачон баъзи қуроллар етказиб беришни тўхтатиб қўйди

Аввалроқ АҚШ Исроилга оғирлиги 907 кг бўлган 1800 та ва 226 килограммли 1700 та бомба етказиб беришни кечиктиргани маълум бўлган эди. Байден CNN телеканалига берган интервюсида Ғазо секторида бундай бомбалардан фойдаланиш натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтди. АҚШ президенти ЦАҲАЛ бу бомбалардан Рафаҳга ҳужум пайтида фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади The New York Times манбаларга таяниб. NYT маълумотларига кўра, Вашингтон Исроилга бундай бомбалар учун йўналтириш тизимларини етказиб беришни тўхтатиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. 

CNN қайд этишича, Байден Исроилга қурол етказиб беришни чеклашни ва Ғазо секторида юзага келган гуманитар инқирозга ишора қилаётган демократ партиядошлари томонидан кучли босим остида. 

Исроил Ғазо секторидаги «Рафаҳ» ўтказиш пунктини эгаллаб олди 

7 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг жанубий қисмида Миср билан чегарадош «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устидан «тезкор назорат» ўрнатилгани ҳақида эълон қилди. Исроил оммавий ахборот воситалари назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устида Исроил байроғи ҳилпираб тургани акс этган кадрларни намойиш этди. 

6 май оқшомида Исроил ҳарбийлари Рафаҳнинг шарқий қисмига «мақсадли зарбалар» бергани, натижада ҲАМАС гуруҳининг 20 нафар жангчиси йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди. Аскарлар учта туннел шахтасини ҳам топди. Исроил армияси вакили айтишича, тинч аҳолининг катта қисми аллақачон Рафаҳдаги эвакуация зонасини тарк этган.

Бир кун олдин Исроил Рафаҳдан тинч аҳолини эвакуация қила бошлади, у Исроилда ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги сўнгги таянч нуқтаси деб аталадиган бу шаҳарга ҳужум қилишга ҳозирлик кўряпти. Иттифоқчилар кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлишидан ташвишланиб, Исроилни ҳарбий операциядан воз кечишга чақирди. Бир миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар Ғазо секторидаги жанглардан қочиб, Рафаҳга етиб келган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 34,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид