Ўзбекистонда йил охиригача 250-300 минг киши меҳнат миграциясидан қайтиши прогноз қилиняпти
Президент мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Президент бандлик ва аҳоли даромади масаласи биринчи даражали аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлаб, бу борада оқсоқликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирди.
Яна бир муҳим масала – тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси.
Жорий йилнинг январ-март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаро қайтиб келган. Йил охиригача яна 250-300 минг нафари қайтиши прогноз қилинмоқда.
Уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Муҳокама қилинган вазифалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
Мавзуга оид
18:22 / 24.12.2024
Россиядаги мигрант болаларга рус тили имтиҳони қачондан бошланиши белгиланди
17:05 / 24.12.2024
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
17:17 / 23.12.2024