Жамият | 08:32 / 09.05.2024
11251
3 дақиқада ўқилади

Бухорода содир этилган қотиллик жинояти фош этилди

Бухоро вилояти Когон туманида бедарак йўқолган эркак синфдоши томонидан ўлдирилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Фото: ИИБ

2024 йил 15 январ куни Бухоро вилояти Когон туманининг Баҳовуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи фуқаро туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, акаси Х.А. 2024 йилнинг 7 январ куни тахминан соат 19:30 ларда яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганлигини билдирган.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тезкор тергов гуруҳи тузилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ҳуқуқ-тартибот органларида бу воқеликда қотиллик аломатлари мавжуд деган тахмин пайдо бўлди. Шу сабабли Когон тумани прокуратураси томонидан 2024 йилнинг 20 январ куни ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳам бошлаб юборилди.

2024 йилнинг 7 январ кунидан 24 январ кунига қадар бўлган вақт мобайнида бедарак йўқолган фуқарони топиш мақсадида вилоят ҳамда туман прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий ички ишлар органлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тааллуқли идораларнинг тажрибали ходимларидан иборат тузилган тезкор-тергов гуруҳлари томонидан бир қатор тезкор суриштирув, қидирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Қотиллик дея тахмин қилинаётган ҳолатга алоқадор ашёвий далилларни топиш мақсадида жиноят содир қилинган жойга яқин ҳудудлардан ўтган зовур (захкаш), ариқ ва канал сувлари тўсилиб, суви тўхтатилиб тозаланди, қаровсиз бино ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва уларнинг ён атрофлари кўздан кечирилди.

Барча қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар, муқаддам ушбу турдаги ёки шунга ўхшаш жиноятларни содир қилган ёки содир этишга мойил дея ички ишлар органлари, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг махсус ҳисобида турувчи шахслар ўртасида тезкор профилактик, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Қидирув-суриштирув ишларининг 17-кунида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати ва Когон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу ҳолатда ҳақиқатдан ҳам қотиллик жинояти содир этилганлиги ўз тасдиғини топди. Жиноятни содир қилган гумондор шахс ҳам аниқланди.

Ушбу қотилликни содир қилган шахс бир неча маротаба судланган, жабрланувчининг ён қўшниси, бир мактабда ўқиган синфдош дўсти бўлиб, спиртли ичимлик таъсирида ўзаро келиб чиққан келишмовчилик оқибатида ўз дўстини уриб, дўппослаши натижасида умрига зомин бўлган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатмаларини воқеа жойида текшириш тергов ҳаракати ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан тўлиқ исботланиб, жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар жазонинг муқаррарлигини таъминлаш учун жиноят ишлари бўйича Когон туман судига юборилган.

Мавзуга оид